ADOLAT 24

Тараққиётнинг адолатли танлови

Gulruh Agzamova, 

Oliy Majlis Qonunchilik palatasidagi

“Adolat” SDP fraktsiyasi a’zosi

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон халқи учун Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсади – мазкур жараённи умуммиллий ҳаракатга айлантирди, демократик ислоҳотларни ўзидан бошлашга руҳлантирди. Зеро, мақсаднинг аниқлиги – ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истакдан пайдо бўлиб қоладиган оддий ҳодиса эмас. Балки бунинг тарихий илдизлари, асослари бор. Келажак учун белгиланган аниқ режалар мавжуд. Бу мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратлиги Ўзбекистон Рес­публикасининг янги сайланган Президенти Ш.Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида ўз исботини топди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида қурилади. Тараққиётнинг асл стратегияси ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қад­рият деб белгилашидадир. Зеро, ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай ташаббуслар, ҳар қандай таклиф-мулоҳазалар замирида инсон, унинг манфаатлари, қадри, ғурури, розилиги турганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу мақсадда ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стретегик йўлимизни янада изчил давом эттириш ҳар биримиздан интизом, масъулият, қатъиятлик, куч ва иродани талаб этади.

Ўзбекистон халқининг ўз тараққиёти учун кейинги беш йилликка қилган адолатли танлови инсонни қадрлашдаги янги имкониятларни кун тартибига қўйди.

Жумладан, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимиздаги барча аҳолининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси илгари сурилмоқда. Жойларда халққа яқин тизим бу – маҳалла. Шу асосда маҳалланинг ваколатлари ва мажбуриятлари қайта кўриб чиқилиб, эндиликда маҳалла ўзининг асл вазифаси, яъни маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оиладаги соғлом муҳитни шакллантиришга масъуллиги белгиланмоқда.

Демак, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш услубига эҳтиёж тубдан ўзгартирилади. Муаммога оид мавҳум ёки ёлғон кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилиши, мақсадли, манзилли ва тизимли ёрдам кўрсатилиши услубияти ва моддий таъминоти такомиллаштирилади.

Инсонпарварликнинг талабларидан бири бу – эътиборлилик, ҳурмат. Шу маънода фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида инобатга олиш, ўз мурожаати ечимига умидвор бўлиб турган инсон қад­рига беписандлик қилмасдан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, лоқайд вазирлик, идоралар мутасаддилари хатти-ҳаракати устидан парламент назоратини ўрнатиш, бунда Жамоатчилик палатаси, Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кун мавзусидир.

Сўнгги йилларда дунёга ўзининг очиқлиги ва ошкоралик сиёсати билан танилиб бораётган юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда мазкур имкониятлар такомиллаштирилиб, ҳудудлар ривож­ланишида ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда уларнинг фаол иштироклари юзасидан аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.

Гап ана шу янгиликлар ва енгилликлар натижаси ўлароқ халқнинг ташаббусларини, хоҳиш-истакларини олиб чиқиш, яшаётган ҳудудни обод қилишда ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш, бир туп дарахт экса ҳам наф келтириш, бир етимнинг бошини силаса ҳам ич-ичидан ҳурланиш, адашганни тўғри йўлга солса, ўз-ўзидан ғурурланиш англашилиб туриши керак.

Майли, жуда бўлмаганда халқнинг эмас, ўзимизнинг юкимизни ўзганинг елкасига ортмайлик. Қадримизни туширмасдан, қаддимизни букмасдан, ҳуқуқимизни камситмасдан янги халқчил ва инсонпарвар давлатимизни биргаликда барпо қилайлик. Чунки уни кўкларга кўтариш ҳам, унга бошқаларни ишонтириш ҳам барчамизнинг, ҳар биримизнинг қўлимиздадир.

Tegishli xabarlar

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари кенгашлари)

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ ҲАҚИҚИЙ АЪЗОЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Тарих илмининг фидойиси

admin