ADOLAT 24

Ҳамжиҳатлик — эзгу мақсадлар ифодаси

Maqsud QURBONBOEV,

Oliy Majlis Qonunchilik palatasidagi

“Adolat” SDP fraktsiyasi a’zosi

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимига киришишига бағиш­ланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимиз тараққиётининг келгуси беш йиллигида ҳаётга татбиқ этиладиган муҳим ташаббус ва халқчил ғоялар илгари сурилди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланиши эълон қилинди.

Шу ўринда бир мулоҳаза, бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривож­ланиши учун шарт-шароит­лар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу стратегиянинг ҳар бир йўналиши амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди. Унинг натижалари эса бугунги ҳаётимизда яққол намоён бўлиб турибди.

Тўғри, ўтган даврда айрим соҳа ва йўналишларда камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бу табиий ҳол, албатта. Ривожланиш, тараққиёт сари интилиш бор экан, илғор ғоялар, ташаббуслар бўлади. Улар амалиётга татбиқ этилишининг ўзи оддий одамлар ҳаётида ўзгаришлар юз беришидан далолатдир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам ўзимизники. Уларни бартараф этишда, албатта, бир ёқадан бош чиқариш, бир мушт бўлиб ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади”, деган доно фикрларини келтириб, барчани фаол, юракдан ишлашга чорлагани ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимизда ҳамжиҳатликда бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада давом эттириш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этиш учун маърузада белгиланган режаларни ҳар бир юртдошимиз чақириқ дея қабул қилиши лозим. Бу, ўз нав­батида, ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стратегик йўлимизни янада изчил давом эттиришимиз, минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни асрашга, дунёда рўй бераётган мураккаб ва қалтис вазиятда тинч ва осойишта ҳаётимизни мустаҳкамлаш учун янада жипс­лашиб, дадил ва қатъий ҳаракат қилишга ундайди.

Tegishli xabarlar

Йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлмайлик!

admin

Вазирдан асослантирилган жавоб тақдим этиш сўралди

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

admin