ADOLAT 24

Ислоҳотлар давом этади

Zuhra IBRAGIMOVA,

Oliy Majlis Qonunchilik palatasi Spikeri o’rinbosari,

“Adolat” SDP fraktsiyasi rahbari

Дарҳақиқат, ҳаммамиз кўриб-билиб, ҳис этиб турибмиз, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти лавозимига сайланиши мамлакатимизда Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг юксак эътирофидир.

Юртимизда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилган тарихий Президент сайловида 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлатнинг мингга яқин вакиллари халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди. Шунингдек, 1700 га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини бевосита ёритиб борди. Уларнинг барчаси, сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, юқори савияда ўтганини қайд этишгани бизни мамнун этди, албатта.

Янги сайланган Ўзбекистон Президенти ўз нутқида сайловда фаол иштирок этган Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси номзодларига алоҳида миннатдорлик билдиргани бизни янада мамнун этди. Зеро, Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “Биз сайлов жараёнида ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, сиёсий партиялар билан фаол ҳамкорлик қиламиз. Уларнинг сайлов­олди дастурларидаги муҳим амалий ғоя ва таклифлар келгуси фаолиятимизда эътиборимиздан четда қолмайди”.

Чиндан ҳам биз энди янада жипс бўлиб бирлашамиз ва бутун кучимизни, саъй-ҳаракатларимизни, иқтидоримизни ягона улуғ мақсадимиз бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек, “Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!”

Давлатимиз раҳбари маърузасининг яна бир эътиборли жиҳати шунда бўлдики, мамлакатимиз етакчиси бундан кейин ҳам “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш ўз фаолиятининг бош мезони бўлиб қолишига урғу берди.

Инсон қадри… Нақадар улуғвор, кенг, серқатлам, мазмун-моҳияти улкан тушунча. Инсон бу дунёда ўз қадрига эга бўлиб яшагандагина тўлақонли ҳаёт кечиради, Инсон бўлиб яшайди. Президентимиз ўз нутқида бу тушунчани янада ёрқинроқ ва янада кўламлироқ ифодалади: “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинлик­ларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз”.

Дарҳақиқат, етакчи учун бундан улуғ мақсад, бундан устуворроқ вазифа бўлмагай. Зеро, Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги ҳам буюк бўлгусидир.

Яна бир ўта муҳим янгилик шуки, Президентимиз ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойилни асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегия­­си миллий ривож­ланишимизнинг янги босқичини бошлаб бериши шубҳасиз.

Маърузада Президентимиз таъкидлаганидек, биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз. Чунки Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик, ҳар қайси фуқаронинг фикри биз учун ўта муҳимдир.

Шунингдек, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади. Бунинг учун давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади.

Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш сиёсий кучларнинг, хусусан, “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлисдаги фракцияси аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Президентимиз маърузада тилга олган кўп масалаларнинг партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизга янада яқин бўлган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда, бир сўз билан айтганда, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда фракциямизнинг ҳар бир вакили фаол иштирок этади, албатта.

Tegishli xabarlar

“ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ” билан ЭМЛАНДИНГИЗМИ?

admin

Коронавирус янги штамми қанчалик хавфли?

admin

Вакцина олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлатилди

admin