ADOLAT 24

Бош мақсад – ташаббус ва амалий ҳаракат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда депутатлар томонидан Янги сайланган Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи бандма-банд кўриб чиқилди ва ундан келиб чиқадиган фракциянинг олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, Президентимиз маърузасининг бош ғоя­­си халқимиз билан биргаликда бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттириш ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтиб бўлмаслиги тамойилининг асосий мақсад қилиб белгилангани бўлди. Бунда Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қад­ри учун” деган устувор ғояни тўла рўёбга чиқариш барчанинг фаолияти асосий мезонига айланиши шартлигини депутатлар эътироф этишди.

Маълумки, бугун халқимиз мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қарамоқда. Бунда ҳар бир фуқаромиз ислоҳотларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўриш ва унда иштирок этишни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилиб, сайлов жараёнида бу стратегия асослари умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Депутатлар айтиб ўтганидек, бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этишимиз, албатта, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегия­­си миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беришида муҳим роль ўйнайди. 

Йиғилишда таъкидлаб ўтилганидек, эндиликда мамлакатимизда маҳаллий бош­қарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилиши белгиланмоқда. Яъни давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Бундан ташқари, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради. Йиғилишда ушбу вазифаларни амалиётга жорий этишда депутатлар ўз ташаббус­лари билан иштирок этиши белгилаб олинди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар алоҳида муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.

Маърузада Олий Мажлисга Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш билан боғлиқ муҳим вазифалар қайд этилгани, бевосита фракция депутатларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди. 

Йиғилишда депутатлар юқоридагилардан келиб чиқиб, бундан буён сайловчилар учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмасдан, балки маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда мурожаатларни тизимли равишда ҳал қилиш чораларини кўриш, жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб тегишли вазирлик, идоралар раҳбарларига аниқ ва кескин масалаларни қўйишлари ва ижро ҳокимияти вакилларининг таъсирчан чоралар кўришини назоратга олишлари ҳам белгиланди.

Яна бир муҳим вазифа – давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мус­тақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кўпгина вазифалар ҳам ўз ижросини кутмоқда.

Шу маънода депутатлар келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш­лари, судларни чин маънода хусусий мулк ҳимоячисига айлантириш, ижро органларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишда ташаббуслар кўрсатишлари белгиланди. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи нав­батда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилиши аниқ.

Айниқса, халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишда ҳам депутатлар олдида улкан вазифалар турганлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Tegishli xabarlar

⚡️Тезкор хабар

admin

Олималарнинг экспертлар гуруҳи кенгаядиган бўлди

admin

ТИЛ

admin