ADOLAT 24

Халққа хизмат — давр талаби

Inomjon QUDRATOV,

Oliy Majlis Qonunchilik palatasidagi

“Adolat” SDP fraktsiyasi a’zosi:

XX аср дунё адабиётининг забардаст вакилларидан бири Франц Кафка айтганидек, “Одамлар билан мулоқотда бўлиш ўзинг­­ни англашингга олиб келади”. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайловчилар билан учрашиш бахти насиб қилаётганидан беҳад мамнунман. Сабаби, бундай учрашувлар биз, депутатларга ўз устимизда ишлашга, халқимизнинг ташвиш ва муаммоларини бартараф қилишга хизмат қиладиган мукаммал, пишиқ, пухта қонунларни ишлаб чиқишга, бир сўз билан айтганда, ўзимизга, ўз фаолиятимизга четдан туриб баҳо беришга ундайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ асосий масалаларни ўз ичига олган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида амалга ошириладиган ислоҳотлар юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши Тараққиёт стратегиясининг биринчи устувор вазифаси сифатида белгиланди.

Яқин истиқболда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади, яъни давлат функция­ларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Бундан ташқари, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади.

Бундай ислоҳотларнинг амалга оширилиши, биринчидан, маҳалла тизими ходимларини ўз хизмат лавозимига кирмайдиган топшириқлар, ортиқча юкламалардан халос қилади. Иккинчидан, маҳалла раислари турли хил қоғозбоз­ликлар, расмиятчиликлардан қутулади. Тан олиш керак, аксарият маҳаллаларда раислар ва уларнинг ёрдамчилари турли масалаларга оид ҳисоботларни тайёрлаш, фақатгина “юқоридан” бериладиган топшириқларни бажариш билан чекланиб қолиши оқибатида улар ўзларининг асосий вазифаларидан чалғишига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Учинчидан, бу ўзгариш натижасида маҳаллалардаги муаммоларга юқоридан туриб, юзаки баҳо бериш ҳолатларига барҳам берилади. Президентимиз томонидан “Ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт” деган аниқ ташаббус ва талаб илгари сурилар экан, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча равишда “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”лигига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, маърузада Олий Мажлисга Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш билан боғлиқ муҳим вазифалар қайд этилгани, биз, депутатларнинг масъулиятини янада оширади. Бундан буён биз, халқ вакиллари сайловчилар билан учрашувларда аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмаслигимиз кераклигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Аксинча, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда мурожаатларни тизимли равишда ҳал қилиш мақсадида тегишли вазирлик, идоралар раҳбарларига аниқ ва кескин саволларни ўртага ташлашимиз, тез-тез учраётган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти вакилларидан таъсирчан чоралар кўрилишини талаб қилишимиз керак.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекис­тонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларини ўзида қамраб олган маърузада билдирилган фикр ва таклифлар, вазифалар ҳар биримизни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка, ҳали халқимиз, ҳар бир маҳалла, оила, инсон турмушини яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз кўп­лигини яна бир бор ёдга солди. 

Tegishli xabarlar

Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

admin

Тараққиёт йўлидаги тўсиқ

admin

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент шаҳри)

admin