ADOLAT 24

Ўзбекистон ислоҳотчи давлатга айланмоқда

Ўзбекистонда сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Натижада тадбиркорлар сони бир неча баробар кўпайиб, кўплаб янги корхоналар ташкил этилди. Чунки, кейинги беш йилда мамлакатимизда бизнес, тадбиркорлик ва хусусий мулкни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш устувор вазифага айланди.

Айниқса, ёшларга эътибор берилгани туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар сафи 500 минг нафардан ошгани ушбу соҳа ривожида муҳим ўрин эгалламоқда. Қайд этиш лозимки, жорий йилда 92 мингдан зиёд ёшларнинг лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани тадбиркор ёшларимиз сафини янада кенгайтиришга хизмат қилди. Бундан ташқари, қиш­лоқларда ёшларга 10 сотихдан 1 гек­таргача ер майдонлари ажратиб берилмоқда. 

Шу йилнинг 8 ойи мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади. 

Шу сабабдан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сезиларли даражада ўзгармоқда, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Хусусан, мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида, илғор хорижий тажрибалар ўрганилиб, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди. 

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида:

– тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади;

– тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади;

– тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбар ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади;

– тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор тузган битимлардан бош тортиш, уларнинг ҳақиқий эмаслиги шартлари тартибга солинади;

– суд бошқарувчилари ўз мажбуриятларини бажаришда қўшимча ҳуқуқларга эга бўлиб, улар фаолияти натижалари рағбатлантирилади;

– жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳамда улуш киритиш асосида кирувчиларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилади.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлигини оширишга алоҳида аҳамият берилди.

Қисқа қилиб айтганда, кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвес­торлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш-2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Ҳақиқатан ҳам, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўли, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг пировард мақсадига айланди.

 Дилшод Ҳамзаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП 

фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ОДИЛ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Билдирилган ишончга муносиб бўлиш йўлида

admin

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Биринчи мақола)

admin