ADOLAT 24

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

Жорий йилнинг 25 октябрида “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг якуний натижаларига бағишланган брифинг ўтказди. Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови ниҳоясига етгани ва бу сайлов олдингилардан янгича руҳда ўтгани хусусида фикр билдирди:

 — Юртимизда ва олис хорижий мамлакатларда ташкил этилган сайлов участкалари орқали бевосита Президент сайловида иштирок этган барча сайловчилар, айниқса, азиз нуронийларимизга, онахон ва отахонларга, дилбар аёлларимизга, навқирон ёшларимизга ҳамда “Адолат” СДП хайрихоҳлари ва тарафдорларига миннатдорлик изҳор қиламиз.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги ушбу муҳим сиёсий жараённи кузатиб борган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижлик кузатувчиларга ҳам алоҳида раҳмат айтмоқчимиз.

Президент сайлови янги Ўзбекис­тонга хос мутлақо янги сиёсий-ҳуқуқий муҳит, янги ижтимоий-иқтисодий шароитда, юксак ташкилий савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик норма ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди. 

Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, халқ ҳокимиятчилиги инс­титутини мустаҳкамлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга катта эътибор қаратилиб, сиё­сий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла ва оммавий ахборот воситаларининг мавқеи ошди.

Ушбу янгиланишларнинг замирида, аввало, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар мужассам. 

Давлат бошқаруви соҳасида одамларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. 

Натижада барча соҳа ва тармоқлар, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллаларга янгиланишлар нафаси кенг кириб борди. 

Бугун Ўзбекистон улкан янгиланиш­лар ва бунёдкорлик ишлари мамлакатига айланиб бормоқда. 

Ушбу Президентлик сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир. 

У тенглик, очиқлик ва ошкоралик каби халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик принципларига тўлиқ мос равишда, том маънода кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат муҳитида кечди. 

Ушбу сайлов янги даврда юртимизни модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга қаратилган сиёсатнинг изчил мантиқий давоми бўлди. 

Сайлов куни партиямизнинг барча даражадаги сайлов штаблари тўлиқ таркибда фаолият олиб борди. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларимиздан келган ахборот ва маълумотлар партиямизнинг марказий штабида умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилди. 

Шунингдек, республика бўйича барча сайлов участкаларида партия­миздан 11 мингдан ортиқ кузатувчи ва яна шунча ваколатли вакиллар овоз бериш жараёнларини кузатиб борди. 

Сайлов жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича партия марказий штабига ва ҳудудий штабларга мурожаатлар келиб тушмади.

Ишончимиз комилки, ушбу сайлов мамлакатимизда ислоҳотларнинг бардавомлиги кафолати, адолат ва тараққиёт томон қўйилган яна бир муҳим қадам бўлиб қолади. Бир сўз билан айтганда, сайлов демократик принцип­ларга тўла мос ҳолда, адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида бўлиб ўтди.

Шу ўринда, сайлов кампанияси даврида барча номзодларга сайлов­олди ташвиқотини амалга ошириш учун кенг имкониятлар ва тенг шароит­лар яратилгани, партиялар томонидан сайловолди ташвиқотини ҳеч қандай тўсиқларсиз, эркин амалга оширганлигимиз ҳамда сайловнинг юқори даражада ташкил этгани учун Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига миннатдорлик билдиришни ўринли деб ҳисоблаймиз.

Сайловолди тарғибот-ташвиқот жара­ёни очиқ ва ошкора муҳитда ўтди, биз партиямизнинг социал-демократик анъаналарига мос ғоя ва таклифларни халқимиз эътиборига, ўз электоратимиз диққатига эмин-эркин етказа олдик, ўзимиз учун кўплаб хулосалар қилдик. 

Қолаверса, сайловолди ташвиқотини самарали ташкил этиш ҳамда сайловолди дастурий ғояларимизни кенг тарғиб этишда матбуот, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнади. 

Шу боис сайловни ёритиб борган барча оммавий ахборот воситаларига, соҳанинг асл фидойиларига ҳамда блогерларимизга ҳам ташаккур айтамиз.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, сайловчилар сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро рақобатни, бир-биридан фарқ қилувчи дастурий ғоя ва мақсадларини очиқ ва ошкора сайловолди жараёнлари орқали бевосита кузатиб бордилар. 

Партияларнинг позициялари ва дас­турлари бир-бирига ўхшаш эмаслиги, ғояларнинг хилма-хил эканини ўзлари кўрдилар. 

Албатта, ҳар қандай сайлов натижаларини сайловчилар берган овозлар ҳал қилади. Сайлаш ҳуқуқига эга кўплаб юртдошларимиз сиёсий ҳуқуқидан фойдаланди ва юртимиз келажак йўлини танлади.

Сайлов ҳар қачонгидан жуда кўтаринки руҳда ва фаолликда ўтди, фуқароларимиз ўз хоҳиш-иродаларини намоён этиб, эмин-эркин ўзи танлаган номзодга овоз берди. 

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра биз 3,4 фоиз овоз олдик. Бу – Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва танлови. Биз халқимизнинг танловини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз.

Эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик корпусларимиз орқали олдимизга қўйган мақсадларимиз ижросини таъминлаш ва электоратимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида меҳнат қиламиз. 

Мен фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод, ҳурматли Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти юксак лавозимига сайланганликлари муносабати билан барча партиядош­ларимиз номидан қизғин муборакбод этаман. 

Она юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги учун мен барчани сайланган Президент атрофида бирлашишга ва у кишини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда биргаликда Янги Ўзбекистонни барпо этишда сидқидилдан хизмат қилишга чақираман.

Мен ва бизнинг партия ҳам ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг ғояларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида самарали ҳамкорлик қилишга ва биргаликда иш олиб боришга ҳар доим тайёрлигимизни билдирамиз.  

Tegishli xabarlar

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ ЗИЁЛИСИ

admin

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси (давоми)

admin

ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЮРТИМИЗНИНГ ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ЁШ АВЛОД ВАКИЛЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin