ADOLAT 24

МОЛИЯ СОҲАСИГА янгича ёндашувлар

Яқинда жаҳоннинг йирик халқаро молия ташкилотларидан бири — Ислом тараққиёт банкининг Бошқарувчилар кенгаши 46-йиллик йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун мазкур халқаро ташкилот гуруҳига кирувчи мамлакатлардан вазирлар ва юқори лавозимли шахслар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, 2 мингдан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари юртимизга келди.

Ушбу халқаро молия ташкилоти, унинг ташкил қилиниши тўғрисида айтадиган бўлсак, бу ҳам давр тақозоси, ислом анъаналарига содиқ қолган ҳолда сармоядорлар маблағидан биргаликда фойдаланиш, шерикликда фойда олиш имкониятини бериши билан аҳамиятлидир. 

Ислом тараққиёт банки 1973 йилнинг 18 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра таъсис этилган ва 1975 йил октябрь ойи­­да ўз фаолиятини бошлаган.

Банк ташкил этилган вақтда унинг аъзолари 22 та мусулмон давлатидан иборат бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб, унинг иштирокчи аъзо давлатлари сони 57 тага етган. Ўзбекистон 2003 йилдан буён ташкилотга аъзо.

Ислом тараққиёт банкининг асосий вазифаси аъзо мамлакатларда ислом дини талабларига мувофиқ бўлган ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ислом дини анъаналари асосида фаолият олиб борувчи банкнинг йиллик йиғилиши юртимизда бўлиб ўтгани аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган халқимизда, тадбиркорларимизда, шахсий жамғарма эгаларида мавжуд сармояларидан ислом ақидаларига содиқ қолган ҳолда фойдаланиш, ундан фойда олиш имконини яратиши билан ҳам катта қизиқиш уйғотиши табиий.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлганидан буён бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган ва улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.

Анжуманда “Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача  – яшил коридор” номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди. Шунингдек, халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш лозимлиги, “пост-ковид” даврида аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш, бу борада Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармасининг салоҳияти ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш ва минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш зарурлиги хусусида таклифлар билдирилди.

Таъкидланишича, Ислом тараққиёт банки ва Саудия Арабис­тони Подшоҳлиги ҳукуматининг кўмаги билан мазкур анжуман доирасида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдиган янги лойиҳа – Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзоланган. Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма ёшларимиз, аёлларимиз ва қиш­лоқ аҳолисини тадбиркорликка жалб қилиш учун  зарур шароитлар яратишга хизмат қилади. 

Анжуманда Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилиб, 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ва амалга ошириш ҳамда Тошкент шаҳрида ИТБнинг тўлақонли ваколатхонасини ишга туширишга келишиб олинди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, исломий анъаналар асосида фаолият олиб борувчи мазкур халқаро молия ташкилотининг Ўзбекистонда ваколатхонаси очилиши ёки келгусида юртимизда исломий банклар фаолият бошлаши ислом дунёси ривожига энг кўп ҳисса қўшган, ислом оламига энг кўп буюк олимлар етказиб берган Ўзбекистон халқи фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонамиз.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Tegishli xabarlar

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin

КОНСТИТУЦИЯГА ТАКЛИФЛАР ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЛАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

admin

АҲОЛИГА МАЪМУРИЙ ЖАРИМАЛАРНИ ТЎЛАШДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ҲАМДА СОҲАДА КОРРУПЦИОН ОМИЛЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin