ADOLAT 24

“Шукр қил” фильми премьераси ўтказилди

Инсон онги, қалбига кучли таъсир кўрсата олувчи беқиёс қудрат ва имкониятларга эга бўлган кино санъати жуда оммабоплиги билан ажралиб туради. Тўғри танланган мавзу, ғоя, режиссёрлик ечими, актёрлар маҳорати каби умумлашмалар фильмнинг томошабинлар эътиборини қозонишида муҳим омил ҳисобланади. Ёш авлодни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, маънавиятимизни юксалтириш ҳамда одамларнинг дунёқарашини кенгайтиришда ҳам кино санъати муҳим ўрин тутади. 

Яқинда Каттақўрғон шаҳридаги драма театрида истеъдодли режиссёр Ферузбек Абду­­­­раимов томонидан тас­вирга олинган “Шукр қил” фильмининг тақдимоти ўтказилди. Фильм премьерасига кенг жамоатчилик вакиллари, кино ихлосманд­лари ташриф буюрди. Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайипов сўзга чиқиб, Каттақўрғонда илк бор суратга олинган қисқа мет­ражли фильм ижодкорларига муваффақият тилади.

“Шукр қил” фильми каттақўрғонлик фахрий ўқитувчи Саодат Исанова қаламига мансуб “Тарбиявий туш” асари ва Бобур Ҳамроев сценарийси асосида яратилган, ролларни Каттақўрғон шаҳар драма театр­ининг истеъдодли актёрлари ижро этишган. 

Ушбу фильмда бугунги кунда энг долзарб ва оғриқли масалалардан бири бўлган фарзандларига меҳр бериш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш ўрнига пул топиш илинжида чет давлатга ишга кетишни афзал билган аёл, бундан дарғазаб бўлган ота, бир фарзанднинг ҳаётдан эрта кўз юмишига олиб келган оилавий муносабатлар, бахтсиз оила қисмати акс этган.

“Шукр қил” фильмини томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилди.

— Бундай воқеа-ҳодисалар ҳаётимизда кўп учрайди. Ҳақиқатан ҳам бугун айрим ота-оналар ўз мажбуриятлари ва бурчларини билмаслиги, фақат пул топишни мақсад қилиб, фарзанд тарбиясига эъти­борсиз бўлиши оилаларнинг бузилишига ва бундан болалар азият чекишига олиб келаяпти. Фильмдаги ғоялар актёрлар томонидан маҳорат билан талқин қилинган, шу боис менда яхши таассурот қолдирди, — дейди биз билан суҳбатда томошабинлардан бири Н.Салимова.

Биз кино ихлосмандлари номидан “Шукр қил” фильми ижодкорларга омад тилаб, улардан янги асарлар кутиб қоламиз.

Нилуфар Мирзаева,

“Adolat” мухбири

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

admin

Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги буюк бўлади

admin

ҚАШҚАДАРЁ: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР 

admin