ADOLAT 24

…АЛЛО, ДАДА, ҚАЕРДАСИЗ?

Тасодифан эски танишим Нақибжон билан учрашиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимиздан сўнг, у менга қуйидаги воқеани айтиб берди: 

– Санжар билан бир синфда ўн йил бирга ўқиганман. У жудаям қобилиятли бола эди. Дарсда ўқитувчи берган сабоқ миясига муҳрланиб қоларди. Математикада унинг олдига тушадигани йўқ эди. Ёдгор амаки ёлғиз ўғлини еру кўкка ишонмай ўстирди, улғайтирди, ўқитди. Иккимиз педагогика олийгоҳини битирдик. Мен тарихчи, у математик бўлди. Ўқишни битириб қишлоққа қайт­дик, мен тарихдан, дўстим математикадан дарс бера бошладик. Ўқувчилар билан ишлаш ҳам мароқли, ҳам ўта машаққатли эди. Токи касбимизнинг ҳадисини олгунча, осон кечмади. Мен мактаб ҳаётига кўникиб кетдим. Лекин Санжар кўника олмади. Қачон қарасанг, нимадандир кўнгли тўлмаётгандек юрарди. 

– Мендан ўқитувчи чиқмайди, шекилли, – деди бир куни Санжар.

– Нега? Яхши ишлаяпсан. Ўқувчиларинг орасида сенга эргашганлар бор, – дедим ҳайрон бўлиб. – Ахир, не орзу-умидлар билан ўқидинг. Шу касбни ўзинг танладинг. Биров сени мажбур қилгани йўқ. Ота-онангнинг олдидасан.

– Тўғри, ўзим танлаганман бу касбни. Лекин энди режам ўзгарди. 

– Нима қилмоқчисан? 

– Шу-у-у, сенга айтсам, кўпроқ пул топадиган иш билан шуғулланмоқчиман. Ҳаётни кўряпсан-ку, ўртамиёна яшаган одамнинг аҳволини. Менам одамларга ўхшаб машина минишни, данғиллама уй-жой қуришни хоҳлайман. 

– Уй-жойинг ҳеч кимникидан кам эмас-ку, ошна. Машина ҳам бир гап бўлар. Дарахт бир жойда кўкаради. Ҳаммасига бирданига эришиб бўлмайди. Аста-аста…

– Ке, қўй! Насиҳатдан зерикканман! – гапимни бўлди Санжар. – Ҳаммасини бошдан бошлайман.

Санжар мактабдан кетди. Калласи бутун бола эди. Иқтисодиётга топшириб, яна ўқиди. Орада бир бойваччанинг қизига уйланди. Тўй жуда тантанали ўтди. Қайнотаси тагига машина миндириб қўйди. Келин-куёв шаҳарга кўчиб кетишди. Ота-онаси: «Майли, ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам тинч бўлсанг бўлди», деб ортидан мўлтираб қолишди. 

Орадан йиллар ўтди. Ўзим билан ўзим овора бўлиб юрган бир пайтда Санжарни учратиб қолдим. Юзлари тўлишиб, салобатли бўлиб кетибди. 

– Иккинчи институтни битириб мақсадингга эришдингми? Қаерга жойлашдинг? Кўринмайсан…

– Ишимни аллақачон топганман, – деди мамнун ҳолда Санжар. – Ҳозир ёғли жойда бўлим бошлиғиман.

– Амалдор бўлганинг билиниб турибди, – дедим унинг ғурурдан чақнаб турган кўзларига синчков боқиб. – Шунинг учун ҳам қишлоққа келмай қўйибсан-да?! Ахир отанг қанчалар ғурурланарди сендан, онанг қанчалар меҳр қўйганди сенга. 

– Бу – ҳаёт! – деди Санжар кескин. – Ота-онам учун боримни, керак бўлса, жонимни аямайман, дўстим! Керак бўлган пайтда ёнларида бўламан! Мени пасткаш деб ўйлама!

– Ота-онанг учун жонинг керак эмас, ўзинг кераксан. Қариган чоғларида бирга яшасанг бўларди.

– Улар ҳали ёш, жа-а ҳассага таяниб қолганларича йўқ, тушундингми?

Санжар ўз жавобидан мамнун ҳолда кун тиғида ярқираб турган оппоқ машинасига ўтириб, ўт олдирди. Сўнгра илжайган кўйи «хайр» дегандай қўл силкиб қўйди… 

Ёдгор амаки тўсатдан вафот этди. Совуқ хабар Санжарнинг уйига етиб борди. Хотини, болалари, қудалар етиб келишди. Лекин Санжар йўқ эди. Хотинининг айтишига қараганда, у уч кун аввал: «Мени ҳеч ким безовта қилмасин, дунё машмашаларидан узилиб, бир ҳордиқ чиқариб келай!» деб қаёққадир дам олишга кетган экан. Афсусланарлиси, қўл телефони ва машинасини уйда қолдириб кетибди. 

Ёдгор амакининг жаноза намози пешиндан кейинга белгиланди. Санжарни сўраб-суриштирилмаган жой қолмади. Бироқ телефон қилишнинг имкони бўлмагани учун уни тополмадик. Келавермагач, жаноза соат тўртга сурилди. Вақт бўлди, лекин ҳамон ёлғиз ўғилдан дарак йўқ эди. Асрдан кейинга қолдиришди. Жанозага келганларнинг тоқати тоқ бўла бош­лади. Ҳар кимнинг оғзидан ҳар хил гап чиқди. Вақт шомга томон кетаётганда имом саф тортишга изн берди. 

– Санжарбекни кутадиган бўлсак, кечга қоламиз, шомдан кейин қоронғи тушади…

Ёру биродарлар Ёдгор амакини сўнг­­ги манзилга кузатиб қайтишди. Майитни қабрга жияни қўйди. 

Эртаси куни фотиҳага келганлар бедарак кетган Санжарнинг келганми, йўқлигини сўраб-суриштирди. Қариндош­лар хавотир билан «йўқ» дегандай бош чайқаб қўйишди. Онаси туни билан мижжа қоқмай тонг оттирди. Хотинининг юраги тарс ёрилгудай сиқилди. Дардини кимга айтишни билмасди у. Одам деган шу даражада беғам бўладими? Наҳотки, шунча кун ичида бир қўнғироқ қилиб қўйишнинг иложи бўлмаса? Ўзида телефони бўлмаса, бошқаларда бор-ку?

Орадан уч кун ўтиб, кеч кирганда Санжар кўча эшик олдида пайдо бўлди. Кўзлари қизарган, соқоллари ўсиб кетган, оғзидан исқотнинг иси келиб турарди. Икки қаноти кенг очиқ дарвоза ёнига қўйилган курси ва тахталар устига тўшалган кўрпачаларга кўзи тушиб, вужуди музлаб кетди. Аста ҳовлига мўралади. Ичкарида оқ рўмол ўраган аёллар, қора тўн ва дўппи кийган эркакларга кўзи тушди. Кимдир йўталди. Санжар бир сесканиб, ортига ўгирилганди, жиянининг хорғин юзини кўрди. Ва шошиб унга:

– Ориф, тинчликми, уйимизда нима бўлди? – деган савол билан юзланди. 

– Сизмисиз, Санжар ака? Қаерда юрибсиз, Ёдгор тоғамнинг ўтганларига уч кун бўлди, – деди жиян кўзи жиққа ёшга тўлиб.

Даҳшатли бўкириқдан еру кўк ларзага келди. Ҳамма турган жойида тахта бўлиб қотиб қолди. Қайғу янгиланди. Жигарлар хун бўлди… 

Тонг қоронғусида қариндошлар уни отасининг қабрига олиб боришди. Лекин Санжар бир уюм тупроққа тикилганча карахт ҳолда ўтираверди. Чунки у шу туп­роқ остида отаси абадий уйқуда ётганлигини англаб етмасди.

Санжардан ҳол сўраб келганлар юрак бетлаб, унинг ёнига боришолмади. Юзи қорайиб кетган, сочлари оппоқ девона йигит қўлидаги телефонга бирдай: «Алло, дада, қаердасиз? Мен келдим! Алло, дада…» дейишдан тўхтамасди…

  Муҳиддин ОМАД

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Миллат тарбиячиларига эҳтиром

admin

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИНИ 2023 ЙИЛДА СИФАТЛИ ВА ЎЗ ВАҚТИДА АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ 2020-2030 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН СТРАТЕГИЯСИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin