ADOLAT 24

Тарбия ва таълимда япон тажрибаси

Мамлакатимизда тарбия, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказиш бўйича босқичма-босқич мус­таҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилмоқда.

Кейинги йилларда соҳага оид қабул қилинган қатор давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланиб, дунёдаги замонавий ўқув дас­турлари, ўқитиш методикалари ўрганилиб, таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашув, инновацион технологиялар татбиқ қилинмоқда.

Бу янги методикаларни самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилмоқда. Аҳамиятлиси, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадр­лар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланмоқда.

Энг муҳими, бугунги кунда энг катта эъти­бор бошланғич таълимга, қишлоқ жойларда ҳам мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, зарур инвентар, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга, боғча болаларини тарбиялаш, ўқитиш жараёнларига ҳам замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча шарт-шароитни яратишга қаратилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда боғчаларда болалар қамрови 60 фоиздан ошди.

Таълим тизимидаги жадал ислоҳотларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тасдиқланиб, унда халқ таълими тизимнинг узоқ муддатли ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаб берилгани асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан биргаликда таълим тизимига оид қонунчиликни такомиллаштиришда, мактаб ёшидаги болаларга замон талабларига мос равишда, илғор хорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия беришда, таълим сифатини таъминлашда, таълим жараёнларида ўқувчиларга эркинлик бериш, уларнинг мустақил ишлашларига имконият яратишда бир қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифалар ҳам пайдо бўлмоқда.

Хусусан, бугунги кунда давлат таълим хизматларини кўрсатиш ишларини ташкил этиш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси пастлиги қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш имконини бермаяпти. Шунингдек, таълим тизимида ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг лозим даражада ривожланмаганлиги тадбиркорлик субъектларининг таълим соҳасидаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини чек­ламоқда. Айрим мактабларда ўқувчилар сони синфда ўқув жараёни сифатининг кес­кин пасайишига олиб келадиган даражада ошиб кетганлиги ҳолатлари, таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш ва ўқув жараёнида турли шаклдаги коррупция элементларига тўлиқ барҳам бериш бўйи­­ча самарали механизмларни жорий қилиш ва ўқувчиларда таълим олишга кучли мотивацияни шакллантириш ҳам давр талаби бўлиб қолмоқда.

Хўш, тарбия, таълим борасида жаҳон мамлакатлари тажрибаси қандай, дунёнинг қайси давлатида тарбия, таълим ишлари мукаммал ишлаб чиқилган, тизимнинг ҳуқуқий асослари қай даражада шакл­лангани кўпчилликни қизиқтириши табиий, албатта.

Бу борада мисол тариқасида Япония таълим тизими, улардаги тарбия жараёнлари, таълимнинг ҳуқуқий асослари, таълим таркибига эъти­бор қаратсак, уларда айнан таълим тизимини ислоҳ қилиш орқали кўплаб ютуқларга эришилганини кўришимиз мумкин.

Таъкидлаш жоиз, Японияда ҳам биздаги каби барча болалар бепул умумий таълим олишлари шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Япон таълим тизими боғча, бош­ланғич мактаб, кичик ўрта мактаб, юқори ўрта мактаб, олий таълим каби бўлинмалардан иборат.

Японияда бола тарбиясига ўта масъулият билан ёндашилади ва мактабгача таълим тизимига катта эътибор билан қарашади ва маълумотларга кўра япониялик болаларнинг 99 фоизи мактаб­гача таълим тизими хизматидан фойдаланади.

Японлар боланинг хулқ-атвори, муомала маданияти ривож­ланган бўлиши керак деб ҳисоблашади ва асосий эътибор болалар тарбиясига қаратилади, яъни ўқувчилар бош­қаларни ҳурмат қилиши ва ҳайвонларга нисбатан меҳрибон, олижаноб, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши талаб этилади.

Ўқитиш жараёнида эса аксарият ҳолларда болага дарсликни ёдлатиш эмас, балки ўйин усулидан фойдаланган ҳолда муаммоларни муҳокама қилиш ва бир-бирларига ўргатиш усулидан фойдаланишади. Муҳокамалар ва бир-бирларига ўргатиш усулидан фойдаланганда бола 90 фоизгача, агар ўқитувчилар фақат маъруза тарзида ўқитишса, 40 фоизгача маълумотни эслаб қолиши аниқланган.

Яна бир эътиборли томони, Японияда математика машғулотларига бошқа фанларга нисбатан кўпроқ вақт ажратилади. Бунинг натижасида япон болалари ёшлигиданоқ ҳисоб-китоб­­га анча устамон бўлиши билан ажралиб туришади. Японияда ҳам биздаги каби мактаб ўқувчиларининг кўпчилиги мактабдан кейин турли хил машғулотларга қатнайди ва билимини, салоҳиятини янада оширишга эришади.

Яна бир жиҳат, япон мактабларида фаррош бўлмайди. Ҳар бир синф ўқувчилари навбати билан синфхоналарни, йўлак­ларни ва ҳаттоки ҳожатхоналарни тозалайди. Бу эса меҳнатга ўрганишга кўникма ҳосил қилиш ва ўз меҳнатини қадрлашга хизмат қилади, албатта. Бу тажриба бизда ҳам қисман бор эди, яъни юқори синф ўқувчилари дарс тугаши билан нав­батчи тарзида ўзларининг синф­хоналарини тозалашар эди.

Тарбияга, таълимга бу қадар эътибор билан, катта масъулият билан ёндашув Японияга нима берди, деган саволга жавоб барчада мавжуд. Яъни, аниқроқ айтадиган бўлсак, таълим соҳасидаги бу ислоҳотлар Япониянинг тарбия ва таълим соҳасидаги қаттиқ интизом туфайли тез суръатларда иқтисодиёти энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишига имконият яратди, десак тўғри бўлади.

Эндиликда тарбия ва таълим соҳасидаги жадал ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, аввало, фарзандларимизга тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби миллий туйғуларни шакллантириш, илғор хорижий тажрибалардан кенг фойдаланган ҳолда таълим бериш орқали мустақил фикрлайдиган, тўғрисўз ва билимли, Ватан равнақи учун хизмат қилишга тайёр, мард фарзандларни тарбиялашга эришамиз.

Абдуғани УМИРОВ,       

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТнинг саммитида қуйидаги хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда:

admin

ОҚ ЙЎЛ! ЁҚИМЛИ ИШТАҲА! САЛОМАТ БЎЛИНГ!

admin

Истиқлолим – иқболим

admin