ADOLAT 24

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Биринчи мақола)

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллигини нишонлаш арафасида мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида 2021 йил 25 августда бўлган очиқ суд мажлисида совет даврида қатағон қилинган жами 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар шахс ЖПКнинг 83-моддасига асосан оқланди. Бу оқлов узоқ йиллар кечикиб бўлса ҳам амалга ошди. Реабилитация қилинганларнинг асосий қисмини Туркистоннинг йирик уламоси ва жадид тараққийпарвари Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўраев ва бошқалар (92 нафар шахс), машҳур қўрбоши Иброҳимбек Чақабоев ва унинг сафдош­лари (16 нафар шахс) ташкил қилади. 

Иброҳимбекнинг 

Бухоро амирлиги давридаги ҳаёти

Иброҳимбек, Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли, Иброҳимбек Чақабоев – Бухородаги энг машҳур қўрбошилардан, Шарқий Бухорода қизил армияга қарши курашган истиқлолчилик ҳаракатининг таниқли намояндаларидан бири ҳисобланади. У Шарқий Бухоро ва Ўрта Бухородаги истиқлолчилар қўшинининг Олий бош қўмондони (1921 – 1926) саналади. 

Иброҳимбек Бухоро амирлиги ҳудудидаги Ҳисор беклигида (ҳозирги Душанбе яқинидаги Кўктош қишлоғида) ўзбек лақайлари уруғининг тўрт бўғинидан бири эсонхўжа шохобчасига мансуб амир амалдори Чақабой тўқсабо хонадонида 1889 йили туғилган. Архив ҳужжатларида келтирилишича, Иброҳимбекнинг отаси Чақабой тўқсабо амир амалдори бўлиб, Кўктошда тўқсабонинг катта мулки бўлган. Асосан ўзбекларнинг лақай уруғи яшаган бу ҳудуд тарихий манбаларда лоқай ёки лақай деб келтирилади. Шунинг учун Иброҳимбек Чақабой ўғли кейинчалик Иброҳимбек Лақай сифатида машҳур бўлган.

Чақабой тўқсабонинг 4 нафар хотини бўлиб, улардан 6 нафар ўғил ва 6 нафар қиз кўрган. Лекин фарзандларининг барчаси ёшлигида вафот этиб, фақатгина кенжа ўғил Иброҳимбек омон қолган. Иброҳимбекнинг отаси Чақабой қишлоқ оқсоқоли, Кўктош лақайларининг уруғ бошлиғи эди. Унга Бухоро амири томонидан 1870 йили мирохўр ва 1894 йили тўқсабо унвонлари берилган. У 1912 йилда вафот этади.

Иброҳимбек ўз қишлоғидаги мас­жид­­га қарашли маҳаллий мактабда ва Ҳисордаги мадрасада сабоқ олади. Кейин амирликнинг Ҳисор беклигида хизмат қилган. Ёшлигидан жасур ва қўрқмас жангчи, қўл остидаги сарбоз­ларга ғамхўрлик қилувчи моҳир қўмондон бўлиб етишган.  

Иброҳимбек 1919 йилда Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги даражасига, кейинчалик Бухоро амири Саид Олимхон томонидан девонбеги, тўпчибоши, лашкарбоши лавозимига кўтарилган. Иброҳимбекнинг уруғ оқсоқолларидан бири Абду­қаюм Парвоначининг қизига уйланганлиги кейинчалик унинг ҳаёти ва жамиятдаги мавқеи­­га катта таъсир кўрсатади. Бу қизнинг исми Бибихадича бўлиб, Иброҳимбек ундан Ғуломҳайдар исмли ўғил кўрган. 

Иброҳимбек отаси вафотидан сўнг 10 йилга яқин ўз қишлоғи ва уруғидан алоҳида яшаган. Амир Саид Олимхон 1920 йил 2 сентябрда тожу тахтдан маҳрум бўлиб, Душанбега келган пайт­­да Иброҳимбек ҳам Кўктошга қайтиб, унча катта бўлмаган хўжалик ишлари билан банд бўлади. Амир ўзининг кўпгина яқинлари билан 1921 йил баҳорида Афғонистонга ўтиб кетаётган пайт­­да ушбу ҳудудларда ҳам қизил армия қисмлари ва Усмон Хўжа бошчилигида инқилобий ғоя тарафдорлари бўлган Бухоро жадидларининг сўл қаноти вакиллари яқинлашгани туфайли вазият мураккаб­лаша бошлайди. Иброҳимбекнинг юрти − Кўктош ҳам нотинч бўлиб, аҳоли нисбатан тинчроқ − тоғли қиш­лоқларга кета бошлайди. Иброҳимбек ҳам аҳолининг муайян қисми билан Балжувон беклиги ҳудудидаги лақайлар яшайдиган қиш­лоқлардан бирига кетади. У ерда бирор ойлар давомида тинчроқ яшагач, қизил армия ҳужуми натижасида уруш бош­ланиб, юртни бош­бошдоқлик, тартибсизлик ва ваҳима қамраб олади. 

1921 йилнинг баҳорида Абдуқаюм Парвоначи Данғара атрофида Қоратовдаги ҳарбий амалиётлар жараёнида от босиши натижасида жиддий шикастланади, натижада ҳарбий гуруҳга бошчилик қилиш мураккаблашади ҳамда ўзининг куёви ва бошқа йигитларга нисбатан журъатлироқ, характерида ташкилий қобилияти устун бўлган Иброҳимбекни 1921 йил ёзида ўзига ўринбосар этиб тайинлайди.  

Шундай шароитда Эшон Султон ва бошқа қўрбошиларнинг талаби билан ҳарбий фаолиятни давом эттириш ҳамда Шарқий Бухородаги бошқа қўрбошиларни қўллаб-қувватлаш учун Иброҳимбек бошчилигидаги лақай қуролли гуруҳлари Балжувон беклиги ҳудудидан Ҳисор беклиги ҳудудига ўтади. Бу даврда Иброҳимбек бир неча зафарли ҳарбий амалиётларни бошқариб, ҳарбий ва сиёсий жабҳада етарли обрў-эътибор орттириб улгурган эди. Иброҳимбек Ҳисорда аҳоли томонидан бек қилиб сайланади ва у ерда 2-3 ой мобайнида яшаб, қизил армияга қарши кескин жанглар олиб боради. 

Иброҳимбек амирлик тузуми ағдариб ташлангач, 1921 йил бошларидан бошлаб Шарқий Бухородаги қўрбоши гуруҳларига умумий раҳбарлик қилиб (туркиялик ҳарбий саркардалар Анвар Пошо ва Салим Пошо Шарқий Бухорога келган давр бундан мустасно), босқинчи қизил армия ва совет режимига қарши мустақиллик ва озодлик курашини бош­лайди. У ўз олдига Бухоро тупроғини қизил аскарлардан тозалаб, ағдарилган амирлик тузумини қайта тиклаш ва салтанатни Саид Олимхонга олиб беришни асосий мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам у курашга кирган дастлабки кунларданоқ собиқ амир Олимхон томонидан моддий ва маънавий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади ва рағбатлантирилади.

Иброҳимбек – 

Ислом лашкарбошиси

Иброҳимбек қўрбоши 1920-1921 йилларда қисқа муддат ичида ўн минг нафардан ортиқ аскар тўплаб, Кўлоб ва Балжувон вилоятларини қизил аскарлардан тозалагач, Саид Олимхон ҳузурига ўз вакилларини жўнатади. Бу пайт­­да Олимхоннинг қароргоҳи Кўлобда жойлашган эди. Саид Олимхон кейинчалик ёзган “Бухоро халқининг ҳасратли тарихи” номли хотираларида бу ҳолатни қуйидагича ёдга олади: “Бу аснода Иброҳимбек девонбегининг ўзи Қоратегин ва Дарвоз вилоятлари устига ҳужум қилиб босиб борди ва бу икки вилоятни ҳам эгаллади”.

Иброҳимбек 1921 йил сентябрда бўлган Бухоро қўрбошиларининг қурултойида «Ислом лашкарбошиси» унвонига сазовор бўлади. Шундан кейин Кўлоб ва Балжувондан ташқари Қоратегин, Дарвоз, Ҳисор вилоятларини қизил аскарлар қўлидан озод қилади. 1922 йил февралда Душанбе шаҳрини қизил армия босқинчиларидан озод этишда фаол қатнашади.

Амир Саид Олимхон 1922 йилда Иброҳимбекка ёзган мактубларидан бирида уни «садоқатли ва жасур доҳий, мулла, бек, бий, девонбеги, лашкарбоши, тўпчибоши, ғозий», деб улуғлайди. Амирнинг ёзишича, у Иброҳимбекка қўшимча кучлар юбориш учун Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб борган. Лекин бу даврда Афғонистон ҳукумати билан РСФСР ўртасида муносабат яхши бўлганлиги сабабли Бухоро амири ихтиёрига хориждан ҳеч қандай ҳарбий куч берилмайди.

Иброҳимбек ҳақида турк тарихчиси Ани Бодончи “Туркистон миллий истиқлол ҳаракати ва Анвар Пошо қўрбошилари” китобида “Лақай Иброҳимбек сўнгги Туркис­тон миллий истиқлол курашининг ёрқин сиймоларидандир. Амир замонларидаёқ ўрис ҳарбийларига қирғин солишдан иш бошлаган ва қисқа фурсатда катта шуҳрат қозонган. Умумий аскарларининг сони 8000 нафардан зиёдроқ бўлган», деб ёзади.

Иброҳимбек қўрбоши ўз қўшини сафида қаттиқ тартиб-интизом ўрнатган эди. Тинч аҳолини талашда қатнаш­ган ёки бегуноҳ мусулмонларни ўлдирган аскарлар айби исботланса, уларни қаттиқ жазоларди. Иброҳимбек ўз қўл остидаги қўрбошилари Абдулазиз ва Абдураҳмонбойга ёзган мактублари бу жиҳатдан аҳамиятлидир. Иброҳимбек Абдураҳмонбойга «…Сиз аскарларни қиш­лоқларга махсус рухсатномасиз милтиқлари билан жўнатаяпсиз – бу жуда ёмон», деб ёзади. Демак, қўрбошилар ўз йигитларини қиш­лоқларга милтиқлари билан юборишса, уларга махсус рухсатнома беришган ёки қуролсиз жўнатишган.

Иброҳимбек қўл остидаги Шарқий Бухоро ҳудудида ўзининг бошқарув усулини амалга оширади. Жойлардаги янги Бухоро ҳукумати тугатилиб, унинг ўрнига амирлик давридаги бошқарув усули жорий қилинади. Иброҳимбекни бу ердаги маҳаллий аҳоли, хусусан, ўзбек лақайлари қўллаб-қувватлашади. Бундан Туркистонда иш олиб бораётган марказий ҳукумат вакиллари қаттиқ ташвишга тушадилар. Шунинг учун ҳам Туркистон фронти сиёсий бошқармаси томонидан 1925 йил 3 январда тузилган жосуслик ахборотларидан бирида Иброҳимбек фаолияти ҳар жиҳатдан таҳлил қилинади, аҳоли ўртасида унинг нуфузи ошиб бораётганлигидан чўчиш ҳолати кўзга ташланади ва Иброҳимбек билан бошқа қўрбоши гуруҳлари ўртасида низо чиқариш учун тавсиялар берилади.

Иброҳимбек қўрбоши, афсуски, жадидларни ёмон кўрар эди. Бу жиҳатдан унинг фикрини ҳатто Анвар Пошо ҳам ўзгартира олмайди. Дарвоқе, Анвар Пошо Шарқий Бухорога келиб, истиқлолчиларни қизил армияга қарши курашга даъват қилган дастлабки кунларидаёқ уни Иброҳимбек ёқтирмай қолади. Иброҳимбек билан Анвар Пошо ўртасидаги муносабатлар жуда мураккаб бўлган. Ҳатто Анвар Пошо 1921 йил охирида Иброҳимбек қўлида уй қамоғида бир ойча вақтни тутқунликда ўтказади. Кейинчалик Анвар Пошо томонидан Иброҳимбек ҳам ўз навбатида беш кун қамаб қўйилган.

Шу ўринда ўзаро муносабатларни ойдинлаштириш учун туркиялик машҳур давлат арбоби ва ҳарбий саркарда Анвар Пошо(1881-1922)нинг Бухорода ўт­ган қарийб бир йиллик фаолиятига қисқача тўхтаб ўтиш жоиз. 

Анвар Пошо ҳамда унинг 2 нафар ёрдамчиси: Бартинли Муҳитдинбек ва Ҳожи Самибей (у кейинчалик Салим Пошо номи билан машҳур бўлган) 1921 йил 20 октябрда Ботумидан Тифлис, Боку, Красноводск, Ашхобод, Марв, Байрамали, Чоржўй орқали Бухоро шаҳрига етиб келган. Анвар Пошо билан БХСР ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев ва бош­қалар ўртасида расмий даражада учрашувлар ўтказилган. Бу пайтда Бухорода большевиклардан яширинча яшаётган Аҳмад Заки Валидий билан Анвар Пошо ҳам ўзаро мулоқотда бўлган. Анвар Пошо Бухоро шаҳрида 23 кун бўлиб, 8 ноябрда шаҳарни тарк этади. У 1921 йил 9 ноябрда Қарши яқинидаги Қиликўл атрофида Мулла Нафис қўрбоши (Мулла Нафас туркман) билан учрашиб, махсус баёнот билан чиқади ҳамда туркистонлик­лар ва бухоролик­ларнинг совет режими ва қизил армияга қарши муқаддас курашига қўшилганлигини эълон қилади. 

Шундай қилиб, Анвар Пошо большевиклар ва жадидлар қаторидан истиқлолчилар томонига ўтди. Унинг бу қарорини Мустафо Чўқай ва Аҳмад Заки Валидий ўз вақтида хато, дейишган. Иброҳимбек қўрбоши билан бўлган айрим ихтилоф­ларга қарамасдан 1921 йил охири ва 1922 йил бошларидан бош­лаб Анвар Пошо Шарқий Бухородаги қўрбошилар гуруҳларига умумий раҳбарлик қила бошлайди. Саид Олимхон томонидан Иброҳимбекка юбо­рилган махсус мактубда Анвар Пошога бутун ҳарбий ва сиёсий қўмондонликни топшириш буюрилган эди. Хуллас, Саид Олимхон томонидан Анвар Пошо тўла даражада қўллаб-қувватланди.  

Анвар Пошони Шарқий Бухорода, энг аввало, Фузайл Махдум, Эшон Султон (тожиклар) ва Давлатмандбек (ўзбекларнинг турк уруғи вакили) каби нуфузли қўрбошилар қўллаб-қувватлайди. Бу орада лақайлар ва уларнинг етакчиси Иброҳимбек қўрбоши билан Анвар Пошо ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолган. Орадан маълум вақт ўтиб Лақайдаги Иброҳимбек ва Дарвоздаги Эшон Султон раҳбарлигида нуфузли шахслар ва қўрбошилар томонидан Кўктошда қурултой чақирилади. Бу қурултойда Анвар Пошо қатнашиб, қизил армия ва совет Россиясига қарши олиб бораётган курашнинг асл моҳияти ҳақида гапиради. Кейинчалик Иброҳимбек терговда берган кўрсатмаларида эътироф этишича, Анвар Пошо бу кенгаш (қурултой)да Шарқий Бухородаги бутун истиқлолчиларнинг Бош қўмондони қилиб сайланади. Иброҳимбек ҳам ўз қўшини билан унинг ихтиёрига ўтишга мажбур бўлади. 

Қаҳрамон Ражабов, 

тарих фанлари доктори, профессор, 

Ўзбекистон ФА Тарих институти етакчи илмий ходими

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ БОР

admin

Xалқимиз фаровонлигини сақлаб, ташқи томондан бўлаётган баъзи ҳаракатларга бирдамликда собитқадамликни йўқотмаслигимиз керак

admin

МАҲАЛЛАЛАРДА ЁШЛАРНИ ОММАВИЙ СПОРТГА ЖАЛБ ҚИЛИШНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin