ADOLAT 24

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ТОШКЕНТ ШАҲРИ)

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги “Темир­йўлчилар” маданият саройи мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДПдан номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни Президентликка номзоднинг Тошкент шаҳридаги ишонч­­ли вакили Садриддин Туробжонов кириш сўзи билан очди. Ишончли вакил иштирокчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида маълумот берди. 

Шундан сўнг Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалалар ҳақида тўхталди:

– Маълумки, Тошкент шаҳри дунёда илм-фан ва ислом цивилизацияси бешикларидан бири ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизнинг бош кенти 2007 йилда халқаро АЙСЕСКО ташкилоти тарафидан Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган. 2009 йилда ўзининг 2200 йиллик юбилейини нишонлаган, нафақат Осиё, балки дунёдаги қадимий ва замонавий шаҳарлардан бири сифатида маълум. Кейинги йилларда пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом, Шайх Хованд Таҳур, Занги ота, Сузук ота зиёратгоҳ-мажмуалари ҳамда бошқа тарихий масжид ва мадрасалар таъмирланиши, қадимий Бинкат, Мингўрик, Шош­тепа, Тавкаттепа, Олтинтепа каби археологик ёдгорликлар айни пайтда пойтахтимизнинг туризм соҳасидаги салоҳиятини яна бир бор кўрсатиб берди.

Тошкент пойтахт сифатида мамлакатимизнинг, тараққиётимизнинг, мус­тақиллигимизнинг миллий рамзларидан бири ҳамдир. Шаҳар нафақат юртдошларимизнинг, балки оддий хорижлик сайёҳлардан тортиб, халқаро майдондаги катта сиёсий доираларнинг ҳам доимий диққат марказида туради. Биз Янги Ўзбекистон барпо этар эканмиз, унинг пойтахти Тошкент ҳам шу мақомга муносиб ва лойиқ бўлмоғи лозим. Айни пайт­­да Янги Ўзбекистон пойтахти қадимий тарихи билан бирга замонавий қиёфасини бирлаштирган ҳақиқий маънодаги келажак шаҳри бўлмоғи лозим.

Келажак шаҳри Тошкент замонавий бўлиш билан бирга аҳоли яшаш учун қулай ва маърифатли бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, шаҳардаги йўл тармоқларини замон талаблари доирасида реконструкция қилиш, унда нафақат автомобиль ва велосипед, балки кўзи ожиз юртдош­ларимиз, болалар ҳам қулай ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашимиз лозим. Давлат тасарруфидаги мактаб­лар ва мактабгача таълим муассасалари, кутубхоналарнинг, оилавий шифохоналарининг сифат ва хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш зарур. Шунингдек, олдимизда олий ўқув юртлари сони ва таълим сифатини янада ошириш вазифалари турибди.

Айни пайтда, биз эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидамиз. Бу йўл халқимизни улуғ мақсадлар сари етак­лайдиган буюк йўлдир.

Тошпўлат Матибоев,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Номзоднинг Сайловолди дастурида “Адолат” СДПнинг сиёсий-иқтисодий, маънавий жабҳадаги ғояларига ҳамоҳанг­лик бор. Шу сабабли унда белгиланган устувор вазифалар сайловчилар эътиборини ўзига тортиши шубҳасиз. Мен, айни пайтда, дастурдаги давлат бошқаруви тизимида фуқароларнинг иштирокини кенгайтиришни таъминлашнинг самарали йўлларини жорий қилиш борасида Президентликка номзоднинг таклифларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. 

Унда, жумладан, “Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қурилишининг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади”, дейилади. Ҳақиқатан ҳам, давлат бош­қарувида ҳақиқатнинг қарор топиши, адолатнинг ўрнатилиши учун жамоатчилик назорати ниҳоятда муҳим. Чунки жамоатчилик назоратини ўрнатмай туриб, мавжуд салбий иллатларни йўқ қилиб бўлмайди. Бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилиши зарур. Номзод худди ана шу масалага ўз дастурида алоҳида эътиборини қаратган.

Мен сайловчиларни унинг номзоди учун овоз беришга чақираман. 

Ойдин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг дастуридаги кўп жиҳатлар менга маъқул бўлди. Улар орасида Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан ҳар томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтириш тўғрисидаги масалалар алоҳида эътиборимни тортди. Негаки, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Шунинг учун ҳам дас­турда “Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган сиёсатини қўллаб қувватлаймиз”, деб таъкидланади. 

Айни пайтда дастурда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик сиёсатини олиб бориш ҳақида ҳам сўз юритилади.

Мен барча иштирокчиларни “Адолат” СДП номзодини қўллаб-қувватлашга чақираман.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

admin

Қадрнинг бозори қайда?!

admin

Ёшлар парламенти аъзоларига

admin