ADOLAT 24

Эътиборда эзгулик бор

Китоб чоп этиш билан боғлиқ “ёқимли қийноқ”лар асло эсимдан чиқмайди. Ҳатто “Китобларим — изтиробларим” номли хотиралар ёзишни ҳам ўйлаб қоламан. Агар шундай битик дунёга келса, қуйидаги ҳикоя унинг ёруғ лавҳаларидан бири бўлади. 

Бундан беш йил олдин Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан “Ҳазрат Соҳиб­қирон” ва “Соҳибқирон абадияти” китобларимнинг тўлдирилган нусхасини чоп этиш муаммоси пайдо бўлди. Нашриётлар бундай юмушни зиммасига олиши қийин эди, юбилей нашрларига ҳам чекланган буюртма бўлган. Ёзувчилар уюшмаси масъуллари китобларимни илмий деб қабул қилмади (айни пайтда эса Фанлар академиясининг Тарих инс­титути уларни “бадиий” деб баҳолади) ва бундай йўналишдаги асарлар респуб­лика Фанлар академиясида жамланаётгани хабарини беришди. Шу ахборот ҳам мен учун катта топилма эди ва оёғимни қўлга олиб, Фанлар академиясига йўл олдим. 

Иш вақти ҳам тугай деб қолган, илинж билан учиб етиб бордим. Академиянинг вице-президенти қоғозларга кўмилиб, ишлаб ўтирган экан. Унга муддаомни тушунтирдим ва Баҳром Абдуҳалимовга тайёрлаб борган қўл­ёзмамни тутқаздим. Мени илмий давраларда кўрмаган ва танимайдиган одам шу жойда гапга нуқта қўйиши мумкин эди, аммо суҳбатдошимдаги инсонийлик уни мен билан мулоқотга ундади, шекилли, қўлёзмани варақлаб кўришга вақт топди. Мен ҳая­жон билан нималарнидир уқтирардим, ялингудек бўлиб, ёрдам кутардим. Ниҳоят, “Фойдали маълумотлар бор экан” деган иқрорни эшитиш билан вазият менинг фойдамга ишлаётганини сездим. 

Ҳақиқатан, каттагина ҳажм­ли қўлёзмага сарфланган меҳнат қанчалик салмоқли бўлса, уни чоп этиш ҳам шунчалик қийин эди. Умуман, шу дамда муносабат ижобий томонга ўзгара бошлади, ҳатто мен “Ўзингиз сўзбоши ёзсангиз ҳам яхши бўларди”, деб мажбуриятни яна оширдим. Шунда Баҳром Абдуҳалимов ўз нуқтаи назарини изҳор қилгандек, “Сўзбоши ёзишим учун уни батафсил ўқиб чиқишим керак”, деди. “Аммо бунга вақт йўқ, эртага Корея­­га учиб кетаяпман”, деб вазиятни изоҳлади. “Жуда яхши-да, самолётда ўқиб кетасиз”, деб баттар тиқилинч қилдим. “Ўқиб кетадиган нарсаларим кўп”, деган жавобни эшитдим. Умуман, бундай муносабат илиқлик ҳосил қилди ва менда ўчаман деб турган умид шами яна қайта милтиллай бошлади. 

Мен тарих фанлари доктори, профессор Б.Абдуҳалимовни сиртдан билардим. Яқин танишларимдан бири қандайдир халқаро анжуманда қатнашганини ва унда домла инглиз тилида нутқ сўзлаб, кўпчиликни ҳайратлантирганини айтганди. “Янги Ўзбекистонга ана шундай олимлар керак”, деганди ўша танишим. Кейин­чалик олимнинг араб, форс, рус, турк, француз тилларидан ҳам яхши хабардор эканини билдим. Шунингдек, маданият тарихига доир тадқиқотлари дунё илмий жамоатчилиги томонидан тан олинган экан. Албатта, бундай натижа катта интеллектуал салоҳият белгиси, эътироф этиладиган қувонарли ютуқ эди. 

Хуллас, ўша суҳбат асносида Баҳром Абдуҳалимов бир қаламкашнинг аҳволини тўғри тушунган ва менга катта илтифот кўрсатган, икки жилддан иборат, қарийб минг саҳифага яқин салмоқли китоб юбилей нашрлари рўйхатига кирган эди. Бу юмушда Темурийлар тарихи давлат музейи­нинг директори, ўша комиссия котиби Хуршид Файзиевнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Китоблар 2016 йилда “Шарқ” матбаа-ижодий уйи­­да нашр қилинди. Тезда ўқувчиларини топди, шекилли, 2019 йилда қайта чоп этилди. Агар тортмаларда чанг босиб ётган қанчалаб қўлёзмаларни кўз олдингизга келтирсангиз, ўшанда ҳурматли олим бир муаллифга қанчалик илтифот кўрсатганлигини тушуниш қийин эмас. Айни дамда шу саъй-ҳаракатлардан зиё истаган кўп­лаб қалблар баҳра олмоқда.

Атоқли олимни давлат раҳбарлигига номзодлар сафида кўрган мухлислар қалбида юртимизда илм-фан аҳли катта нуфузга эга эканлиги, улар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ниҳоятда фаол иштирок этаётганидан фахр туйғулари уйғонади. Албатта, давлатни бошқарув тизимида олимларнинг қатнашиши маърифатнинг ривожига кенг йўл очади, юртимизнинг келажакда илм-фан ва янги технологияларга асосланган замонавий давлат бўлишини таъминлайди. Айниқса, қалби уйғоқ, кўнглида инсонийлик бис­ёр, вазиятни тўғри баҳолай оладиган, ўз вақтида ёрдам қўлини узатишга ҳозир кишиларнинг юқори давраларда бўлиши кўплаб руҳий-маънавий имкониятларнинг юзага чиқишида муҳим роль ўйнайди. “Адолат” социал-демократик партияси лидерининг зиммасида улкан масъ­улият мавжуд, сайлов жараёни Ватан ва халқ олдидаги бурч­ни тўла адо этиш йўлида унга янги куч-қувват бағиш­лайди. Ўз соҳасининг етук намоёндаси Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловдаги иш­тироки катта мақсадларни кўзлаган шахснинг фаолиятида муҳим босқич бўлиб қолади, деган умиддаман.  

Ҳаким САТТОРИЙ, 

ёзувчи, публицист

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

АДОЛАТЛИ ҚОНУНЛАР аҳоли фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади

admin

Бугуннинг гапи

admin

Дунё нигоҳидаги дилбар шахс

admin