ADOLAT 24

Шингил ҳикоялар

Топди

Қўшнимиз янги дорихона очган экан. Бориб кўрдик, қутладик. Қарасам, бино пештоқида катта-катта бўртма ҳарфларда “Арзон Аптека” ёзуви. Ёзувдаги митти чироқчалар ўчиб-ёниб турибди.

– “Аптека”ни ўзбекчалаб “дорихона” бўлади-ку, – дедим. – Иложи бўлса тўғрилаб қўйинг.

– Шунақами?.. Аттанг, иккита бир хил ҳарф одамларнинг эътиборини жалб қиларди-да, – дея афсусланиб бош чайқаганча ўйланиб қолган қўшни бирдан ўзимизга мурожаат қилиб қолди: – Унда “д” билан бошланадиган бош­­қа сўз топиб беринглар, “арзон” маъносини берсин.

 Кимдир ҳазил қилди:

– Дарзон.

Бошқалар пайровни илиб кетишди:

– Да-а… арзон…

– Дармон…

– Дим арзон…

Хуллас, бунақа сўз тополмагач, ўйлаб кўришга ваъда бериб, хайрлашдик.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтди.

Янги дорихона тушган йўлдан ўтаётсам, эшик ёнида қўшним турибди гердайиб. Мени кўриб у олисданоқ бақирди:

– Топдим! Ўзим топдим ахийри! Оддийгина сўз экан-у…

Қўшним нимани айтаётганини англаб, дорихона пештоқига қарадим. Унда улкан бўртма ҳарфлардаги “Дешовий Дорихона” ёзуви чироқчалари ўчиб-ёниб турарди…

***

“Кўричак”нинг ўзбекчаси

Тилимиз бойиб бормоқда. Мисоллар керакми, марҳамат:

– “снос” (бузиш, бузиб ташлаш);

– скорпион (чаён):

– номер (рақам);

– доставка (етказиб бериш) (рекламаларда ҳам бемалол шу сўз ишлатилмоқда) ва ҳоказо.

Яқинда бир ҳамкасбимга “Фалончи кўричак бўлиб қолипти”, дегандим. Журналист пешонасини тириштирганча бир муддат ўйланиб қолди, сўнг сўради:

– Бунинг ўзбекчаси қанақа бўлади?

Ўйлаб-ўйлай, ахийри:

– Аппендицитми? – дедим.

Ҳамкасбимнинг юзи ёришди:

– Шунақа демайсизми. Ана энди тушундим…

Абдуқаюм Йўлдошев

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ОТАШИН ШОИР, ТАРЖИМОН ВА ДРАМАТУРГ УСМОН НОСИР ТАВАЛЛУДИНИНГ 110 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Режалар ижроси белгилаб олинди

admin

ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИНИНГ АФҒОНИСТОН БЎЙИЧА САЪЙ-ҲАРАКАТИ БИРЛАШМОҚДА

admin