ADOLAT 24

Нобанк кредит ташкилотларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарур

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолия­лаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий мақсади банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва ўзаро мувофиқлаштиришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизда 66 та микрокредит ташкилоти, 67 та ломбард ва 1 та ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти фаолият юритмоқда. Мазкур фаолиятларни тартибга солиш эса бир қатор қонунлар, Президент фармони ва Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётгани соҳада қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, дунёда нобанк кредит ташкилотининг умумий таърифи мавжуд эмас. Ушбу масала давлатнинг молиявий тизимни тартибга солиш амалиётидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади. Бир қатор мамлакатларда фаолияти давлатнинг махсус назорати остида бўлиши лозим бўлган молия ташкилотлари “нобанк кредит ташкилотлари” ёки “нобанк кредит-молия ташкилотлари” деб номланади. Бугунги кунда нобанк кредит ташкилотлари сифатида микрокредит ташкилотлари лицензия асосида, ломбардлар Марказий банкни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга оширмоқда.

Шунингдек, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусияти – тижорат банкларига кредит ресурс­ларини ажратиш ва ипотека кредитларини қайта молиялаштиришдан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида ушбу ташкилотлар ҳам нобанк кредит ташкилотлари таркибига киритилмоқда.

Шунга асосан, қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотларининг таркиби – микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари этиб белгиланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар учун микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Шунингдек, қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотлари томонидан фаолиятни амалга ошириш тартиби, нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, шу жумладан, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, муассислари ва иштирокчилари устав фонди ва унинг энг кам микдорига қўйиладиган талаблар белгиланмоқда.

Абдуғани УМИРОВ,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Мазкур қонунни қабул қилиш бугунги кунда ўта зарурлигини қайд этамиз. Лойиҳада, айниқса, Марказий банкнинг нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ваколатлари ўз аксини топаётгани аҳамиятлидир. Сабаби, эртага амалиётда муаммолар келиб чиқмаслиги учун барибир назорат масаласини белгилаб қўйи­шимиз шарт.

Шунингдек, лойиҳада нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйи­­ча аниқ қоидаларни ҳам мустаҳкамлаб қўйишимиз фойдадан холи эмас. Бунда нобанк кредит ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш бўйича мажбурият, шартнома шартларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ёмонлашишига олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни бир томонлама киритишга ҳақли эмаслиги, шунингдек, карз олувчилар ва кредиторларнинг молиявий операциялари бўйи­­ча ахборотнинг махфийлиги кафолатлаши мажбуриятини назарда тутувчи нормаларни ҳам акс эттиришнинг аҳамияти катта.

Фракция йиғилишида, шунингдек, “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарори билан мамлакатимизда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ўз ваколатлари доирасида қатор вазифалар юклатилмоқда.

Хусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишлари ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланишларига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда фаол иштирок этишлари белгиланмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганларни турли ахборот хуружлари, радикал ғоя ва ёт мафкуралардан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларда иштирок этиши ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш масаласига лойиҳада алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Депутатлар томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунинг­дек, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва спорт билан мунтазам шуғулланишни тарғиб қилиш ишларига кўмаклашиш масалалари лойиҳада белгиланаётганини эътироф этиб, бу ҳар томонлама тарбияси мустаҳкам авлоднинг етишиб чиқишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ёшлар ишлари агентлигининг ёшларга оид давлат сиёсати, уларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, васийлик ва ҳомийликдаги ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳаларидаги ваколатлари ҳуқуқий жиҳатдан белгиланишига ҳамда ёшларга оид давлат сиё­сатини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Нигора Камалова,

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Tegishli xabarlar

Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…

admin

Юзма-юз мулоқотлар давом этмоқда

admin

Халқ соғлиғи — юрт бойлиги

admin