ADOLAT 24

Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…

Ҳурматли “Adolat” газетаси таҳририяти ходимлари.

Биз Тошкент вилоятидаги Паркент шаҳрининг “Самаробод” МФЙда истиқомат қиламиз. Бундан икки йил муқаддам, аниқроғи, “Adolat” газетасининг 2021 йилнинг 5 март сонида маҳалламизнинг муаммолари акс этган “Келажакка Хиёнат лоқайдликдан бошланади ёки “самар­обод”да янги мактаб қачон қурилади?” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Шундан сўнг Паркент туман ҳокимлиги ва бир қанча мутасадди ташкилотлар муаммоларни қисман ҳал қилишди. Ҳал бўлмай қолган қисмига эса катта-катта ваъдалар беришди. Афсуски, ҳанузгача мавжуд муаммолар кўпайса кўпаймоқдаки, камаймаяпти. 

Жумладан, 2023 йилга ваъда берилган янги мактабдан ҳалигача дарак йўқ. Ваҳоланки, “Самаробод” МФЙ ҳудудидаги Тошкент — Қизилтоғ йўналишидаги катта йўлдан кунига 400 нафардан ортиқ ўқувчилар Паркент шаҳрининг “Наврўз” МФЙ ҳудудида жойлашган 43-ўрта мактабга ўтишади. Ўн йилдан бери бир қанча йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, баъзи бир ҳоллар ўлим билан якунланди. Паркент тумани ҳокимлигига ва Паркент тумани халқ таълими бўлимига аҳолидан кўплаб мурожаатлар самарасиз қолди. “Adolat” газетасида бу мавзу ҳам ёритилган эди. 

2019 йилда бошланган 9-болалар боғчаси қурилиши уч марта туман ҳокими ўзгарса ҳам охирига етмади. Бир нечта қурувчи ташкилотлар ишларини якунламай кетиб қолишди. Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…  

Паркент шаҳрининг “Самаробод” МФЙ ўрмон хўжалиги ҳудудидаги 500 метрлик пиёдалар юриш йўлаги ҳали-ҳануз қуриб, охирига етказилмаган. Тунги ёриткичлар ҳам қўйилмаган. 1400 нафар киши яшайдиган ҳудуд аҳолиси ҳар куни ишга, мактабга, болалар боғчасига қатнашга қийналишади. 2022 йили Сўқоқ қишлоғида туризмни ривожлантириш бўйича муҳтарам Президентимизнинг қароридан сўнг 1 км.лик асфальт ётқизилди, лекин тротуар масаласи яна ҳал қилинмай қолди. 

 Заркент, Сўқоқ, Шампан, Новдак, Невич, Номданак қишлоқларидан ва Қизилтоғ қўрғони йўналишида қатнаётган машиналар катта тезлик билан ҳаракат қилишади. Уларнинг аксарияти йўл белгилари ва светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига риоя қилишмайди. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаяпти. Бунинг устига тезликни тақиқловчи белгилар, пиёдалар ўтиш жойларида зебра чизиқлари чизилмасдан қолиб кетган. Бу эса қорли, ёмғирли кунларда пиёдаларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Март, апрель, май ойларида пойтахтимиздан ва республикамизнинг барча вилоятларидан келадиган дам олувчилар оқими шундай кучайиб кетадики, уни тартибга солиб бўлмай қолади.  

Биз, “Самаробод” маҳалласи фуқароларининг бир қатор таклиф-илтимосларимиз бор. Самсарак қишлоғига бурилиш светофор чорраҳасидан Заркент-Сўқоқ айирмасигача 2 км масофани ташкил қиладиган йўлга тезликни назорат қиладиган радар мосламаси ўрнатилса.

Тўрт йилдан бери қурилиши охирига етказилмаётган 9-боғча ишга туширилса. 

Пиёдалар ўтиш жойи, Паркент канали ёқасида светофор ўрнатилса. 

“Самаробод” МФЙ ҳудудида 30 йил муқаддам ажратилган ерга мактаб қуриб биткизилса.

Тротуар ва тунги ёриткичлар, йўл белгилари охиригача ўрнатилса. 

“Самаробод” МФЙ ҳудудида 3500 нафардан ортиқ аҳоли учун ковланган насос носоз ҳолатда. 2022 йилга ажратилган маблағ етмади, деб хонадонлардан қўшимча 250 минг сўмдан пул йиғилганидан кейин ҳам пудратчилар ишни охирига етказмай қочиб кетишди. Айни даврда маҳалла аҳли ичимлик сувидан қийналишаяпти. 

Назаримизда, 34 йилдан бери яшаётган ҳудудимизни “Обод маҳалла” дастурига тушириш вақти келди.  

Биз “Adolat” газетасидан шу масалаларга адолатли ечим топилишида кўмак сўраб қоламиз. Бунинг учун Паркент туман ҳокими ёнига мутасадди ташкилот раҳбарларини олиб, муаммоларимизни жойида ўрганиши, уларни ҳал этиш учун аниқ чоралар кўриши етарли. Бир неча сайёр қабулларда бўлдик, бироқ “бажарамиз” деган ваъдалар билан ҳеч нарса ўзгармади. 

Баҳор келди, худди она табиат каби барча ҳоким ва сектор раҳбарлари уйғониб, амалий ишларни аҳолининг кўз ўнгида бажаришса, яхши бўларди. Муҳтарам Юртбошимизнинг талаблари ҳам шу эмасми?! 

Биз маҳалладошлар билан муаммоларимизни телеканалларнинг бирида ёритмоқчи эдик, лекин улар арзигулик бирор-бир ҳодиса бўлсагина келишини айтишди. Нима, бирор бахтсиз ҳодиса содир бўлишини кутиб ўтириш шартми, уларни олдиндан бартараф этсак, мақсадга мувофиқ бўлмайдими, деган ўйда яна “Adolat”га мурожаат қилишга қарор қилдик…

Дилшод Алимирзаев, Шоҳида Жўраева, Баҳодир Ҳуснитдинов,

Илҳом Йўлдошев…

(жами 61 имзо)

Tegishli xabarlar

Ҳудудлардан хабарлар (Андижон, Бухоро, Навоий, Фарғона)

admin

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

admin

Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

admin