ADOLAT 24

Сўз — Қурултой иштирокчиларига

Дилором Тошмуҳамедова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси

ўринбосари:

— Ассалому алайкум, ҳурматли Қурултой иштирокчилари, қадрли партиядошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда эртанги кунимиз учун муҳим аҳамият касб этувчи сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яъни, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқелик ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақатгина сиёсий партияларга берилган.

“Адолат” СДП ҳам бу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида таклиф қилмоқда.

Баҳром Абдуҳалимовни профессионал раҳбар, исломшунос олим сифатида яхши таниймиз.

У деярли 30 йил илм-фан йўналишида – Шарқшунослик институтида кичик илмий ходим сифатида фаолият олиб бориб, кейинчалик ушбу инс­титут директори бўлиб ишлаган. Давлатга фойдаси тегадиган кўп­лаб шогирдлар етиштириб, ёш олимлар манфаатларини илгари суриш бу партия лидери, Президентликка номзод учун аъло жиҳатлардан, деб ўйлайман.

Баҳром Абдуҳалимов кўплаб мусулмон давлатларига Ўзбекистонни танитишда улкан ҳисса қўшган инсон. Яна бир жиҳати, ўз асарлари билан ҳам давлатни бутун дунёга танитди. Шу билан бирга, Ўзбекис­тон Фанлар академияси вице президенти, Президент девонида давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаганлиги номзоднинг сиёсий жараёнларда фаоллик кўрсатганидан далолат беради. Ислоҳотларни доим илмга асос­ланиб олиб бориш, илм аҳлини атрофимизда жипслаштириш партиямизнинг асосий ғояларидан биридир.

Биз бу кишини ходимларга партиянинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқ топшириқларни етказадиган, уларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назоратга оладиган масъулиятли раҳбар, фидойи инсон сифатида яхши биламиз.

Ҳурматли делегатлар!

Олдимизда турган сайловда бошқа сиёсий партиялар қаторида “Адолат” социал-демократик партияси ҳам муносиб иштирок этиши, унда ўз электорати олдида қабул қилинган Сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларни бажаришга тайёр эканлигини ифода этган ҳолда барчангиздан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовични Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод сифатида қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.

Қутбиддин Бурханов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси раиси:

— Маълумки, бугунги дунё саҳнасида юз бераётган глобаллашув ва интеграциялашув жараёнларида мамлакат хавфсизлиги ва осойишталиги ҳар жиҳатдан муҳим масала ҳисобланади. Шундай экан мен олдимизда турган энг масъулиятли ва муҳим жараён — Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловида “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилаётган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовични бугунги кун талабларига тўлақонли жавоб берадиган муносиб номзод деб айтсам адашмаган бўламан. Сабаби, Баҳром Абдураҳимович нафақат олим, балки ўзининг тиришқоқлиги ва интилувчанлиги билан фаолияти давомида кўплаб ютуқларга эришган шахс ҳисобланади. Номзодимиз ўзининг илмий ишлари ва фан соҳасидаги фаолияти билан Ўзбекистонни дун­ё­­­га танитишда ҳамда мамлакатимизда илм эгалари бўлмиш олимларни кўпайтиришда ҳам жуда катта ишларни қилиб келаётган фан дарғаларидан биридир. Бу инсоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги меҳнати ва изланишлари асосида орттирган таж­рибалари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини ривож­лантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Унинг ҳар томонлама етук, билдирилган ишончни оқлайдиган раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олсак, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия томонидан кўрсатилган энг муносиб номзод деб ҳисоблайман ва унинг номзодини қўллаб-қувватлашларингизни сўрайман.

Мақсуд Ҳамидов,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Қурултойда партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури лойи­ҳаси иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан тингланди.

Айниқса, номзод лойиҳасида илгари сурилаётган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилига амал қилган ҳолда, халқнинг турмуш даражаси кўрсаткичларини янада яхшилаш, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан, жумладан, болаларга стоматология хизмати кўрсатилишини йўлга қўйиш эътибор марказида бўлиши белгиланмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайлов­олди дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлайман ва сизларни ҳам ушбу дастурий ҳужжатни маъқуллаб овоз беришга чақираман.

Ўғилнур Отаева,

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли, Гурлан туманидаги 33-сон умумтаълим мактаби немис ва инглиз тили фани ўқитувчиси:

— “Адолат” социал-демократик партиясининг Х Қурултойи нафақат партиямиз, балки мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга воқелик касб этмоқда. Сабаби, биз етук олим сифатида танилган, юксак илмий салоҳиятга эга, Ўзбекистоннинг бугунги давр илм-фани ривожига ўзининг сезиларли таъсирини ўтказган устозимиз Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимовични Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига номзод сифатида кўрсатмоқдамиз. Айтиш мумкинки, олим одамнинг сиёсий жараёнга кириб келиши мамлакатда таълимни, маданиятни ва албатта, илм-фаннинг интеграциялашув жараёнларига, яъни, ривожланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Буни биз Баҳром Абдураҳимовични партиямиз раислигига келган илк кунлардан ҳозирги давргача олиб борган қисқа даврдаги муваффақиятли фаолиятида ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган вақт давомида Баҳром Абдураҳимович бошчилигида “Адолат” партияси мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълимдаги бир қатор ўринли ва долзарб масалаларга эътибор қаратди ва муаммоларга ечим топишда ташаббускор бўлди. Шу ўринда буюк немис шоири Гётенинг бир сўзи бор: “Кимки бирон-бир чет тилини билмас экан, ўз она тилини ҳам билмайди”. Ушбу фикр­дан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Баҳром Абдураҳимович ўзининг илмий фаолияти давомида бир қанча чет тилларини ҳам ўрганган ва ривожланган давлатлар илм-фани ва сиёсатини ўрганиш борасида ҳам улкан тажрибага эга. Мен фурсатдан фойдаланиб, ёшлар ва таълим соҳаси ходимлари номидан айтишим мумкинки, бизнинг партиямиз томонидан кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович билдирилган ишончга ҳар жиҳатдан муносиб, салоҳиятли номзод. Мен номзодни тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва партия­дошларимизни ҳам шунга чақириб қоламан.

 Наримон Умаров,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва

коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси:

— Мана, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиз томонидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури лойиҳаси билан батафсил танишдик.

Номзод бугун ўзининг кўп таклифларини илгари сурди. Шу ўринда ушбу лойиҳада партиянинг энг қуйи тизими бўлган БПТларидан ҳам таклифлар олинганлиги ва унга киритилганлиги, албатта, бу дастурнинг халқчиллигини таъминлашда ва уни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ушбу лойиҳада халқнинг ичидаги дарди, муаммоси кўтарилганлиги унинг қанчалик долзарб эканлигини кўрсатмоқда. Ўйлайманки, лойиҳада кўтарилган масалаларнинг барчаси катта аҳамиятга эга.

Бу ўринда мен бир-иккита масалага ўз фикримни билдирмоқчиман. 

Биринчидан, дастур лойиҳасини тўлақонли қўллаб-қувватлайман. Энг асосийси, унинг ҳар битта бўлимида инсоннинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш партиямизнинг энг олий мақсади эканлиги эътироф этилган. Унда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинлиги партиянинг энг олий даражадаги мақсади этиб белгиланганлиги кўриниб турибди. Шунинг учун бугунги кунда энг долзарб бўлган инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, шахсий дахлсизлик, шахсий дахлсизликда мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, атроф-муҳит дахлсизлиги каби масалаларнинг лойиҳада бўлиши ниҳоятда муҳим.

Агар биз жамиятда ушбу масалаларни кўтариб чиқсак, албатта, халқ бизни қўллаб-қувватлайди.

Иккинчидан, дастур лойиҳасида жиноятчиликка, коррупцияга қарш курашиш масаласининг илгари сурилиши ниҳоятда эътиборга молик.

Яқинда Сенатда 6 ойлик якунида ушбу масала кўриб чиқилди. Унда ҳукумат ва Ҳисоб палатаси ҳисоботларини кўриб чиқдик. Айтиб ўтиш жоизки, яна ўша коррупция, қурилиш соҳасида давлат мулкини талон-торож қилишлар давом этмоқда. Бу муаммолар йилдан йилга ўсмоқда, лекин камаймаётибди. Шунинг учун биз, албатта, ҳукуматга, бош вазир олдига бу масалани кўндаланг қўймоқдамиз, лекин натижа етарли даражада бўлмаётибди. Номзоднинг дастури лойиҳасида бу масалалар жуда тўғри берилган. Коррупцияга қарши биз қатъий курашамиз. Буни бир-икки йилда йўқ қиламиз, деган фикрдан йироқмиз. Бу борада жазони кучайтирамиз.

Бундан ташқари, лойиҳада экстремизм масалаларига нисбатан жазо қўллаш таклифи ҳам киритилган. Лекин истардикки, партия дастурида бу борада алоҳида вазифа белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Учинчидан, бир неча йил олдин ижро этиш муассасаларини Адлия вазирлигига бериш масаласи ҳам айтилган эди. Бу хусусда қонун ишлаб чиқилган. У Қонунчилик палатаси, кейин Сенатда маъқулланди. Бу борада тартиб-қоида бор. Биз унинг механизмларини белгиладик. Лекин пировардида мақсадга етилмаяпти. Яна ўша халқ норозилиги. Бу бўйи­­ча келаётган мурожаатлар жуда кўп. Келаётган мурожаатларда ўша жазо органларини тартибга солиш ҳақида фикрлар бор. Шу сабабли дастур лойиҳасида бу масалалар ўз ўрнини эгаллаганлиги катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, суд тизимида охирги 5 йилда жуда катта ўзгаришлар бўлди. Ислоҳотлар амалга оширилди. Бу масалани ўз навбатида партиямиз биринчи бўлиб илгари сурган. Ҳукумат бу борада кўп қарорлар қабул қилиб, судлар фаолияти оптималлашди. Халқимизнинг норозилиги пасайди. Бу муаммолар вилоят миқёсида тартибга келди, лекин туман, шаҳарларда ҳалиям аҳвол ўша. Кечирасизлару халқимиз жиноят суди бўладими, маъмурий, иқтисодий, фуқаролик судими — бир эшикдан кириб, ўз муаммоларини ҳал этсин. Бу масала дастур лойиҳасида жуда тўғри берилган. Туман, шаҳар миқёсида бу масалани қўйиш бугуннинг долзарб масаласига айланиши керак.

Ҳурматли Қурултой иштирокчилари, қадрли партиядош­лар!

Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг дастури лойиҳасини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, барчангизни сайлов кампаниясида алоҳида фаолликка чақираман.

Инна Коржикова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ҳаётида янги босқич бошланди. Республикамиз Президентлигига сайлов йирик ижтимоий-сиёсий воқелик сифатида сиёсий партиялар учун ҳам катта ҳаёт сабоғи бўлади.

Бугунги Қурултойда биз партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури лойи­ҳаси билан танишдик. Бу жараёнда шунга ишонч ҳосил қилдикки, унда илгари сурилган ғоя ва йўналиш­лар мамлакатимизнинг кейинги беш йиллик тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ.

Юртимизда хотин-қизларнинг ўрни ўзига хос. Тан олиш лозим, аёллар нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ижобий мувозанатни ушлаб турувчи кучдир.

Адолатли ва демократик ривожланаётган жамиятда партиянинг устувор йўналишларидан бири оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилувчи қонунчиликни такомиллаштиришдан иборат. Бизга тақдим этилган дастурда ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилган. Айниқса, оилада руҳий-ахлоқий муҳитни кучайтириш борасида самарали механизмлар яратишга эътибор қаратилганлиги мени қувонтирди.

Дастур лойиҳасида “Соғлом оила — соғлом жамият” ғоясининг ҳаётга изчил татбиқ этилишига аҳамият берилган. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувининг барча даражаларида иштирокини кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам янада самарадор тарзда амалга оширилаверади.

  Дилмурод Исмоилов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таъкидлаш жоизки, мазкур Сайловолди дастури лойиҳасида бошқа сиёсий партиялар Сайловолди дас­турларидан фарқли ўлароқ коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида урғу берилган.

Хусусан, лойиҳага кўра, давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва тиббиёт соҳасида коррупцияни йўқ қилиш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, ҳар бир соҳада қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўриш масаласи илгари сурилмоқда.

Шунингдек, давлат идораларига ишга қабул қилишда полиграф мутахассислигини ташкил этиш орқали ишга қабул қилинувчиларнинг ҳалоллик даражасини таъминлаш ҳамда коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни белгилаймиз ва коррупцияга қарши курашни давлат сиёсатининг асосий принципига айлантирамиз.

Энг муҳими, бу жараёнда коррупцияга қарши курашишда давлат органи билан биргаликда фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик ва барча фуқароларимизнинг роли ва ўрнини ошириш ва бу орқали коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мутлақ янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилмоқда.

Шу аснода Президентликка номзоднинг мазкур Сайловолди дастури лойиҳасини қўллаб-қуватлашга чақириш билан бирга, унда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда барчамизни масъулликка, ташаббускорликка ундаб қоламан.

Ботир Даминов,

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори:

— “Адолат” СДПнинг бугунги X Қурултойи­­да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович номзоди бир овоздан маъқулланди ва номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳаси бизнинг эътиборимизга ҳавола этилди. Лойиҳада мамлакатимизда истиқболда бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланганлигига барчамиз гувоҳ бўлдик.

“Адолат” партияси Ўзбекистонда ягона социал-демократик партия ҳисобланади. Партиянинг номи ҳам бекорга адолат деб қўйилмаган. Давлатимизда кўппартия­вийлик мавжуд, ҳамма халқ манфаати йўлида ишлайди. Лекин “Адолат” партиясининг барча йўналиш­лари адолат мезони асосида шаклланганлиги билан муҳим. Партиямиз номининг ўзи жозибадор. Сайловчини жалб этади. Адолат ғояси халқимиз суйган ғоядир. Одамларимиз доимо унга интилган, адолатнинг ҳаётда доимо ҳукмрон бўлишини хоҳлайди. Партия номзодининг Сайловолди дастури лойиҳасидаги илгари сурган ғоялари халқчиллиги билан аҳамиятлидир.

Барчамиздан ушбу ҳаётбахш ғояларни халқимиз орасида янада кенгроқ ёйиш, тарғиб қилиш талаб этилади. Зеро, биз ўз ғояларимиз билан халқимиз қалбига қанчалик етиб борсак, бўлажак сайловда ҳам шунчалик муваффақиятга эришамиз.

Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилаётган номзодимизнинг Сайловолди дастури лойиҳасини тўла қўллаб-қувватлайман ҳамда сизларни ҳам шунга чорлаб қоламан.

  Мадамин Мадазимов,

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида партиямизнинг қуйи бўғинларидан тортиб юқори органларида ҳам фаолият юритаётган ёшларнинг иштироки жуда муҳим ҳисобланади. Чунки “Адолат” СДП эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларга жамиятнинг муҳим қатлами ва келажаги сифатида қарайди.

Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг дастур лойиҳасида юртимизни ҳар соҳада ривожлантириш, халқимиз учун тинч ва фаровон турмуш шароитини яратиш мужассам этилган. Хусусан, олий таълим тизимини XXI аср талабларига мослаштириш, уни замон билан ҳамнафас қилиш партия учун муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидланган.

Лойиҳада марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини назоратга олиш, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини кучайтириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) билан таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган.

Шунингдек, номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳасида олий таълим муассасаларига хорижий профессор-ўқитувчилар, талабаларни янада кўпроқ жалб этиш учун уларнинг виза ва турли давлат божи тўловларини бекор қилишга, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш каби масалалар ҳам мужассам этилган.

Шу билан бирга, олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиб, юқори рейтингга эга бўлиб контрактда ўқийдиган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатишга эътибор қаратилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Tegishli xabarlar

Бир шеър тарихи: ГУЛ МОМОГА АТАЛГАН «ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ»

admin

ҲОКИМЛАРНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС. Маъмурий судлар бундай тўхтамга келишининг сабаблари нимада?

admin

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди

admin