ADOLAT 24

Бир шеър тарихи: ГУЛ МОМОГА АТАЛГАН «ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ»

Халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг Шавкат Раҳмонга бағиш­ланган «Лолақизғалдоқ» номли шеърини қайта-қайта ўқийман, тинглайман. Лекин нима учундир ушбу шеърнинг руҳиятида бош­­қа нимадир, кимдир борга ўхшайверади…

Орадан йиллар ўтди, фалакнинг гардиши билан бир куни Муҳаммад Юсуфнинг ашаддий мухлиси бўлмиш косонсойлик Аъзамжон ҳожи Мамажонов билан суҳбат қуриш асносида анчадан бери хаёлимни банд этиб келаётган ушбу саволга қўққисдан жавоб топгандай бўлдим.

– Сиз тўғри ўйлагансиз, – деди Муҳаммад Юсуф оиласининг яқин кишисига айланиб қолган Аъзамжон ҳожи, – аслида ўша шеърни Муҳаммад Юсуф опаси Гулчеҳра опага бағишлаб ёзган. Агар йўлимиз тушиб, опанинг уйига борсак, шеърнинг ёзилиш тарихи ҳақида батафсил билиб оласиз.

Иттифоқо, Янгиқўрғон туманида ижодий-маданий ишлар бўйи­­ча тарғиботчиларнинг ҳудудий ўқув йиғини ўтказиладиган бўлиб қолди. Йиғинга Чортоқ, Янгиқўрғон ва косонсойлик тарғиботчилар таклиф қилинганди. Жўнаш олдидан Аъзам­жон ҳожига Янгиқўрғонга ўқув йиғинига кетаётганлигимни айтдим. Аъзамжон йиғилишдан хабари борлигини, лекин тоби йўқлиги сабабли боролмаслигини билдириб, узр сўради. Бироқ ўқув машғулоти бош­ланишига саноқли дақиқалар қолганда, у бирдан залга кириб келди.

– Ие, ҳожим, тобим йўқ дегандингиз-ку, – дедим у билан салом-аликдан сўнг.

– Бир нарса эсимга тушиб қолди, касалимни йиғиштириб қўйиб, машинанинг газини босдим. Йиғилиш тугагандан кейин бир жойга бориб келамиз.

Дарҳақиқат, йиғилишдан сўнг ваъда берганидай, Аъзамжон ҳожи машинаси рулини Чортоқ томонга бурди. Машинада у кишининг икки қизи – Назира ва Насибалар ҳам бор эди.

– Қаёққа йўл олдик? – деб сўрадим Аъзам­жон ҳожидан.

– Тўғри Пешқўрғонга, Гулчеҳра опаникига борамиз. Фурсатдан фойдаланиб опадан «Лолақизғалдоқ»нинг ёзилиш тарихини сўраб-суриштириб, билиб оласиз. Ундан сўнг Балиқли кўлни зиёрат қилиб, Султон Увайс Қаранийнинг ҳақларига икки калима Қуръон ўқиб, уйга қайтамиз.

…Борсак, Гучеҳра опа уйларида эканлар. Дастурхон ёздилар. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг опадан «Лолақизғалдоқ»нинг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаб бериш­ларини илтимос қилдим. Опа қимтиниб, паришон ҳолда «Лолақизғалдоқ» ҳақидаги воқеа­­ни сўзлаб бердилар:

– Муҳаммаджон «Тико»сида автофалокатга учраб, Тошкетдаги травматология шифохонасида даволаниб ётганди. Мен ундан хабар олиб туриш учун Дўрмонга жойлашгандим. Бир куни кутилмаганда шифохона кийимида ҳовлиқиб, қўлида бир парча қоғоз билан кириб келди.

– Укам, жонинг оғриб турганда, бу нима юриш, – деб койидим уни.

 – Мен сизга атаб шеър ёзгандим, Гул момо, – деди Муҳаммаджон. – Шуни ўқиб бергани келдим…

– Шу қадар зарурмиди?

– Ҳа, опа! Ичимга сиғмай кетяпман. Битта шартим бор, агар йиғламасангиз ўқийман!

– Йиғлатадиган шеърми?

– Ўқийми?

– Ҳа, қани ўқи-чи…

Муҳаммаджон жароҳатини авайлаб, қўлидаги букланган оқ қоғозни очди-да, шеърини ўқий бошлади:

…Уларни мен яна

Кўрарманми-а,

Айвондан одамдек

Кузатолмадим.

Куз. Тўйлар бошланди.

Юрагим пора –

Битта қизимни ҳам

Узатолмадим…

Демак, тақдир экан

Тўй кўрмай ўлмоқ,

Лола, лолагинам,

Лолақизғалдоқ…

– Шу ерга келганда, мен ўзимни тута олмадим, лабимни тишладим, кўз ёшларимни ичимга ютдим, лекин ловуллаб ёнаётган оловдан сачраётган учқун каби дардли сатр­лар юрагимни илма-тешик қилиб куйдириб бораверди. Кўзимдан тирқираб оққан ёшни бекитиш учун қўлларимни юзимга босишим билан қалбимда кўпириб-тошиб турган туғён ташқарига отилиб чиқди.

Оғриқ, ҳис-ҳаяжон билан шеър ўқиб турган Муҳаммаджоннинг зийрак нигоҳлари ҳам киприклари устида пайдо бўлган кил-кил кўз ёшлари тўлқини ортида кўринмай кетганди…

– Бўлди! – деди у инграб ўрнидан тураркан. – Бу шеърни бош­­қа кўрмайсиз, мен уни бурдалаб ташлайман…

У шиддат билан ўрнидан турди-да, бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди. Ортидан югуриб чиқсам, остонада, айтганидай, бурдалаб, эзғилаб ташланган қоғоз парчалари сочилиб ётарди.

Шу-шу Муҳаммаджон ўша шеър ҳақида бошқа гапирмади ҳам, мен эслатмадим ҳам… Кейинчалик китобида ўша шеър Шавкат Раҳмонга аталиб чоп этилганидан хабар топганимдан сўнг ҳовуримдан тушгандек бўлдим.

Лекин Муҳаммад Юсуф ушбу шеърни нима учун айнан Гулчеҳра опага бағиш­лаб ёзганига аниқлик киритиш учун Аъзам­жон ҳожи билан орадан бир неча кун ўтгандан сўнг яна Пешқўрғонга бордик.

2022 йилнинг 1 январь куни бутун умрини ўқитувчиликка бағиш­лаган, ма­ҳал­ланинг маслакдоши, катта рўзғорнинг боши Гулчеҳра опа Турдиқулова етмиш беш ёшни қаршилаган эдилар. У кишини йўқлаб, қутлаб келган қариндош­лар, фарзандлар, набиралар ва меҳмонлар даврасида гул-гул яйраб ўтирган Гулчеҳра опа беҳад бахтиёр эди. Аъзамжон ҳожи шундоққина опанинг рўпарасида туриб Муҳаммад Юсуфнинг «Оддий муаллим» шеърини ёддан айтиб берди:

– Тупроқдек хокисор безовта жонлар,

Аммо қаноатда тоғдек улуғвор.

Ҳатто, Темурдайин Соҳибқиронлар

Пирим деб этагин ўпган зотлар бор,

Қайсар жаҳонгирга йўл кўрсатган ким?

Оддий муаллим-да, оддий муаллим…

Маълум бўлишича, Гулчеҳра опа Наманган давлат педагогика олийгоҳида ўқиб юрган пайтларида чортоқлик Қаноат Меҳмонов билан танишиб қолади. Бора-бора икки талаба ўртасида оташин муҳаббат пайдо бўлиб, улар бир-бирларини шу қадар севишган экан-ки, бутун бошли инс­титут ўша даврнинг Ромео ва Жульеттаси сифатида таниган экан уларни.

Дорилфунун аталган дунё,

Юксалтирар бизни кифт бўлиб,

Ўқишга тоқ келамиз, аммо

Тугатамиз некбин жуфт бўлиб.

Битиргунча чопар студент,

Ўзига ёр топар студент.

«Бетакрор фасл» номли шеърдан олинган юқоридаги сатрлар Қаноат ва Гулчеҳрага атаб ёзилган эди, деб хотирлаган экан севишганлар билан бир даврда ўқиган наманганлик ҳассос шоир Ёқубжон Аҳмаджонов.

Тил ва адабиёт фани фидоийлари бўлган Қаноат Меҳмонов ва Гулчеҳра Турдиқулова мустаҳкам оила қуриб, бахт­­ли ҳаёт кечира бошлашди. Бирин-кетин тўрт қиз ва уч ўғил дунёга келди. Муҳаммад Юсуф Наманган олийгоҳида (захирада) ўқиб юрган кезларида поччасиникига тез-тез бориб турарди. Баъзида жиянлари билан тоғ ёнбағирларида қўй боққан пайтлари ҳам бўлган. Қаноат ака қайнисининг ёзган шеърларини кечки пайтлари тинг­лаб, унга баҳо берарди. Қалбан яқин бўлганликлари учун бир-бирларига бўлган ишонч, ҳурмат, меҳр ҳам ортиғи билан бор эди уларда. Бир сўз билан айтганда, улар туғишган ака-укадай бўлиб қолишганди.

Афсуски, Қаноат Меҳмонов нав­қирон пайтида – қирқ уч ёшида бу дунёни тарк этади. Айрилиқ туфайли Гулчеҳра опанинг гулгун чеҳраси сўлғин бўлиб қолади. Опасининг қаддини тик тутиб туриш учун илоҳий бир суянчиқ керак эди ўшанда. Муҳаммад Юсуф опаси учун тоғ бўлди. Унинг ҳар бир ёзган шеъри худди гулга қуйилган оби-ҳаётдек Гулчеҳра опага руҳий мадад, мус­таҳкам ирода ва сабот тақдим этарди. Автофалокат туфайли оғир жароҳат олиб шифохонада ётган чоғида ушбу шеърни раҳматли поччаси номидан опасига бағишлаб ёзганди…

Гулим, яқинроқ кел,

Қара, не савдо,

Бу ажиб ишларни

Дил лавҳига ёз:

Кимга қаср етмас,

Кимга мол-дунё,

Менга эса ҳаво

Етмайди, холос.

Тириклар мудроқда,

Ўликлар уйғоқ –

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ…

Ҳеч нарса аёлга сабр, матонат бера олмайди. Ҳеч нарса аёлни юпата олмайди. Аёлнинг ўзи улкан сабр соҳибаси! Аёлнинг ўзи ўзини юпатади. Унга бундай буюк кучни, матонатни Яратганнинг ўзи ҳадя этган.

Етмиш беш ёшни қаршилаган, нозиккина, шамол эсса тебраниб турадиган лолақизғалдоқдек жуссага эга бўлган Гулчеҳра опага зимдан назар солиб, ўпкам тўлади. Бу аёл турмуш ўртоғи Қаноат аканинг, укаси Муҳаммад Юсуфнинг ташлаб кетганига чидаб, оташин шоир Шавкат Раҳмон оиласининг қайғусига ҳамдард бўлиб яшаб келмоқда экан.

Шоир шеърининг ҳикматини қарангки, биргина «Лолақизғалдоқ» уч оиланинг қисматига дахлдор бўлиб турибди. Гулчеҳра опа бу шеърда ўзи ва ўзига ўхшаган юзлаб гулчеҳраларнинг қисматини кўради. Шеър Муҳаммад Юсуф томонидан ўқиб берилган кундан бошлаб опанинг руҳиятига ёзилиб қолган. У юрган-турган чоғида ниманидир пичирлаб юради. Эҳтимол ўша сирли сатрларни ичида так­рор-такрор айтиб юрар:

Буни ҳаёт дерлар,

Унутма асло,

Бир кун очиласан,

Бир кун сўласан.

Қалбимда-ку фақат

Сен эдинг танҳо,

Қабрим устида ҳам

Ўзинг бўласан.

Сен бизнинг севгидан

Хотира – байроқ,

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ…

Муҳиддин ОМАД,

шоир

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКИЯ ЎРТАСИДАГИ КЕНГ ҚАМРОВЛИ СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИК ЯНАДА КЕНГАЙТИРИЛАДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ОЛИЙ ЕВРООСИЁ ИҚТИСОДИЙ КЕНГАШИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚИ

admin

Меҳнат ҳуқуқлари такомиллаштирилмоқда

admin