ADOLAT 24

“ИСТАНБУЛ ДАФТАРИ”НИ ВАРАҚЛАБ

Яратганнинг марҳамати билан дунёнинг қирқдан зиёд шаҳарларини кўрдим. Улар орасида Париж, Лондон, Нью-Йорк, Вашингтон, Пекин, Сеул, Қоҳира, Женева, Брюссель, Берлин, Москва, Деҳли, Теҳрон каби жаҳонга машҳур шаҳарлар бор. Ана шу мегаполислар ичида менга жуда ёққанларидан бири – Истанбул.

Шаҳарлар ҳам одамларга ўхшайди. Чеҳраси очиқ, юзидан нур ёғилиб турадиган, қалби тоза, кўнг­ли очиқлиги қарашларидан билиниб турадиган инсонлар бўлади. Уларни кўрсангиз кайфиятингиз кўтарилади. Яна шундай одамлар ҳам борки, доимо нимадандир ранжиб, нолиб юради, башара тунд, гўё бир жойи оғриётгандай юзи тиришиб юради. Бунақа одамни кўрсангиз ўз-ўзидан дилингиз хуфтон бўлиб, кайфиятингиз тушиб кетади.

Шаҳарлар ҳам шунақа. Шундай шаҳарлар борки, у ерга борсангиз яйраб, кўнглингиз кўтарилади, дунё ташвишларини унутасиз. Бунақа шаҳарда зерикмайсиз, кетгингиз келмайди. Аксинча, баъзи шаҳарларда одамнинг юраги сиқилади, нимадир босгандай киши ўзини оғир сезади. Иложи борича тезроқ кетиш пайида бўлади.

Истанбул биринчи тоифага мансуб. Мен бу шаҳар ҳақида бирон нарса ўқисам ёки телевизордами, телефондами кўрсам, ҳатто у ҳақда нимадир эшитсам ҳам қувониб кетаман, дилим ғаш бўлиб турган бўлса, ғашлик тарқайди, кўнглим равшанлашади, кайфиятим кўтарилади. Истанбул доимо кулиб турадиган, истараси иссиқ шаҳар. Унинг тарихида қонли воқеа­лар ҳам, ташвишли йиллар ҳам кўп бўлган. Бу мардона шаҳар ҳаммасидан эсон-омон чиққан. Балки булар унинг ободлиги, гўзаллиги, ранг-баранглиги, бағрикенглиги натижасидир. Нияти пок инсоннинг ошиғи ҳамиша олчи бўлгани сингари Истанбул ҳам ана шу фазилатлари туфайли дунё­нинг энг гўзал, ҳамма ҳавас қиладиган шаҳарлари қаторига чиққандир. Унинг иқтисоди ҳам жадал ривож­ланмоқда. Туркия миллий даромадининг учдан бири ушбу шаҳар ҳиссасига тўғри келади. Дипломатик ваколатхоналар кўплиги бўйича Нью-Йорк­дан кейин иккинчи ўринда туради.

Истанбулнинг дунёдаги биронта шаҳарда учрамайдиган ўзига хос жиҳати бор. У икки йирик қитъани – Осиё ва Европани бир-бирига боғлаб туради. Бу – шаҳар учун, унинг аҳолиси учун Оллоҳнинг иноятидир. Бу шаҳарнинг тарихи ҳам, бугуни ҳам жуда бой ва қизиқарли. Ислом ва нас­роний динлари тўқнаш­ган бу ерда. Истанбулда тарихий ёдгорликлар, музейлар кўп. Уларнинг ҳар бирини обдон томоша қилиш учун бир неча кун керак бўлади. Биргина Аё София музейига ҳар йили миллиондан зиёд одам киради. Истанбул ислом дини учун ҳам табаррук маскан. Музейларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ки­йимлари, мўйлари сақланади.

Истанбул жаҳоннинг не-не императору султонларининг ҳавасини келтирган. Франция императори Наполеон Бонапарт “Бутун дунё бир бўлса, унинг пойтахтини Истанбул, деб эълон этардим”, дегани бунга бир мисолдир.

Истанбул ана шундай жозибали, довруқли, тарихий ва замонавий шаҳар. Бу ерда нуфузли халқаро анжуманлар тез-тез ўтказиб турилади.

Ўзинг яхши кўрган шаҳар ҳақидаги китоб қизиқиш уйғотиши табиий. Шу боис мен Аброр Ғуломовнинг “Истанбул дафтари” китобини иштиёқ билан ўқидим. Туркия, хусусан, Истанбул тарихи, шаҳар қачон пайдо бўлгани, қанақа номлар билан аталгани, Туркиянинг мустақилликка эришиш тарихи, кимлар Президент, бош вазир бўлгани, иқтисодий салоҳияти, халқаро миқёсдаги мавқеи, бир йилда қанча сайёҳ келиши… Хуллас, Туркия ва Истанбул ҳақида истаган маълумотни топасиз.

Мен Истанбулни уч кун – Қоҳирага бораётганда бир кун, Қоҳирадан қайтаётганда икки кун (самолёт чиптаси шундай экан, бундан роса қувонганман) томоша қилиш бахтига муяссар бўлганман. Китоб муаллифи Эркин Воҳидовнинг Истанбул ҳақидаги фикрини келтиради: “Истанбул шаҳрида мовий Босфор устида бу кўрфазнинг икки қирғоғини туташтириб турган улкан кўприк бор. Бу машҳур ва маҳобатли иншоот Осиё ва Европа қитъаларини бир-бирига улайди. Ҳар гал шу кўприк яқинига борганимда ўзининг улуғворлиги, кўтарган юкининг залворлилиги, табаррук уҳдаси билан мени ўзига ром этади”.

Улуғ шоиримизнинг бу таърифи ва ҳиссиёти ушбу гўзал, салобатли шаҳарга борган, мазкур кўприкдан ўтган ҳар бир кимсага бегона бўлмаса керак, деб ўйлайман. Одам кўприкдан ўтиш остонасида беихтиёр ўйга берилади: Осиёдан Европага ўтаяпман ёки Европадан Осиё­­га ўтмоқдаман…

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг одамни ғалати, таърифлаш қийин бўлган ажиб туйғулар чулғайди. Масалан, мени шу туйғу ўраб олган ва анчагача тарк этмаган. Истанбулликларга ҳавасим келган.

“Истанбул дафтари”ни таҳлил қилмоқчи эмасман. Китоб тўғрисида ёзилди, яна ёзилажак. Ушбу китобни мутолаа қилиб, баъзи боблари ва саҳифаларини қайта-қайта ўқиб, бир фикр туғилди. Мустақиллигимизнинг 31 йиллигини нишонладик. Шу йиллар ичида дунёнинг қанча-қанча давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатдик. Ҳозир ўттиз беш давлатда элчихонамиз, йигирмага яқин бош консулхонамиз бор. Уларнинг ҳар бирида ўнлаб элчилар, консуллар ва бошқа ходимлар ишлаган ва ишламоқда. Шулардан биронтаси Аброр Ғуломовга ўхшаб китоб ёздими? Масалан, мен кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Ваҳоланки, ҳар бир элчихона ва бош консулхонамиз ўзи ишлаб турган давлат, унинг пойтахти ҳақида китоб ёзса (уни элчи ёзадими, бош­­қа ходим ёзадими – аҳамияти йўқ) қандай яхши иш бўлар эди. Табиийки, бундай китобда ўша давлат билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тарихи, бугуни ва келажаги акс этади. (“Истанбул дафтари”да шу нарсалар бор). Масалан, Франция билан алоқаларимиз Амир Темур бобомиз давридан бошланган. Испания қиролининг Амир Темур салтанатидаги элчиси Клавихони, унинг ёзганларини эслайлик. Улар бугун биз учун қанчалар қадрли, қимматли манба.

Демак, икки томон элчилари ўз кузатишларини ёзса, тарих учун қимматли маълумотлар бўлиб қолади. Президентимиз элчиларимизга ўзи ишлаётган давлатдан мамлакатимизга инвес­тиция киритиш масаласи билан ҳам шуғулланишини топширди. Бу ўзаро ҳамкорлик кенгайишига олиб келади. Шунинг қаторига китоб ёзиш ҳам қўшилса, нур устига нур бўларди. Бинобарин, бундай асарлар келгуси авлодларимиз учун давлатимизнинг бугунги фаолияти, халқаро доирадаги мавқеи ва нуфузи, қайси давлат билан қанақа соҳаларда кўпроқ ҳамкорлик қилгани каби жуда муҳим масалалар ҳақида аниқ маълумот берувчи ишонч­­ли манба бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, қайси давлатда кимлар элчи бўлиб ишлагани ҳам тарих саҳифаларига муҳрланади. Тарих учун бунақа маълумотларнинг аҳамияти катта бўлишини унутмайлик.

 Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Таълим — истиқбол калити

admin

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди

admin

Келажак пойдеворини Матбуотсиз яратиб бўладими?

admin