ADOLAT 24

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси (давоми)

ИЛМ-ФАН – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этишда партия таълим, илм-фан ва инновация ривожига алоҳида эътибор қаратади, бу соҳаларда ҳам ҳали кўп ечилмаган муаммолар мавжуд. Бу борада партия:

илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни нафақат молиявий қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган самарали механизмларни яратиш;

жамиятда илм-фан қадрини кескин ошириш, олимлар ва тадқиқотчилар учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш;

фундаментал ва миллий кутубхоналарни, ресурс марказларни ҳамма учун очиқ илм излаш марказларига айлантириш;

илм-фандаги тегишли ҳуқуқий база билан тартибга солинадиган таркибий, ташкилий, молиявий ҳамда кадрлар ва инфратузилмага оид ислоҳотларни амалга оширишни муҳим вазифалар деб билади.

Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошади, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз нафақат олимларни, ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарурий шароитлар яратамиз! Шунингдек, бугунги кунда эътибордан четда қолаётган иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизда фундаментал фанлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш; қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар; гидрология ва сув муаммолари; энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар; экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаймиз.

Мамлакатда “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – 2030” концепциясини ва манзилли дастурлар ишлаб чиқиш таклифини илгари сурамиз. Бунда, алоҳида эътиборни Каратахен протоколини амалга оширилишига ва ген муҳандислик усуллари ёрдамида ўзгартирилган организм маҳсулотларини яратиш ва фойдаланиш тамойилларига қаратамиз.

Биз учинчи Ренессанснинг пойдевори ҳисобланмиш илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан – таълим –– ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.

Ўзбекистонда жаҳоннинг Гавай, Канар ороллари ҳамда Чилида жойлашган энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша оладиган Майданак обсерватория­сидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодларимиз илмий мероси анъаналарини давом эттирамиз.

ҲАР БИР ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ТЎЛИҚ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА БЎЛАДИ

Аҳолимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналиш­ларимиздан бири бўлиб қолади.

Биз “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқамиз, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” яратамиз.

“Тиббиёт ходими” мақомини белгилаймиз, уларнинг ижтимоий мухофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштирамиз.

Шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касаллик­ларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.

Дори-дармон спекуляциясига, нарх­лар­­нинг асоссиз оширилишига чек қўямиз!

Давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизимини босқичма-босқич йўл­­га қўямиз.

Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизимини шакллантириш орқали дориларнинг нархини барқарорлаштирамиз ва сифатини таъминлаймиз.

Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз – қишлоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш.

Биз аҳолига мутлоқ кафолатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакл­лантиришни давом эттирамиз.

Мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни изчил давом эттирамиз ва ушбу тизимга энг замонавий ускуналарни, билимли ва тажрибали мутахассисларни жалб қиламиз.

Айниқса, бугунги кунда болалар орасида кенг тарқалаётган ва уларнинг соғлом ривожланишига тўсиқ бўладиган ясситовонлик, сколиоз, тиш касалликларига биринчи ва ўта муҳим масала сифатида қараймиз.

Аҳолини касалликлардан ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириб, касаллик­ларга ўз вақтида ташхис қўйиш учун мунтазам равишда кўрикдан ўтиш, тўғри овқатланиш, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш тушунчаларини сингдириш мақсадида “Тиббий маданият” тизимини яратиб, уни амалда қўллаш чораларини кўрамиз.

АЁЛ – МУҚАДДАС, ОИЛА – ЖАМИЯТ АСОСИ!

Аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила аёллар ўз тарбияси билан оиладаги ижобий муҳитни, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб туради.

Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенг­лигига эришиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир.

Партия оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга асосий эътиборини қаратади.

Репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини узоқ муддатли режалаштириб, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга оширамиз.

Биз адолатли жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишни давом эттириб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз.

МАЪНАВИЯТ ХАЛҚ ШУУРИДА БЎЛИШИ КЕРАК

Ҳар қандай давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади. Адолат ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир.

Шу нуқтаи назардан, жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мус­таҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқамиз.

Маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш мақсадида тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари” кодексини яратамиз ва айрим жиноят турларига маънавий жазо қўллашни илгари сурамиз.

Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнларида бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, яқин қўшничилик, ҳашар каби қадриятларни ривожлантириш, ташаббускорлик, фидойилик, Ватан тақдирига дахлдорлик каби фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишда маънавий хавфсизликни таъминлашнинг қонуний асосларини яратишни асосий вазифаларимиздан бири деб биламиз.

Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди!

Мустақиллик даврида мамлакатимизда содир бўлган энг катта ўзгаришлардан бири муқаддас динимиз – исломнинг ҳаётимиздаги муҳим ўрни тикланганидир. Ушбу воқелик, айниқса, охирги йилларда ўзини яққол намоён этмоқда. Бунинг асосий сабаби динимизнинг ҳар қандай инсон учун азиз бўлган том маънодаги умумбашарий қадриятларга асосланганидир. Уларнинг марказида ростлик, ҳалоллик, поклик, виждон, бош­қача айтганда, том маънодаги адолатнинг асл қирралари ётганидадир.

Исломда тарғиб этиладиган инсонпарвар, тинчликсевар, бағрикенг, саховатпеша бўлиш, инсоф, меҳр-мурувват ва савобга интилиш каби улуғ фазилатларга элтувчи йўл эса, шубҳасиз, илму маърифат йўлидир. Дастуримизда динимизнинг илму ирфон, яъни, дунё­вий юксалишга чорловчи ғоялари тарғиботини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида ўрин ажратилади.

Ислом динининг бош манбалари – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён этилган – ҳам маънавият, ҳам моддийлик билан боғлиқ илмий ғояларни чуқур ўрганиш ва кенг омма орасида тарғиб қилишга қаратилган “Ислом манбалари ва мантиқий билимлар уйғунлиги” лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Диний омилнинг яратувчан кучига ишонч партиямизнинг дунёвий тараққиёт йўлига бўлган садоқатига заррача соя солмайди. Зеро, тарих гувоҳлик берганидек, диний ва миллий хилма-хиллик шароитида дунёвийлик тамойилига асосланган тараққиёт йўлигина барқарор умуммиллий ривожланишни кафолатлайди.

Биз динимизнинг илму ирфон, яъни, дунё­вий юксалишга чорловчи ғоялари тарғиботини кучайтириш орқали “Ислом манбалари ва мантиқий билимлар уйғунлиги” лойиҳасини амалга киритамиз.

САМАРАЛИ ИҚТИСОДИЁТ – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Бизнинг партия давлат иқтисодий натижа ва ютуқларини адолатли тақсимлаш тарафдори!

Бугунги кунда иқтисодиётнинг самарали ривожланишини, давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган ялпи ички маҳсулотни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналиши, адолатлилигини ҳар бир фуқаронинг онгу шуурига етказиш партиянинг бирламчи вазифасидир.

Шунинг учун биз рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаймиз. “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш Концепцияси – 2030” лойиҳасини жорий қиламиз.

Иқтисодиёт қачон ривожланади, қачонки эркин ва рақобатли бўлса. Биз рақобатни кучайтириш орқали монополияга барҳам берамиз. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суднинг қарори билан ечимини топади.

Шунингдек, бандлик соҳасида онлайн иш билан таъминлаш каби масалаларни қамраб оладиган “Рақамли иқтисодиётда аҳоли банд­лигини таъминлаш Концепция­­си – 2030” ишлаб чиқишни илгари сурамиз.

Биз аҳолининг катта қисми яшаётган қиш­лоқ ҳаётини тубдан янгилаймиз, яъни, энг оғир бўлган куз-қиш мавсумида ҳар бир қишлоқда узлуксиз ва эҳтиёжни тўлиқ таъминлайдиган даражада табиий газ ва электр энергияси етказадиган тизимни жорий қиламиз.

Агрофирма ва давлат хўжаликларида қиш­лоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришга, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришга, бандлик ва қашшоқлик муаммоларини ҳал этишда жуда катта натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.

Адолатли жамият ва давлат қурилишининг иқтисодий тараққиёти барқарорлигини таъминлаш борасида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз:

инновацион ёндашувли рақамли иқтисодиётга ўтишни ташкил этиш, иқтисодиётнинг таркибий тузилмалари фаолиятини мақбуллаштириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш;

иқтисодиёт тармоқларида BigData юқори технологияларини жорий этиш орқали маълумотлар базаларини шакллантириш, таҳлил этиш ва бошқариш жараёнларини ривож­лантириш;

иқтисодиётда сунъий интеллектдан фойдаланишда информацион технологияларнинг кенг жорий этилишига эришиш;

тадбиркорликнинг барча поғонасида “ҳам қўллаш, ҳам қувватлаш” тамойилини жорий этиш ва бу фаолиятни тубдан ўзгартириш орқали “тадбиркорнинг етакловчиси” давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритадиган институтни жорий этиш;

иқтисодиётда сунъий монополияга қонуний барҳам бериш ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган рақобатни қўллаб-қувватлаш мақсадида мавжуд ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромаднинг аҳоли асосий даромад манбаи, ишлаб чиқаришни ривож­лантиришнинг энг муҳим рағбатлантириш мезони бўлишига эришиш;

интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқлар ва бошқа) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ихтирони қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.

Партиямиз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга оширади.

Биз адолатли ва рақобатбардош тадбиркорлик фаолиятини жорий қиламиз. Бунда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўямиз. Хусусан, “УзАвтоМоторс” АЖга берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15% дан камайтириб очиқ рақобатга ўтишни, божхона тушумларининг камайи­­ши эса тўланадиган солиқлар билан қопланишини таъминлаймиз.

Шу нуқтаи назардан, солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ушбу солиқ тушумлари орқали моддий қўллаб-қувватлашни таклиф қиламиз.

Шунингдек, ижтимоий тенгликни ўрнатиш мақсадида қимматбаҳо буюмларга солиқ ва катта майдондаги кўчмас мулк учун прогрессив солиқларини жорий этамиз.

Биз декларациялар топшириш тизимини янада такомиллаштириб ҳаётга чуқурроқ интеграция қиламиз. Декларацияларни барча даромад олувчиларнинг топширишларига қаратилган сиёсатни олиб бориш билан биргаликда, ҳар бир инсоннинг катта миқдордаги харажатларни ҳам декларациялаш принципларини жорий қиламиз.

Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш мақсадида ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтирилиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Яъни, барча даражадаги давлат ташкилотларининг “шахсий чўнтаги” бўлган турли махсус жамғармаларни бекор қилиб, давлат бюджетига тушишини таъминлаймиз.

Бир сўз билан айтганда, халқ тўлаётган мажбурий ва бошқа турдаги тўловлар давлат бюджетига тушиши тарафдоримиз.

Бюджет харажатларининг шаффоф ва адолатли тақсимланишини тўлиқ назоратга оламиз. Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бош­қарув органлари харажатларининг шаффофлигини таъминлаймиз.

Биз янгича саноат сиёсатини юритамиз! Ялпи ички маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улушини кескин оширамиз! Саноат электр энергиясисиз бўлмайди. Бунинг учун нафақат АЭС, альтернатив электр манбаларидан кенгроқ фойдаланиш чораларини кўрамиз.

Тадбиркорларга қонуний имконият ва имтиёзлар берамиз. Аммо биз маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз!

ТИНЧЛИКСЕВАР, ПРОГРЕССИВ ТАШҚИ СИЁСАТ:

МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР УСТУВОРЛИГИ

Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз.

Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.

Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мус­таҳкамлаш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатни амалга оширамиз.

Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифаларимиздан бири, деб ҳисоб­лаймиз. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари (ЮНЕП, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқалар) билан ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз.

Биз юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида энг замонавий техника воситаларидан, шу жумладан, энг кучли реактив ҳимоя воситаларидан фойдаланамиз.

Мухтасар айтганда, олдимизда турган сайловда иштирок этиш орқали жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширишга қаратилган режаларимиз қисқача шулардан иборат.

Ҳурматли Қурултой қатнашчилари!

Бугун Сизлар билан учрашиб туришдан мақсад фақатгина Сайловолди дастуримиз билан таништириш эмас, балки Сизларнинг фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашиш, ҳамфикр бўлишдан иборат. Ўйлайманки, Сиз томонингиздан билдириладиган ҳар қандай фикр, таклифни биз олдимизга қўйган мақсадларни амалга оширишда ўзимиз учун муҳим вазифа, деб биламиз.

Барчамизнинг мақсадимиз бир — шу юрт равнақи, халқимиз фаровонлиги ҳамда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг бардавомлигини таъминлаш, ёруғ келажагимизни қуришдан иборатдир.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Tegishli xabarlar

ТОВЛАМАЧИ БЛОГЕР

admin

Уйғониш фасли 

admin

Қадрнинг бозори қайда?!

admin