ADOLAT 24

Халқ соғлиғи — юрт бойлиги

Ҳар йилнинг ўзига хос таровати, шукуҳи бўлади. 2021 йил, гарчи бутун дунё­­да бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия давом этган, унинг янги-янги турлари ҳаётимизга чанг солган бўлсада, у қалбимизга қувончли кунлари, ютуқлари, қўлга киритилган муваффақиятлари билан муҳрланди. Энг аввало, мамлакатимиз аҳолиси, халқимиз ҳар қандай оғир пандемия шароитида ҳам уни сабр билан, ақл-идрок ва тиббий тайёргарликлар, темир интизом билан енгиб ўтиш имконига эгалигини намоён қилди. Қолаверса, пандемия шароитида кам талофат кўрганимиз табобат соҳасидаги ютуқларимизнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Давлатимиз пандемияга қарши кураш борасида ўтган йилда катта ишларни амалга оширди. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, бу иш учун юртимизда 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу захира ҳисобидан бутун мамлакатимиз миқёсида пандемияга қарши эмлаш тадбирлари бепул йўлга қўйилди. Халққа нисбатан бундай саховат ҳамма мамлакатларда ҳам амалга оширилмаганини яхши биламиз.

Тан олиб айтишимиз керакки, рес­пуб­ликамизда собиқ шўролар даврида соғлиқни сақлаш тизими, тиббий хизмат кўрсатиш, табобат соҳасига инновацион янгиликларни жалб этиш борасида ниҳоятда орқада қолган эди. Ўша пайтлари биз касалларни бутунлай соғайтириб, соғлом ҳаётга қайтаришга эмас, уларни вақтинча даволашга, оёққа қўйишга интилардик.

Натижада мамлакатимизда йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимида беҳисоб муаммолар юзага келди. Бу муаммоларни ҳал қилиш осон эмас эди. Шунинг учун юртимиз мустақилликка эришганидан кейин соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш биринчи навбатдаги вазифалардан бирига айланди. Эътибор беринг, республикамизда ҳар бир йилга ўзига хос ном бериш анъанаси мавжуд. Бу анъанага мувофиқ ном берилган йилларнинг аксарияти соғлиқни сақлаш билан боғлиқ. Шу маънода ўтган йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб белгилангани ҳам бежиз эмас.

Ўтган йилда ҳомиладор аёллар ва 15 ёшгача бўлган болаларга 7 турдаги витаминлар, шунингдек, турли паразит­лик касалликларга қарши дорилар бепул тарқатилди. Бунинг натижасида ёшлар ва аёллар қанча касалланишлардан фориғ бўлди, ўзларининг куч-қувватларини тиклаб олдилар. Шу билан бирга, камқонлик, анемия касаллигига чалинганларни даволаш ва бу касалликнинг келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш борасида тиббий текшириш­лар кенг йўлга қўйилди. Бу текширишлар натижасида қайси касалликлар инсонлар учун қийинчиликлар туғдираётганига эътибор қаратилди. Айтайлик, рес­публикамизда айни пайтда 12 мингдан ошиқ инсон оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликларга, 5 мингдан ортиқ одам ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлганлиги аниқланди. Ёхуд кейинги йилларда ўткир қон-томир касалликларига чалиниш ҳолатлари кўпая­ётганлиги кузатилди. Натижада ушбу йўналишларда соғломлаштириш мажмуалари, марказлари бунёд этилди, улар замонавий технологиялар билан жиҳозланди.

Шу ўринда эндиликда шифохоналар, поликлиника, клиника ва барча соғломлаштириш марказлари электрон иш юритишга, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиалари ўртасида телемедицина ало­қаларини йўлга қўйишга киришилганидан беҳад хурсандмиз. Ахир биз тиббиёт соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланишни қанчалар интиқ бўлиб кутдик.

Хуллас, 2021 йилда ҳар бир инсон ва халқ соғлиғи — юрт бойлиги эканлиги ғояси ҳаётимиз аъмолига айланди. Бу олижаноб ғояни амалга ошириш кириб келган 2022 йилда ва келгусида ҳам изчил давом этишига ишонамиз. 

Турғунпўлат Даминов,

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги

Tegishli xabarlar

Адолат устувор юрт фаровон бўлади

admin

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

admin

ИЧКИ ТУРИЗМ ХИЗМАТЛАРИНИ ДИВЕРСИФИКАЦИЯ ҚИЛИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin