ADOLAT 24

Юзма-юз мулоқотлар давом этмоқда

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда сайловчилар билан учрашиб, уларнинг яшаш шароити, ўйлантириб келаётган муаммолари билан қизиқмоқда. Аниқланган муаммолар депутатларнинг ёрдами билан бирин-кетин ижобий ечимини топмоқда.

Андижон: Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган. Хўш, жойларда бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова Андижон туманида бўлиб, тиббиёт муассасалари ходимлари олдига айни шу саволни қўйди. Жумладан, тумандаги Бобоғози оилавий поликлиникаси ўрганилганда, ютуқлар билан бирга қатор камчиликлар кузатилди.

Поликлиника 2021 йилда қайта ташкил этилиши режалаштирилган. Бироқ бино ҳамон таъмирталаб. Табиий газ, электр энергияси ва сув масаласи муаммо. Бу тиббиёт ходимларининг талаб даражасида ишлашига имкон бермайди.  

Мавлуда Адҳамжонова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Мазкур тиббиёт муассасасидаги яна бир муаммо лаборатория учун зарур тиббий асбоб-ускуналарга эга эмаслигидир. Тизимда катта ислоҳотлар амалга оширилаётган бир вақтда бу ачинарли, албатта. Масъул раҳбарлар масалага жиддий эътибор қаратиб, камчиликларни бартараф этиши лозим. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова Жалақудуқ туманида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ишларни ўрганди. Туман ИИБ  ЙҲХБ ҳамда туман “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари билан мавзу юзасидан суҳбатлашди. Соҳа ходимларининг фикрларини ўрганиш баробарида уларнинг вазифалари юзасидан таклифлар билдирди.

Олтиной Мамирова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Президентимиз кўрсатиб ўтганидек, асосий эътиборни ҳайдовчиларни тайёрлашда талабни кучайтиришдан бошлаш керак. Қоидани билган ҳайдовчи қоидабузарликка йўл қўймайди. Бу ўз-ўзидан кўнгилсиз йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишининг олдини олади. 

Халқ вакили юқоридаги масала юзасидан жамоатчилик фикрини ҳам ўрганди. Мақсад йўлларда ҳаракатланиш борасида ҳайдовчининг ҳам, пиёдаларнинг ҳам масъулиятини оширишга қаратилди.

* * *

Бухоро: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Вобкент туманида ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида бўлиб, сайловчилар билан учрашди. 

Жумладан, тумандаги “Кумушкент” МФЙ аҳолиси билан учрашувда аҳоли томонидан йўл муаммоси кўтарилиб, туманнинг “Минг­лар” ва “Бутчалар” қишлоқлари оралиғидаги ички йўлнинг торлиги, автотранспорт воситаларининг қатнови билан бирга аҳоли, хусусан, ўқувчиларнинг мактабга қатнашида ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги қайд этиб ўтилди. 

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев ҳамда “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мақсуд Ҳамидов жойига бориб, фуқаролар мурожаатига аниқлик киритди. Ўрганиш жараёнида “Ҳожиев Тўрабобо” номли фермер хўжалиги йўлнинг бир қисмини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олганлиги маълум бўлди. Шунингдек, йўлнинг икки томонига тут кўчатлари экилганлиги йўлнинг торайиб қолишига, пиёдалар йўлакчаси йўқлиги ўқувчиларнинг мактабга қатнашида қийинчилик туғдираётганига гувоҳ бўлишди. Депутат Қ.Жўраев муаммони ҳал этиш мақсадида туман ҳокимлиги билан боғланди. Туман ҳокимлиги қисқа муддат ичида ушбу муаммони ижобий ҳал қилишга ваъда берди. 

Депутатлар Таваккал Чориев ва Қодир Жўраев ҳамда партия Бухоро вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов ҳамкорлигида вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда жорий йилнинг 11 февраль куни Президентимиз раислигида “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди. 

* * *

Самарқанд: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Шуҳрат Полвонов ҳамда Музаффара Абдиева Пастдарғом ва Нуробод туманларида бўлиб, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида марказий шифохона ҳамда бир қатор дорихоналарга борди, уларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш салоҳияти ва фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, Музаффара Абдиева Боғишамол оилавий шифокорлик пунктида бўлди. Муассаса туман марказидан 30 км. масофада жойлашган бўлиб, хизмат кўрсатиш радиуси 15 км. Тиббиёт муассасасида моддий-техник база, тиббий асбоб-ускуналар таъминоти, иситиш масалаларида амалга оширилиши лозим бўлган муаммолар борлиги аниқланди. Депутат М.Абдиева аниқланган муаммоларга ечим топишга киришди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов ўз учрашувларини Пастдарғом туманидаги “Манғитобод”, “Парча Қора”, “Парча Чандир”, “Нов Чандир” маҳаллаларидаги фуқаролар мурожаатларини тинг­лашдан бошлади. Ҳудудда жойлашган 18, 29-мактабларда ҳам бўлди. Аҳоли томонидан кўтарилган 18-мактаб­­га қўшимча бино ва янги трансформатор зарурлиги, 29-мактабга кураш мати ва спорт залини таъмирлаш юзасидан билдирилган мурожаатлар асосида депутатлик сўрови чиқаришини маълум қилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Манғитобод” ва “Парча Чандир” маҳаллаларига сув минораси иншооти қуриш учун тегишли ташкилотларнинг мутасадди вакиллари билан мулоқот олиб борди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Комполщик Самарқанд шаҳридаги “Боғи сарой”, “Ўрта Хўжа Сахат” маҳалла фуқаролари йиғинида шаҳар кенгаши депутатлари Б.Сафаров ҳамда Д.Камолов ҳамроҳлигида фуқаролар билан мулоқот ўтказди. Маҳалла фуқаролари томонидан ўртага ташланган маҳалланинг ички кўчаларини асфальтлаштириш ҳамда 54 дона эскирган сим­ёғочларни янгисига алмаштириб, тармоқ линия­ларини янгилаш борасидаги мурожаатлари депутат назоратига олиниб, мутасаддилар билан келишган ҳолда ижобий ҳал этилиши маълум қилинди. Маҳалла ички йўлларини таъмирлаш, бандлик масалаларида фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларга депутатлар ҳомийлар кўмагида ёрдам беришга келишиб олдилар. Бандлик масаласида мурожаат қилган икки нафар хотин-қизларни маҳалла қошида ташкил этилган қандолатчилик цехига ишга жойлаштириш режалаштирилди.

* * *

Қашқадарё: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров Нишон ва Қарши туманларида фаолият олиб бораётган судлар иши билан танишди. 

Суд тизимида фаолият олиб бораётган ҳуқуқшунослар билан юзма-юз мулоқотларда фуқароларни қабул қилиш учун шароитлар, суриштирув, тергов ҳамда суд органларининг қарорлари ва хатти-ҳаракати устидан қилинган шикоятлар ҳамда уларнинг кўриб чиқилиши, одил судловнинг амалга оширилишида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик даражаси диққат марказида бўлди.  

Депутат томонидан Нишон ва Қарши туманлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари фаолияти, жойларда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, ҳайдовчилар тайёрловчи ўқув ташкилотларининг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланганлик ҳолати, йўлларда қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш ишлари ва соҳага оид муаммолар ўрганилди. 

Депутат Дилшод Ҳамзаев Ғузор тумандаги 1-сонли мактабда бўлиб, ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб директори Лола Усмонова таълим маскани биноси қурилишида чала қолган бунёдкорлик ишларини ниҳоясига етказиш учун амалий кўмак сўради. Депутат унинг мурожаатини тумандаги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этди. 

Шунингдек, депутат халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик котибияти фаолиятини атрофлича ўрганди ва уларга фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар билан танишди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларида фуқароларни қийнаб келаётган бошқа бир қатор масалалар ҳам ўрганилди ва тегишли тартибда бартараф этиш чоралари кўрилди. 

* * *

Наманган: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрида сайловчилар билан мулоқотлар ўтказди. Уларда парламент фаолияти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, давлат раҳбари томонидан олға сурилган Тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиши ва бошқа мавзулар ҳақида фикр юритилди.

Депутат қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Бунда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш масалаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари билан суҳбатлашди. Мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олинди. Маҳаллалардаги ўрганишлардан сўнг Д.Исмоилов сайловчилар қабулини ўтказди. Унда ўттизга яқин киши иштирок этди.

– Сайловчилар қабулида мен ҳам қатнашдим, – дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Депутатимиз ҳар бир фуқарони диққат билан тинг­лади. Уларни қийнаётган муаммоларнинг мазмун-моҳияти ёзиб олинди. Қонуний ҳал қилиш чоралари кўрилажаги айтилди. Бу эса, албатта, кишиларда ўзларини ўйлантираётган масалалар ечими топилишига умид ва ишонч уйғотди. 

Сайловчиларнинг мурожаатларини таҳлил этсангиз, уларнинг мавзуси хилма-хил эканлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, Маҳмуджон Исомиддинов ўзи яшайдиган “Оромгоҳ” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар орасидаги ички йўлларни асфальтлаш, болалар учун майдончалар ташкил этишда ёрдам сўради. Шу ҳудудда жойлашган вилоят онкология шифохонаси учун поликлиника қуриш таклифи ҳам билдирилди.

Фурқат номли маҳалла фуқароси Саодат Холбоева эса ўзи яшайдиган ҳудудда мактаб қуриш зарурати мавжудлигини айтди. Худди шундай таклифни Беруний номли маҳалла аҳолиси номидан Сожида Жўраева ҳам билдирди.

Мурожаатларнинг каттагина қисми турар-жой шароитларини яхшилаш билан боғлиқ бўлди. 

* * *

ХОРАЗМ: Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг хонқалик сайловчилар билан учрашувлари самарали ташкил этилмоқда.

Хусусан, Хонқа туман ҳокимлиги мажлислар залида депутат, туман ҳокими ва туманда фаолият олиб бораётган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда баён этилган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Болжон Отажанованинг уй-жойга муҳтожлиги тўғрисидаги мурожатига асосан, ҳуқуқий маслаҳат берилиб, ҳужжат тўплаш ишлари тушунтирилди. Шунингдек, мурожаатчининг қизи ишсиз эканлиги тўғрисидаги баёни эътиборга олинди ва туман бандлик бўлими мутасаддилари ёрдамида “Тошкент маркет” корхонасига ишга жойлаштирилди.

Ижарада яшаб келаётган Ҳайитжон Каримованинг нафақаси ижарага ва кунлик харажатларга етказмаётгани боис у олдин ишлаган туман пиллачилик корхонасига қайта ишга жойлаштиришни сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилди. 

Мирзабек Ваисовнинг бир неча йилдан буён юрак хасталиги билан касаллангани ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклиги, аммо моддий томондан қийинчиликлар бўлаётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори тавсиясига асосан, мурожаатчи фаолият олиб бораётган туман газ қуйиш хусусий шохобчаси раҳбарияти томонидан жарроҳлик учун керак бўлган 14 миллион сўм миқдоридаги маблағ ҳомийлик асосида амалга ошириладиган бўлди.  

“Илғор” маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Санобар Сотлиқованинг ўғлини уйлантиришда моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатига асосан, даставвал мурожаатчига тўйни ихчам ўтказишга доир маслаҳат берилди ва ҳомий тадбиркорларга мурожаат этиб, тўй харажатларни қоплаб бериш туман хотин-қизлар қўмитасига топширилди.

* * *

Сирдарё: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Иномжон Қудратов ва Нодира Джанибекова Сирдарё вилоятидаги судларга ташриф буюриб, тизимдаги янгиликлар билан танишишди.

Депутатлар жиноят ишлари бўйича Гулис­тон шаҳар суди биносида ҳам фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишишди, адвокатлар хизматидан фойдаланиш масаласида, ҳуқуқ, суд жараёнини онлайн кузатиш ва одил судловни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, депутатлар вилоят маъмурий суди судяси Абдуҳалим Аҳмедов, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобошер Қурбонов, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Гавҳар Олимова, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Акмал Раҳимов, жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг раиси Жавлон Жабборовлар билан учрашиб, жойларда суд тизимидаги ислоҳотлар бориши, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани борасида фикрлашдилар.

Шунингдек, депутатлар Президентимиз бошчилигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан қандай ишлар амалга оширилаётганлигини ўрганишди.

* * *

Фарғона: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева ҳам Бағдод туманида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Туманда йўл-транспорт ҳодисалари, тирбандликнинг олдини олиш, йўл белгилари ва светофорларни керакли жойларга ўрнатиш, йўлларни кенгайтириш, бозор ҳудудини тартибга солиш, рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари билан суҳбатлашди.

Шунингдек, ҳудудда одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш юзасидан учрашув ўтказилди. Ҳудудда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларига монеликсиз мурожаат қилиш имконияти, фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар, электрон мурожаат қилиш ва маълумотлар олиш имконияти ўрганилди.

* * *

Тошкент шаҳри: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 213-сонли умумтаълим, Бектемир туманидаги 289-умумтаълим мактабларида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича суҳбат ҳамда савол-жавоблар ўтказди. Мактабнинг билимдон ўқувчиларига “Адолат” СДП томонидан “Йўл ҳаракати қоидалари” ва “Коррупция ёшлар нигоҳида” деб номланган китоблар тақдим этилди.

Ҳудуд бўйича мавжуд муаммоларни ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 215-сонли мактаб директори Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Абдуллаевага мурожаатида мактаб учун замонавий болалар спорт майдончасини қуриш зарурати бор экани ҳамда бу масалада Тошкент шаҳар Кенгаши депутатига ёзма равишда мурожаат қилганини билдирди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар депутати бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан болалар спорт майдончасини қуриш масаласи очиқ қолиб кетаётгани билан боғлиқ масалани кўтарди. О.Абдуллаева ушбу муаммоли масалани ўз назоратига олди.

Материаллар ҳудудий кенгашлар матбуот хизмати маълумотлари асосида тайёрланди

Tegishli xabarlar

Президент қўлидан совға олган қишлоқ қизининг қувончи

admin

МАҲАЛЛАЛАРДА ЁШЛАРНИ ОММАВИЙ СПОРТГА ЖАЛБ ҚИЛИШНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

admin