Бухоро туманида «Уч авлод учрашуви» маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди.
Учрашувда Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши раиси Муҳаммаджон Исломов, депутат Умида Содиқова, турли ҳаётий тажрибага эга педагог фахрийлар бир мақсад — ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида юртга муҳаббат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлашди. Ватанга садоқат, миллий қадриятлар, маънавий тарбия ҳамда авлодлар ворислиги ҳақида самимий мулоқот қилди.
Фахрийлар ўзларининг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритиб, бугунги тинчлик ва осойишталикнинг қадри, ҳалол меҳнатнинг баракаси, илм олишга бўлган интилишнинг натижалари, миллий қадриятларга садоқатнинг аҳамияти хусусида қимматли фикрларини билдиришди.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамият тараққиётида фуқароларнинг, хусусан, ёш авлоднинг фаол иштироки ҳақида ўз мулоҳазаларини баёт этишди. Шунингдек, партия вакиллари ва депутатлар мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтишди.
Ёшлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, келгусидаги режалари ва саволларига ҳаёт тажрибасига эга устозлар ва нуронийлар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди. Ушбу учрашув ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтаб берди.
