Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳамда «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат геология-қидирув соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш, ер қаъри бойликларидан оқилона фойдаланиш, экологик масъулиятни ошириш ҳамда соҳа ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Меморандум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунлар, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида ишлаб чиқилди.
Таъкидланганидек, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, ер қаъри бойликларини асраб-авайлаш, соҳада замонавий ёндашувларни жорий этиш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда соҳавий ташкилотлар билан бир қаторда сиёсий партиялар, жамоатчилик институтлари ва фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштироки ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳужжатда геология-қидирув ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида қонун ижросини таъминлаш, экологик хавфсизликка масъулият билан ёндашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Бу эса Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг ижтимоий адолат, қонун устуворлиги, экологик барқарорлик ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир.
Ҳамкорлик доирасида соҳа ходимларининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда малакали кадрларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, фаол ёшлар, муҳандис-техник ходимлар, соҳа фахрийлари ва юқори малакали мутахассисларнинг жамоатчилик ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларни ихтиёрийлик асосида партия сафига жалб этиш ҳам кўзда тутилган.
Меморандум доирасида «Ўзбек геология қидирув» АЖ ҳамда унинг ҳудудий филиаллари, экспедициялари ва бўлинмаларида партиянинг бошланғич ташкилотларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундай тузилмалар жойларда партиянинг меҳнат жамоалари билан бевосита мулоқотини кучайтириш, соҳа вакилларининг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни қонуний асосда ҳал этишга кўмаклашади.
Ҳужжатда қонун ижодкорлиги йўналишига ҳам алоҳида ўрин берилган. Жумладан, геология соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уни миллий қонунчиликка татбиқ этиш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнларига соҳа мутахассисларини кенг жалб этиш белгиланди. Бу эса қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалийлиги ва соҳадаги реал эҳтиёжларга мослигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан республика ҳамда халқаро миқёсда конференциялар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва форумлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бундай мулоқот майдонлари депутатлар, экспертлар, соҳа мутахассислари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари ўртасида очиқ фикр алмашиш, амалий таклифларни илгари суриш имконини беради.
Меморандумни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси номидан Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Озода Парпибоева, «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти номидан бошқарув раиси Шамсиддин Алимов имзолади.
Тадбир давомида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сафига қўшилиш истагини билдирган бир гуруҳ «Ўзбек геология қидирув» АЖ ходимлари партияга қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Шунингдек, акциядорлик жамиятида партия аъзоларидан иборат бошланғич партия ташкилоти — БПТ тузилди.
Мазкур ҳамкорлик геология соҳаси вакилларининг сиёсий-ижтимоий фаоллигини ошириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш, экологик масъулиятни мустаҳкамлаш ҳамда адолат ғоялари асосида фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
