Ҳар қандай сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва таъсир доираси, энг аввало, унинг қуйи бўғинлари — бошланғич партия ташкилотларининг фаоллиги билан ўлчанади.
Айнан БПТлар аҳоли билан партия ўртасидаги бевосита мулоқот кўприги, жойлардаги муаммо ва ташаббусларни партия даражасига олиб чиқадиган муҳим таянч ҳисобланади.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2026 йилга мўлжалланган Иш режасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, қуйи бўғинлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда партиявий ишларнинг жойлардаги ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳридаги қатор туман Кенгашлари ва бошланғич партия ташкилотлари фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида бошланғич партия ташкилотларида ташкилий ишлар йўлга қўйилиши, ҳужжатлар юритилиши, партия аъзолари билан тизимли ишлаш ҳолати, партия сафига янги аъзоларни жалб этиш, аҳоли ўртасида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қабул қилинган партиявий қарорлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Жумладан, партиянинг Сергели туман Кенгаши ва ҳудуддаги қатор бошланғич партия ташкилотлари фаолияти ўрганилди. Абу Али ибн Сино номидаги Сергели жамоат саломатлиги техникуми қошидаги “Абу Али ибн Сино-1” бошланғич партия ташкилотида партия аъзоларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ҳамда партия ғояларини таълим муассасаси жамоаси ва ўқувчи-ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, тумандаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги “Маданият-2” бошланғич партия ташкилоти фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқотларни ташкил этиш, фуқароларни қийнаётган ижтимоий масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечимида партиянинг амалий иштирокини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш борасидаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, 12-оилавий поликлиника қошидаги “Соғлом авлод-4” бошланғич партия ташкилоти фаолияти юзасидан ҳам ўрганиш ўтказилди. Унда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўртасида партия нуфузини ошириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этиш, тиббиёт ходимларининг жамоатчилик ишларидаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ўрганишлар давомида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида ҳам партиявий ишларнинг ҳолати таҳлил қилинди. Хусусан, Шайхонтоҳур тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилотининг ташкилий фаолияти, ҳужжатлар юритилиши, партия аъзолари билан ишлаш тизими, янги аъзоларни партия сафига жалб этиш ҳамда партия қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ташкилот аъзолари муассаса ходимлари ўртасида партия ғояларини тарғиб этиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Айниқса, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида фаолият юритаётган партия аъзоларининг аҳоли ўртасида профилактик маданиятни кучайтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилиш, жамоат саломатлигига оид тушунтириш ишларида иштирок этиши партиянинг ижтимоий адолат, инсон саломатлиги ва аҳоли фаровонлигига қаратилган дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Ўрганишлар давомида пойтахтимиздаги бошланғич партия ташкилотлари томонидан партиявий ишларни ташкил этиш, аъзолар фаоллигини ошириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва ҳудудларда партия ғояларини тарғиб қилиш йўналишида муайян ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, қуйи бўғинлар фаолиятини янада жонлантириш, партия сафига ёш, ташаббускор ва фаол кадрларни жалб этиш, партия аъзолари билан манзилли ишлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотлар кўламини кенгайтириш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашда таъсирчан механизмлардан фойдаланиш ҳамда партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш ишларини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ривожлантириш, ҳужжатлар юритилишида тизимлиликни таъминлаш, тарғибот тадбирлари қамровини кенгайтириш ва партиявий ташаббусларнинг амалий натижадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, бошланғич партия ташкилотларининг фаол ва самарали ишлаши аҳоли билан партия ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш ҳамда “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
