ADOLAT 24

“АДОЛАТ” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум қадрли ватандошлар, ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Сўзимнинг аввалида шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, мамлакатимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар юқори руҳда, кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Биз учун аҳамиятли томони, мазкур сиё­сий жараён янгича мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида, Сайлов кодекси ва умумэъти­роф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида ташкил этилганидир. 

“Адолат” социал-демократик партияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир мандатли округлар бўйича 75 нафар ва партиявий рўйхат асосида 100 нафар номзод кўрсатилди. Қайд этиш жоизки, номзодларимизнинг 45 фоизи аёллардан иборат бўлди ҳамда кўрсатилган барча 175 нафар номзодимиз олий маълумотга эга эди. Рақамларда ифодалайдиган бўлсак, уларнинг 25 фоизи педагоглар, 20 фоизи ҳуқуқшунослар, 18 фоизи тиббиёт ходимлари ва 37 фоизи иқтисодиёт, ижтимоий ҳамда бошқа соҳалар вакиллари ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Бундан ташқари, партиямиз томонидан Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашларига ҳам 5 минг 695 нафар муносиб номзод кўрсатилди.

Партиямиз сайловолди ташвиқотига жиддий эътибор қаратди. Буни қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди. Тарғибот тадбирлари доирасида 2 миллионга яқин флаер, 1000 дан ошиқ катта ва 2000 дан ортиқ кичик баннер, 5000 зиёд плакатлар марказий кўчалар, мет­ро, супермаркет, автобусларга ва аҳоли гавжум жойларга ўрнатилди. Шунингдек, 500 дан ошиқ транспарант, 15 мингдан ортиқ байроқ, 10 мингдан зиёд футболка, 20 мингта кепка ва 300 мингга яқин бошқа тарғибот воситалари тайёрланди ҳамда тарғибот тадбирларида фойдаланилди.

Партия фаоллари ва волонтёрлар томонидан махсус безатилган 4 та автобусда овоз кучайтиргичлар ёрдамида ғояларимиз тарғиб қилинди. Шунингдек, пойтахтимиз ва ҳудудлардаги аҳоли гавжум кўчаларда жойлашган LED экранларда ҳам партиямиз ва номзодларимиз ҳақидаги тарғибот роликлари намойиш этиб борилди.

Сайловолди дастуримиз ўзбек, рус, инглиз, қорақалпоқ тилларида ва кўзи ожизлар учун Брайль алифбосида тайёрланиб, 30 мингдан зиёд нусхада чоп этилди ва сайловчиларга тарқатилди.

Партиямиз фаоллари халқ ичига янада изчил кириб боришни мақсад қилиб, 3 миллиондан ортиқ хонадонга ташриф буюришди. 

Бу йилги сайловларда янгича форматдаги дебатларнинг ташкил қилиниши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Партия етакчилари ва номзодлар иштирокидаги дебатлар орқали сайловчиларимиз дас­турларимиз билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Дебатларнинг жонли эфирга узатилиши аҳолида катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, “Адолат” СДП­дан депутатликка кўрсатилган номзодлар ҳар бир ҳудудда сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Жараёнда сайловчиларнинг муаммоларини тинглаб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиш, янги Сайловолди дас­туримиз моҳиятини халқчил, содда тилда етказиш масалаларига устувор эътибор берилди. 

Партиямиз сайловолди тарғибот тадбирлари доирасида электорат вакиллари билан учрашувларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган учрашувларда сайловчиларга соҳаларни ривожлантириш бўйича аниқ режаларимизни тақдим этдик.

Оммавий ахборот воситаларида партиямиз фаолияти кенг ёритилди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида бепул эфир вақти ва марказий газеталарда тенг нашр майдонлари ажратилди. Барча ҳудудий телеканалларда кўрсатувларимиз намойиш этилди, ҳудудий босма нашрларда мақолаларимиз чоп этилди.

Партиямизнинг веб-сайти замонавий дизайнда янгиланди. Ижтимоий тармоқларимизда 9 мингга яқин тарғибот материаллари жойлаштирилди. Сунъий интеллект асосида тайёрланган тарғибот роликларимиз ҳам кенг аудиторияга етказилди.

Партиянинг “Adolat” ижтимоий-сиё­сий газетаси ҳам замонавий шаклда ҳафтасига 13 минг нусхада чоп этилди ва ҳар бир сайлов участкасига етказиб берилди.

Азиз юртдошлар!

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бошқа сиёсий кучлар қатори, бизнинг “Адолат” социал-демократик партиямиз ҳам масъулиятли имтиҳондан ўтди. Ишончим комилки, демократия кўзгуси бўлган жорий сайловда сайловчиларимиз ўз танловларини билдирдилар. Бунинг учун барча сайловчиларга, халқимизга партия­миз номидан катта миннатдорлик билдираман! 

“Адолат“ социал-демократик партияси учун ҳар бир сайлов – халқимиз келажаги учун хизмат қилиш имкониятидир. Бўлиб ўтган адолатли сайлов натижалари ҳам бизга яна шундай катта имконият яратади, деб ишонаман. 

Эътиборингиз учун раҳмат! 

Tegishli xabarlar

Миллатнинг қалби, маънавий хазинаси

admin

Адвокатнинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади

admin

Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш қанчага тушади?

admin