ADOLAT 24

ЯШИЛ МАСКАНЛАРДАГИ ДИЛХИРАЛИКЛАР ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

Иш, кундалик ҳаёт ташвишларидан бироз чалғиш учун шаҳар марказидаги хиёбонга кириб, йўл ёқасидаги ўриндиқлардан бирига чўкаман. Табиат қўйни, дарахтлар соя-салқинида ўтириб, қушлар чуғури ва анҳорда оқаётган сув шивирини тинглайман, гуллар ифоридан ўзгача завқ туяман. Шундай пайтларда инсон шу яшиллик, борлиқнинг бир бўлаги, усиз ҳеч нимага қодир бўлмаган ожиз бир мавжудот эканини англайди, киши. Тўғрисиям-да. Қани, айтинг-чи, табиатсиз башарият бир зум бўлса ҳам яшай олармикан?! Йўқ, асло! 

Шундай фикрларни ўйлаб ўтириб, сув қувурига ахлат тиқилиб қолганидан анҳорнинг кўприк тагидаги қисмида сув кўпираётганига кўзим тушди… Боз устига боғнинг чекка жойларида одам емак-ичмагидан ортган унсурлар пала-партиш сочилиб ётарди. Э, воҳ! Биргина шу манзарага гувоҳ бўлиб, шу икки парадокс тушунча, “танганинг икки тарафи” мени яна қалам олишга ундади. 

Демак, ушбу мақолада яшил ҳудудларнинг кундалик аҳамияти, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ва жамоатчилик мулкига етказилаётган зарар ёхуд вандализм ҳолатларининг олдини олиш зарурати ҳақида сўз юритамиз. 

ҲАР КУНИ ТАБИАТ БИЛАН БЎЛИНГ:

КАМИДА 30 ДАҚИҚА!

Таҳлилларга кўра, табиатдан баҳра олиш, истироҳат ва маданий-кўнгилочар масканларда ҳордиқ чиқариш инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда меҳнат унумдорлигини ҳам оширади. Қолаверса, истироҳат боғлари мегаполисларнинг яшил ўпкаси сифатида кишига эстетик завқ берибгина қолмасдан, саломатликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Масалан, тиббиётда “табиий терапия” атамаси мавжуд ва у табиат ресурсларидан фойдаланган ҳолда инсон саломатлигини яхшилаш ва касалликларни даволашга қаратилган усул ҳисобланади. Унда фитотерапия, диетотерапия, аэрация, гидротерапия ва бошқа табиий методлар мавжуд. Бу усулларда кишиларда кузатиладиган стресс ва ташвиш ҳисси, астма, депрессия, ревматоид артрит, миг­рень каби психосоматик касаллик­ларни даволаш мумкин.

Қолаверса, Америка психолог­лар ассоциацияси олимлари табиатда ҳар куни 30 дақиқа сайр қилиш стрессни 20 фоизга камайтириб, психоэмоционал ҳолатни яхшилашга ёрдам беришини аниқлашган. Шунингдек, “Springer Link” ижтимоий нашри табиатда бўлиш мигрен симп­томларини 50 фоизга камайтириши хусусидаги тадқиқот натижаларини расман тасдиқлаган. Бундан кўринадики, камида 30 дақиқа табиат қўйнида амалга оширилган фаол жисмоний ҳаракат бир кунлик енгил тиним, руҳий барқарорликни таъминлайди.

ТОБОРА ФАОЛЛАШАЁТГАН ЯШИЛ ВАНДАЛИЗМ

Умуман олганда, аҳоли гавжум шаҳарлардаги яшил масканлар гуманистик ҳаёт руҳини белгилайди. Чунки уларда одамлар нафақат дам олишади, балки жисмоний фаоллигини ошириб, стрессни камайтиради ва шу орқали табиат билан алоқа ўрнатади. Айниқса, дарахтзорлар, озода ва гулларга кўмилган масканларда сайр қилиш кишининг кўнглига таскин бағишлайди. Шунинг учун одамлар йилига камида бир маротаба бўлса-да, хиё­бонларга, тоғ ёнбағрига оилавий ёки меҳнат жамоаси билан сайр қилишга ҳаракат қилади. Боиси, инсон табиат билан бир бутундир.

Бугун ижтимоий ҳаётимизга яна бир оғриқли, долзарб атама кириб келди: яшил вандализм. Бу атама яшил ҳудудларда табиатга қилинган бузғунчилик сифатида талқин этилади. Статис­тикага кўра, дунё миқёсида 2021 йилда 10 миллион гектар ўрмон йўқ қилинган. Ушбу рақамлар глобал иқтисодий ривожланишга катта зарар етказмоқда.

Шунингдек, 2020 йилда глобал миқёсда дарахтларнинг 18 фоизи ёқиб юборилган, бу эса биоэко­система бузилишига олиб келган. Ушбу ҳолат натижасида 1 миллионга яқин тур йўқолиш хавфи остида. Бундан ташқари, АҚШда ҳар йили 1,2 миллиард тонна пластик чиқиндилар табиатга ташланма сифатида чиқарилади. Европада ҳар йили 7 миллиондан ортиқ одам экология сабабли хасталиклардан вафот этмоқда. Булар яшил вандализмнинг салбий таъсирлари билан боғлиқ аниқ маълумотлардир.

Таассуфки, ҳозирги кунда юртимизда ҳам ўз шахсий манфаати ёки кўнгилхушлик сабаб баъзи кимсалар томонидан табиат қўйнидаги жамоатчилик мулкига зарар етказиш тобора жиддий тус оляпти. Жумладан, истироҳат боғларига ахлат ташлаш, дарахтларни кесиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар кўпайяпти. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, ҳар йили дунё миқёсида истироҳат боғларига юзага келадиган вандализм ҳолатлари 15-20 фоизга ошмоқда. Бу ҳолатлар нафақат экологик хавфни кучайтиради, балки аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Мисол учун, тупроқ ва ҳавонинг ифлосланиши нафас олиш тизимини заиф­лаштиради, аллергия ва респиратор касалликларининг кўпайишига сабаб бўлади.

Очиғи, айрим ҳолларда бу сўлим масканлардаги мулкка нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинган ҳолатларни кўриб, кишининг кўнг­ли ранжийди. Ахир бу мулк бизнинг, шу ерда яшаётган оилаларнинг мароқли дам олиши, ҳордиқ чиқариши, табиат бағрида сайр қилиши учун бунёд этилган-ку! Аҳоли саломатлигини тиклаши, ҳордиқ чиқариши учун юзлаб ободонлаштириш ходимлари меҳнат қилишса, фавворалар ва тунги ёритқичлар учун маб­лағ сарфланса, ички ишлар ходимлари туну кун назорат қилса-ю, айримлар кучини давлат мулкига зарар етказишга сарфласа… Шу инсофданми?!

ДУНЁ ТАЖРИБАСИДА:

СИНАЛГАН 5 УСУЛ

Яшил вандализмга қарши курашда қуйидаги 5 давлатда ижтимоий, экологик лойиҳалар юқори самарадорликка эга экани, бу борада фаол иш олиб борилаётгани эътироф этилади.

1. Швеция

Швецияда ““The Swedish Environmental Protection Agency” эко-лабораториялари шаҳарларда яшил майдонларни муҳофаза қилиш учун тадқиқотлар олиб боради. Ушбу лойиҳа фаол жамоатчилик иштирокини рағбатлантиради. Аҳолининг экологик билимларини оширади, бу эса вандализмни камайтиришга ёрдам беради. Ҳуқуқий нормаларнинг кучайтирилиши устувор аҳамиятга эга. Швециядаги жамоатчилик фаоллиги, яшил майдонларнинг сақланишини таъминлайди.

2. Германия

Германияда “Federal Agency for Nature Conservation” концепцияси жамоатчиликни боғларни муҳофаза қилишга жалб қилади. Бўш майдонлар учун тегишли ҳуқуқий механизмлар мавжуд. Аҳоли ўзини жавобгар ҳис қилиши учун жамоатчилик лойиҳалари ташкил этилган. Тадбирларда иштирок этаётган инсонлар экологик билимларни кенгайтириш имконига эга. Бу усул ҳам яшил вандализмни камайтиришда самарали натижаларга эришишга ёрдам беради.

3. Канада

Канадада “Canadian Wildlife Federation” лойиҳаси орқали жамоатчилик фаолияти рағбатлантирилади. Бундай тадбирлар одамларнинг экологик билимларини оширишга мўлжалланган. Яшил майдонларни муҳофаза қилиш учун самарали мониторинг тизимлари жорий этилган. Жамоатчилик билан ҳамкорлик, вандализмга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Канадаликлар ушбу дас­тур орқали жамоа руҳини мус­таҳкамлайди.

4. АҚШ

АҚШда «National Park Service” Гринч лойиҳаси ташаббуси жамоатчилик иштирокини рағбатлантиришга мўлжалланган. Ушбу лойиҳа доирасида одамларга экологик билим беришга эътибор қаратилган. Маҳаллий жамоалар томонидан ўтказиладиган тадбирлар, яшил майдонларни муҳофаза қилишга ёрдам беради. Бошқа жамоатчилик лойиҳалари билан биргаликда самарали натижаларга эришилади.

5. Австралия

Австралияда “Australian Govern­ment Department of Environment” дастури жамоатчилик иштирокини рағбатлантиради. Тадбирларда одамларга яшил майдонларни муҳофаза қилиш бўйича билим берилади. Мониторинг тизимлари, вандализмнинг олдини олишда самарали роль ўйнайди. Аҳоли ўзини жавобгар ҳис қилиб, фаол иштирок этади. Ушбу дастур экологик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАНДАЙ ФИКРДА?

Ўзим дарс қилиш ёки китоб ўқиш учун тез-тез хиёбонларга бориб тураман, дейди талаба Машҳура Бурхонова. Шундай кезларда мактаб ўқувчилари, ёшлар, ҳаттоки катталар томонидан ҳам яшил масканларга нисбатан ғайриинсоний муносабатни кўриб, таъбим хира бўлади. Ваҳоланки, инсон ўзи яшаётган уй, кўча, маҳалла ободлиги, озодалиги, сўлим табиати-ю мусаффо ҳавосини асраш масъулиятини зиммасига олиши керак. Шундагина сўлим гўшалар, истироҳат боғлари, сайл­гоҳлар ободлигини таъминлаш орқали экологияни асрашга ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

– Шаҳарларимизда яшил ҳудудларнинг аҳамиятини ошириш ва уларга етказилаётган зарарларни камайтириш учун бир қатор чора-тадбирлар кўрилиши керак, – дейди экофаол Санжарбек Абдулхаев. – Бунга истироҳат боғларида мунтазам равишда мониторинг ўтказиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш киради. Шунингдек, бу борадаги қонунбузарларни жиддий жазолаш лозим.

Хўш бу борада қонунчиликда қандай нормалар бор?

Мамлакатимизда 2018 йилнинг 3 январида «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Қонунга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мулкни қасддан нобуд қилганлик ёки унга зарар етказганлик учун алоҳида модда киритилган. Унга кўра, безорилик натижасида содир этилган зарар майда деб топилса, энг кам иш ҳақининг 30 бараваригача жарима жазоси қўлланилади. Шунингдек, етказилган зарар миқдори катта бўлса, энг кам иш ҳақининг 30 дан 100 бараваригача жарима қўлланилиши ёки 15 сутка муддатга қамоққа олишга ҳам сабаб бўлади.

БАЛКИ ҚАРАШЛАРИМИЗНИ

ЎЗГАРТИРАРМИЗ?

Эътибор бердингизми, бизда сўнгги пайтларда экологияни барқарорлаштириш, табиатни ас­раб-авайлаш борасида амалий ишлардан кўра “дежурний” гаплар кўп айтиладиган бўлиб қолди. Ҳайвонот ва набатот оламига бўлган муносабатимизнику, бир четга суриб турайлик.

Шаҳардаги мактабларнинг бирида ўқийдиган 5-6 синф болалари хиёбон йўлагида писта чаққанча, ахлатини дуч келган жойга улоқтириб кетмоқда. Бошқа бир ҳолатда йигит ва қиз хилват­роқ жойда тамадди қилиш билан атрофни ахлатхонага айлантирган. Шуми маданиятимиз?! Албатта, ҳамма шундай демоқчи эмасмиз. Лекин ойни этак билан ёпиб бўлмайди-да. Балки қарашларимизни ўзгартирармиз?

 Яна бир жиҳат. Бош прокуратура томонидан жорий йилда «Яшил макон» умуммиллий лойи­ҳаси доирасида амалга оширилган ишлар аҳволи ўрганилганда, 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, 580 мингтаси суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилганлиги ва 19 мингдан ортиқ кўчат ўз вақтида экилмаганлиги сабабли нобуд қилинганлиги аниқланиб, кескин чоралар кўрилган. Мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал қилишнинг ўзи қийин кечаётган пайтда “борини ҳам йўқ қилиш” қайси мантиққа мос келади?

Яшил масканларнинг ўзида белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмас эканмиз, экологияни яхшилашда сезиларли ютуқларга эришишимиз ортга сурилгандан сурилаверади. Шундай шароитда “она табиатни асраймиз” деб мақтанчоқлик қилавермайлик. Зеро, ўзини маданиятли деб билган, онгли ҳар қайси одам ҳеч қачон ўз онаси – табиатни хўрламаган бўларди. 

Хўш, шундай экан, сиз, айнан сиз ўзингиз, охирги марта қачон табиатга фойда келтирдингиз, қадрли газетхон? 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ, 

“Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси 

Нодир РУСТАМОВ, 

Республика Маънавият ва маърифат маркази Вобкент туман бўлинмаси раҳбари 

Tegishli xabarlar

ЯХШИЛИК УЛАШАЁТГАН ИНСОН Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев 60 ёшда

admin

Сабр — бахтнинг дояси

admin

Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…

admin