ADOLAT 24

ПАРТИЯМИЗ ҒОЯЛАРИ ҲАР БИР ҲУДУД, ҲАР БИР МАҲАЛЛА, ҲАР БИР ХОНАДОН ВА ҲАР БИР ҚАЛБДА ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПАДИ Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг партия XIV Пленумидаги маърузаси

Биз бугун сизлар билан халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён бош­ланиши арафасида учрашиб турибмиз.

Ҳаммаларингизга маълум, Ўзбекис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 27 октябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказиш тўғрисида қарорини эълон қилди.

Қайд этиш жоизки, жорий йилги сайловлар мутлақо янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда бўлиб ўтади. Зеро, тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясида жамиятда адолат ва бирдамликни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини назарда тутувчи конс­титуциявий асослар мустаҳкамланди. 

Барчангизга маълумки, сайлов партиямиз учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо бериладиган муҳим сиёсий жараён бўлиши билан биргаликда, вакиллик органларига ўз номзодларимизни кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларимизни самарали амалга оширишда, жамиятдаги ўрнимизни мустаҳкамлашда, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларимизни таъминлаб берувчи асосий имконият ҳамдир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг 12-моддасига мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлигига ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган ҳолда мазкур сайловда иштирок этишини эълон қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, “Адолат” социал-демо­к­ратик партияси жорий йилда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга бор куч-имкониятини ишга солиб, катта масъулият ва юксак умид­лар билан қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Энди бу йилги сайловнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида қисқача тўхталсак.

Маълумки, 2023 йил 18 декабр­да “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан мамлакатимизда парламент қуйи палатаси сайловлари мутлақо янгича тизим – мажоритар-прапорционал сайлов тамойилларини ўзида мужассамлаштирган – аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон дунё конституционализм амалиётида аралаш сайлов тизимини жорий этган 37-мамлакат ҳисобланади.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари (50 фоизи) одатдагидек мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган партия рўйхати бўйича сайланиши белгиланди.

Биз учун янги амалиёт бўлмиш – аралаш сайлов тизимида ҳар бир овоз учун кескин кураш кетишини барчамиз яхши англаб олишимиз даркор. Бу, ўз навбатида, янада қизғин соғлом рақобат муҳитида сиё­сий партиямиздан сайловчиларнинг юксак ишончини қозониш, сайловчиларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асослантирилган таклифлар ва ташаббусларни, эзгу ғояларни илгари суришини талаб этмоқда.

Ҳаммангизга яхши аён, “Адолат” СДП 2019 йилги Сайловолди дастурида жамиятда қонун устуворлиги, судлар мустақиллигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.

Ўтган беш йилликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида партиямиз томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. 

“Адолат” СДП Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига катта ҳисса қўшиб келмоқда, дейишга етарлича асос­ларимиз бор. Хусусан, қонун ижодкорлиги йўналишида партиямиз томонидан амалдаги қонунчиликда инсон қадрини юксалтириш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган 40 га яқин ташаббуслар илгари сурилди ва улар амалдаги қонунчиликда ўз ифодасини топди. Бугун мазкур ташаббус­лар халқимизнинг ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, эришилган ютуқлар қаторида ҳали мазкур йўналишларда қилиниши керак бўлган ишларимиз ҳам кўп. Шу нуқтаи назардан, партиямиз келгусида ҳам адолатли жамият қуриш, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашда юқорида қайд этилган йўналишларга катта эътибор қаратади.

Қадрли партиядошлар!

Ҳурматли пленум иштирокчилари! 

Биз бўлажак сайловда халқимиз ва жамиятимиз ечимини кутаётган бир қатор йўналишларда муҳим ғоя ва таклифларни илгари сурамиз.

Шу ўринда, мамлакат парламентида кўп ўрин эгаллашни таъминлашга қаратилган аниқ ва тизимли бўлган қуйидаги стратегик режаларимизни келтириб ўтишни истардим:

БИРИНЧИ стратегик режа: айни вақтда биз юртимиз ва жонажон халқимизнинг порлоқ истиқболи учун муҳим масалаларни ўзида мужассам этган халқчил Сайловолди дас­туримизни ишлаб чиқамиз. Бу жараёнда биз жойлардаги партия­миз электорати, хайрихоҳлари ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаймиз, мавжуд муаммоларни чуқур ўрганамиз.

Шунингдек, Сайловолди дастуримизни ишлаб чиқиш ва унинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга тўғри тушунтириш мақсадида сиёсий технологлар ва имиджмейкерлар хизматларидан самарали фойдаланишни режалаштирганмиз.

ИККИНЧИ стратегик режа: бугунги сиёсий жараёнларда муваффақиятнинг асосий мезонларидан бири сиёсий партиянинг сайлов­олди ташвиқоти жараёнида замонавий рақамли технологияларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш ҳисобланади. Шу мақсадда, партиямиз сайловга тайёргарлик жараёнида рақамли технологияларнинг бугунги кундаги мавжуд барча имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бунда онлайн интернет платформалари, Youtube видеохостинги ва ижтимоий тармоқлар орқали мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини чуқур таҳлил қилишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Сайловолди стратегияларимизни айнан шу таҳлиллар асосида шакллантираяпмиз.

УЧИНЧИ стратегик режа: мамлакатимизда бугунги кунда сайловчиларнинг қарийб ярмини ёш сайловчилар ташкил этади. Бу эса сиёсий партиямиз томонидан ёш сайловчилар билан алоҳида ишлаш, уларда партиямизга нисбатан дахлдорлик ҳиссини шакллантиришимиз зарурлигини англатади. Бунинг учун партия тизимида ёш сайловчилар ўртасида турли тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳим ҳисобланади. Чунки ёш сайловчиларнинг ишончи биз учун ғалабани кафолатлаши аниқ.

ТЎРТИНЧИ стратегик режа: партия тизимидаги хотин-қизлар билан ишлашга масъул бўлган тузилмалар томонидан мамлакатимиздаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган хотин-қизлар ўртасида партиямиз ва дастурларимиз ҳақида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришимиз муҳим аҳамият касб этади.

БЕШИНЧИ стратегик режа: хорижда меҳнат қилаётган ва турли юмушлар билан юрган юртдошларимиз ўз овозларига эга сайловчилардир. Шу туфайли, хориждаги сайловчилар билан яқин мулоқот ўрнатиш, Сайловолди дастуримиздаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига доир янги ташаббусларимизни уларнинг эътиборига ҳавола этишимиз сайловда жуда катта қўллаб-қувватловчи овозга эга бўлишимизни кафолатлайди. Бу борада ҳам тизимли ишларни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.

ОЛТИНЧИ стратегик режа: бугунги кунда партиямиз сафида 1 104 283 нафар аъзо жамланган бўлиб, уларнинг 54 фоизи ёки 595 208 нафари аёллар, 39 фоизи ёки 430 689 нафарини ёшлар ташкил этади. Ўз Сайловолди дастуримизни мукаммал ишлаб чиқиш, сайлов жараёнида ғоя ва ташаббусларимизга сайловчиларни ишонтириш борасида, албатта, энг катта кучимиз – бизнинг фидоий ва заҳматкаш аъзоларимизга таянамиз. Сизнинг қўллаб-қувватловингиз – бизнинг энг катта ва ишончли таянчимиздир!

Шунингдек, сайловларда партия ғояларини аҳолига ўз вақтида ва самарали усулларда етказиш, фуқароларнинг онгли овоз беришини таъминлаш, ишончини ошириш ва кўпроқ овоз олишда муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, партиямиз мақсад ва ғояларини аҳолига самарали етказишда биз ҳар сайловда ўтган даврдаги фаолият ва тажрибадан келиб чиқиб, янада натижадор, янада янгича ёндашувлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. 

Бу галги сайлов жараёнларида ҳар йилги анъанавий усуллар билан бир қаторда кўплаб ноанъанавий ёндашувлар устида изланмоқдамиз. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар барчамизнинг турмуш тарзимизга, кундалик ҳамроҳимизга айланиб улгурди. Бугун ҳар бир янгилик, хабар, жойлардаги муаммолар, муҳим ташаббус ва таклифлар, биринчи нав­батда, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда ва ушбу платформаларнинг ахборот тарқатишдаги қуд­ратига яққол гувоҳ бўлаяпмиз. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам ўз ғояларимизни ижтимоий тармоқлар орқали сифатли, қисқа, мазмунли видео ва инфографика кўринишида етказишни режалаштираяпмиз.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бугун инсонларга маълумотларнинг 90 фоизи Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлар орқали етказилмоқда. Шу боис сайлов тарғиботининг миллий, замонавий ҳамда хориж тажрибаларини ўрганган ҳолда, кутилаётган муҳим сиёсий жараён учун партия экспертлари, медиа соҳаси вакилларини жалб қилиб, ўз медиа-режамизни ишлаб чиқаяпмиз. Ишонамизки, ахборотни замонавий ва жозибали усулларда етказишга қаратилган ёндашувларимиз ўз самарасини беради.

Қадрли дўстлар!

Шуни комил ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бўлажак сайловларда фаол иштирок этади, сайловчиларнинг юксак ишончига сазовор бўлган ҳолда парламентда энг кўп ўринлардан бирини олади!

Сиздек салоҳиятли ва келажагига бефарқ бўлмаган фидоий инсонлар билан бирга янги сайловларда янги ғояларимиз, янги ташаббус­ларимиз билан сайловчиларнинг кўнглига кириб борамиз. Партия­миз ғоялари ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир қалбда ўз ифодасини топади! Биз ўз бирдамлигимиз ва эзгу мақсадларимиз билан халқимизни ортимиздан эргаштира оламиз!

Tegishli xabarlar

1 МАЙДАН ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?
Янги йўл ҳаракати қоидалари жорий этилади
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.

admin

Синовлар мавсумига тайёргарлик қандай?

admin

Шифокорлик шарафини оқлайлик

admin