ADOLAT 24

ХАЛҚАРО ДИПЛОМАТИЯДАГИ ТАШРИФЛАР 

Халқаро муносабатларда ташрифларнинг аҳамияти жуда юқори. Бунда асосан давлат ёки ҳукумат раҳбари бошчилигидаги делегация бош­қа бир давлат таклифи билан икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мус­таҳкамлаш, низолар ва совуқ муносабатларни илиқлаштириш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш учун ташриф буюради. 

Халқаро муносабатларда даража ва сифат нуқтаи назаридан ташрифлар қуйидаги турларга ажратилади:

Давлат ташрифи – давлат раҳбарларининг энг юқори даражадаги ташрифи ҳисобланиб, бунда тадбирлар протоколи ва кутиб олиш маросимлари сони жиҳатидан энг тўлиқ ташриф туридир. Делегация таркиби одатда чекланмайди. Хавфсизлик, жойлашув, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва меҳмонларни кузатиб борувчилар олдиндан келишилади. Тантанали кутиб олиш маросимларига катта аҳамият қаратилади. Бундай маросимлар орқали икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар қай даражада эканига урғу берилади.

Протоколда учрашувларнинг вақти ва жойи, қатнашувчилар қатъий белгилаб қўйилади. Шунингдек, меҳмон ёки унинг турмуш ўртоғи истагига кўра, диққатга сазовор жойларга саёҳат ҳам уюштирилиши мумкин. Давлат ташрифини фақат давлат раҳбарлари амалга оширади.

Расмий ташриф – хорижий делегациялар ва расмий меҳмонларни кутиб олишнинг юқори даражали турларидан бири. 

Давлат раҳбарининг бир давлатга иккинчи ёки ундан кейинги юқори даражадаги ташрифи ҳам шундай аталади. Расмий ташрифда давлат ташрифидаги каби тадбирлар ўтказилади. Бироқ тантаналар ва кутиб олиш, кузатиш билан боғлиқ маросимлар нисбатан камтарроқ ташкил этилади. Расмий ташриф билан мамлакатнинг Бош вазири ёки Ташқи ишлар вазири раҳбарлигидаги делегация ҳам келиши мумкин. 

Амалий ташриф – давлат арбоби ёки делегациянинг муҳокама, маслаҳатлашув, халқаро анжуманларда ва миллий кўргазмаларда қатнашиш, халқаро шартномаларни имзолаш учун қиладиган ташрифи ҳисобланади.

Амалий ташрифда учрашув жойида давлат байроқлари тикилади. Лекин фахрий қоровул саф тортмайди. Меҳмонлар шарафига нонушта ёки тушлик ташкиллаштирилади. Одатда бундай ташриф 1– 1,5 кун давом этади.

Норасмий ташриф – давлат арбобларининг жамоатчилик анжуманлари, йиғилиш ва кўргазмалар очилиши, спорт мусобақалари ва танловларда меҳмон сифатида қатнашиш, ўз давлати элчиси ҳузурига ёки туризм мақсадида келишидир. Норасмий ташрифда одатда протокол бўйича ўтказиладиган тадбирлар бўлмайди.

Йўл-йўлакай ташриф – юксак мартабали меҳмоннинг учинчи мамлакатда йўл-йўлакай ва қисқа вақт бўлишидир. Бунда кутиб олиш ва кутиш билан боғлиқ турли тантанавор жиҳатлар минимум даражага тушади.

«Галстукларсиз» учрашув – тантанали маросимлар минимум даражада бўлади ва ҳар бир ҳолат учун алоҳида тартиб белгиланади.

Давлат арбоблари ўртасидаги «галстукларсиз» учрашувларда дипломатик протокол қоидаларига кўп ҳолларда амал қилинмайди.

Анасхон УСМОНОВ, 

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Мафкуравий ишлар ва дастурий ҳужжатлар билан ишлаш бошқармаси етакчи мутахассиси

Tegishli xabarlar

“Компьютер саботажи”: у қандай жиноят?

admin

ТЕНГ ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАР КАФОЛАТИ

admin

Ишончни оқлаётган ноиблар

admin