ADOLAT 24

Диққат!!! Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан янги лойиҳа: “БИЗ СОҒЛОМ ҲАЁТНИ ТАНЛАЙМИЗ!” янги лойиҳага старт берилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, яқин ўттиз йил ичида дунё бўйича саратон хасталигига чалинганлар сони деярли 80 фоизга кўпаяди. Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра мамлакатимизда онкологик касалликлар билан оғриган беморлар сони 27 900 нафарни ташкил этган. Афсуски, уларнинг 856 нафари болалардир. 

Мазкур омилларни ҳисобга олган ҳолда, Сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини сақлашни устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида қайд этган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг кенг кўламли “Биз соғлом ҳаётни танлаймиз” лойиҳасига старт берди.  

Лойиҳамизнинг асосий мақсади – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда тиббиёт соҳасида, хусусан, болалар ва катталарда учраб турадиган онкологик касаллик­ларнинг олдини олиш, ушбу соҳага халқаро стандартларни жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, аёллар ва болалар ўртасида тиббий кўрик­ларни кўпроқ ташкил этиш, таълим олаётган ёшларга, айниқса, қизларга тиббиёт бўйича маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. 

Ушбу лойиҳа доирасидаги дастлабки ўзига хос тақдимот-тадбир Фарғона вилояти аҳолисининг “Адолат” партиясига нисбатан ишончи ва эътиборига сазовор бўлди.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова партиянинг янги лойи­ҳасини тақдимот қилиш мақсадида Респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида ўтказилган онкология ва радиология соҳасига бағишланган республика семинарида иштирок этди.

Семинарда сўзга чиққан партия етакчиси партия Сайловолди дастурининг муҳим таркибий қисми бўлган «Биз соғлом ҳаётни танлаймиз!» лойиҳасининг мақсад-моҳиятига тўхталиб, лойиҳа асосида партиянинг турли даражадаги ҳудудий ташкилотлари, депутатлик корпуслари ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-ама­лий тиббиёт маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Робахон Махмудова Ишчи гуруҳ режасида онкологик касаллик ташхиси қўйилган беморлар ҳақида статистик маълумотлар олиб борилишини ўрганиш, марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳолати ҳамда моддий-техник базаси, жойлардаги ўрганиш­лар натижаси бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиялари муҳокамасига киритиш каби таклифларни илгари сурди.

Партия етакчиси тадбир иштирокчиларини партиянинг янги лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилишида фаол иштирок этишга чақираркан, “Халқ саломатлигини ҳимоя қилиш, сақлаш – барчамизнинг вазифамиз”, дея алоҳида қайд этиб ўтди.  

Якунда Сиёсий Кенгаш раиси партия сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган онколог ва радиологларга аъзолик гувоҳномаларини топширди. 

– Саратон касаллиги қанчалик эрта аниқланса, даъво муолажалари тизимли амалга ошириб борилса, унинг инсон саломатлиги ва ҳаётига бўлган хавфи камайиб бораверади. Бу тиббий ҳақиқатни халқимизнинг барча қатламларига етиб боришини таъминлашда “Адолат” партияси билан ҳамкорлигимиз ўз самарасини беришига ишонамиз. Чунки партия доимо халқ билан юзма-юз тарғибот тадбирларини амалга оширмоқда, – деди Респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона филиали директори Отабек Каримов. – Бугун халқимиз манфаатидан келиб чиққан ҳолда партия сафига кириш истагимни билдирдим. Халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишда партия­нинг янги лойи­ҳаси доирасида Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кенг қамровли тадбирларни амалга оширишга келишиб олдик.

– Ҳақиқатан ҳам, тиббиётчилар партиянинг энг ишончли электорати ҳисоб­ланади, – деди малакали ҳамширалардан Холидахон Маъмурова. “Адолат” партия­сининг шаҳар ва туман кенгашлари томонидан ўнлаб ҳамкасбларимизга ва тиббиёт ходимларига ҳуқуқий манфаатлар ҳимоя­сида ўз кўмакларини берганларидан хабардорман. Мен ҳам партия сафига кирганимдан жуда ҳам хурсандман. 

Семинардан сўнг партия етакчиси Респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Танишув мобайнида Робахон Махмудова тиббиёт масканида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашиб, даволаш жараёнлари билан қизиқди. 

Шунингдек, партия етакчиси Қува туман марказий поликлиникасида бўлиб, у ерда аҳоли ўртасида онкологик касаллик­ларни илк босқичларида аниқлаш ва даволаш мақсадида ўтказилган тиббий кўрик жараёнида иштирок этди.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси кўрикка келган аёллар билан мулоқот қилар экан, Ватан келажагининг бунёдкори бўлган, миллат давомчиларини дунёга келтириб, уларни комил инсон қилиб тарбияловчи аёллар ҳеч қачон ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади. 

– Барча аёллар ҳам ёш болаларини ташлаб, уй юмушларидан ортиб, тиббий кўрикка бориш учун вақт топавермайди, – дейди кўрикда иштирок этган Саодатхон Олимова. – Вилоят марказидаги онкология шифохонасидан келган шифокорлар турли замонавий аппаратлар орқали бизни текширувдан ўтказишди. Саратон касаллигига чалинган инсон борки, умри поёнига етибди, деган фикр биз қиш­лоқ одамларининг онгимизга сингиб кетган. Тиббий кўрик давомида агар касалликни илк босқичларида аниқлаб, ўз вақтида даво муолажалари амалга оширилса, инсоннинг умрига умр қўшилишини тушиниб етдик. Энг муҳими, биз ҳар йили икки маротаба бу каби текширувлардан ўтиб туришни ўз олдимизга мақсад қилдик. Ахир ҳаммамиз ҳам фарзанд­ларимиз орзу-ҳавасини кўришни истаймиз. Шунинг учун бундай хайрли тадбирни амалга оширган “Адолат” партиясига миннатдорлик билдираман.

– Мен партия етакчиси Робахон Махмудованинг вилоят ва Респуб­лика Олий судларидаги фаолиятидан хабардорман. Судья аёл жуда ҳам жиддий бўлади, деб ўйлар эканман, – дейди фахрий педагог Олимахон Каримова. – Бугун икки келинимни тиббий кўрикка бирга олиб келгандим. Роба­хон Махмудова “Адолат” партиясининг раҳбари эканлар. Тиббий кўрик жараёнларини кўздан кечириш баробарида кўрикка навбатда турган аёллар билан ҳам дилдан суҳбатлашдилар. Ҳурматим ошди. Айниқса, “Аёл кишининг умри оила, рўзғор юмушлари ва фарзанд тарбияси билан кечади. Ватанимиз учун яхши фарзандларни тарбиялаб бераётганларинг учун миннатдормиз. Аммо ҳар бирингиз ана шу қилган меҳнатларингизнинг роҳатини кўришга ва бахтли яшашга ҳақлисиз. Шундай экан, ўз саломатлигингиз борасида қайғуришингиз ҳам адолатли бўлади. Агар оилада, маҳаллада, барча жойларда адолатли муносабат бўлса, инсонлараро меҳр-оқибат янада мус­таҳкам бўлади”, деб айтган гаплари бизга ёқди. Бугунги тиббий кўрик учун ҳам партия етакчисига, вилоятимиз тиббиёт тизими раҳбарларига ташаккур, деймиз.  

Тиббий кўрикда Туркияда ишлаб чиқарилган, энг сўнгги русумдаги Мобил маммография комплекси ишлатилгани эътиборга сазовор бўлди.

– Ҳозир тасарруфимизда 15 та Мобил маммография комплекси мавжуд. Улар ёрдамида кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш учун тиббий текширувлар қамрови янада кенгаяди ва илк бор барча ҳудудлар маммография скрининги билан қамраб олинади, – дейди тиббиёт фанлари доктори Акбар Ҳасанов. – Бугунги кўрикда ҳам малакали мутахассисларимиз тиббий текширув олиб бормоқдалар.

Кўрик давомида 300 нафардан зиёд қувалик хотин-қизлар онконазорат, онкоскрининг, УЗИ текширувларидан ва тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтказилди. 

Шундан сўнг Робахон Махмудова «Адолат» СДП Фарғона вилоят кенгаши жамоаси ва шаҳар, туман кенгашлари раислари билан учрашди.

Учрашувда вилоят кенгаши иш фаолияти, аъзолар сафини кенгайтириш, вилоятда депутатлик гуруҳлари томонидан сайловчилар мурожаатлари билан тизимли ишлаш, аҳоли ўртасида партиянинг танилувчанлигини ошириш, аъзолик бадаллари тушумини тартибли йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Қўлга киритилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Гулчеҳра Аҳмедова, 

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

АДОЛАТ

admin

Маҳаллий кенгашларда (Бухоро, Самарқанд вилоятлари)

admin

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin