ADOLAT 24

Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт (30 июль – Халқлар дўстлиги куни олдидан)

Кейинги йилларда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш ва кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашдан иборатдир. Бош қонунимизда ҳам бу ўз ифодасини топган. Қолаверса, жамоатчилик билан ишловчи сиёсий партиялар фаолиятида ҳам бу масалалар алоҳида ўрин эгалламоқда.

“Адолат” СДП Андижон туман кенгаши фаоллари томонидан тумандаги 2-сон мусиқа ва санъат мактабида “Биз бир оиламиз” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда партия фаоллари билан бирга турли миллат вакиллари ва уларнинг фарзандлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар миллатлараро тотувлик, Ўзбекистонда миллатидан қатъи назар барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканлигини таъкидладилар. Тинч­лигимизни ифодаловчи расмлар кўргазмаси, мустақиллик ва дўстлик мавзусидаги қўшиқлар ижроси ҳамда спорт мусобақалари иштирокчиларнинг фаоллигини кўрсатди. Асосийси, беллашувларда дўстлик ғалаба қозонди.  

– Вилоятдаги барча Миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Уларнинг тили ва урф-одатларини, қадриятларини ҳурмат қилиш ва сақлаб қолишга эътибор қаратилмоқда. Бу тинчликсевар давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади. 

 Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

* * *

30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши ҳамда вилоят Қозоқ миллий-маданий маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон – инсон қад­ри улуғланган юрт” мавзуида тадбир ташкил этилди. 

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани мустаҳкамлангани баробарида, Ўзбекистон Рес­публикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Шу асосда ҳозирги вақтда мамлакатимиз таълим муассасаларида 7 тилда ўқиш олиб борилаётгани, 10 дан ортиқ тилда газета ва журналлар чоп этилаётгани, 12 тилда теле-радио кўрсатувлари ва эшиттириш­лари эфирга узатилаётгани жуда муҳимдир.

Тошкент вилояти ҳам кўп миллатли ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, вилоятда аҳолининг миллий таркиби бўйича ўзбеклар 70 фоиз, қозоқлар 12 фоиз, тожиклар 5,5 фоиз, руслар 4,6 фоиз ва бошқа миллат вакиллари 7,9 фоизни ташкил этади. Уларнинг ўз салоҳият ва иқтидорини тўла намоён этиши, жамият ишида фаол иштирок этишида миллий-маданий марказлар муҳим аҳамиятга эга, албатта

“Адолат – инсон қадри учун” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, ЎзННТМА Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, қозоқ, рус, корейс ва бошқа турли миллий-маданий марказлар вакиллари, кенг жамоатчилик ва партия хайрихоҳлари иштирок этди.

“Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова тадбирда сўзга чиқиб, юртимиздаги ҳар бир миллат ва элат вакилларига дини, тили ва ирқидан қатъи назар бир хил эътибор берилаётгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилаётгани, асосийси, инсон шаъни ва қадр-қиммати олий даражага кўтарилганини таъкидлади. Шунингдек, бағрикенглик ғояси асосида бирлашган миллий-маданий марказлар фаолиятини янада ривожлантириш хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир доирасида қатнашчилар қозоқ миллий таом­лари ва куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлди. Қозоқ ҳамда бошқа миллатлар миллий-маданий марказлари томонидан ташкиллаштирилган концерт дастури тадбирга ўзгача кайфият бахш этди.

Иштирокчилар “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тошкент вилоят кенгаши матбуот хизмати

* * *

Ўзбекистонда давлат сиёсати турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстликни мус­таҳкамлашга қаратилган. Бу жараёнда ҳар бир халқнинг маданий бойликларини, меросини асраб-авайлаш муҳим ўрин тутади ва бунинг ёрқин намуналаридан бири Навоий вилоятидаги Рус маданият марказидир.

Марказ фаоллари А.С.Пушкиннинг таваллудига бағиш­ланган тадбирда замонавий талқинда «Шоҳ Салтан ҳақида эртак» спектаклини тақдим этдилар. Ушбу ижодий сценарий муаллифи ва режиссёри марказ фаоли Наталя Мелашченко бўлди.

Айтиш жоизки, Навоий шаҳридаги барча миллий маданият марказлари «Дўстлик уйи»нинг бир биносида жойлашган бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Навоий вилоятининг рус маданият маркази рус халқининг тили ва маданиятини сақлаб қолиш ҳамда турли миллат вакилларининг ўзаро мулоқоти ва бирлашуви учун майдон саналади. Айнан шу каби эзгу ишлар Ўзбекистонни барча халқлар, миллатлар учун ҳақиқий уйга айлантиради.

Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати


 Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Саломатлик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида партиянинг Марказий аппарати топшириғига асосан, Респуб­лика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-ама­лий тиббиёт маркази Хоразм филиали билан ҳамкорликда воҳа бўйлаб аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Бу галги тиббий кўрик 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Урганч тумани Чолиш шаҳарчасидаги кўп миллатли “К.Отаниёзов” маҳалласида ташкил этилди.

Тиббий кўрикда мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган ўзбек, қозоқ, турк­ман, қорақалпоқ миллатларига мансуб аёллар ўртасида Респуб­лика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали маммологи Хадича Аллаберганова томонидан сут бези саратони бўйича мамаскриннинг ўтказилди. 

Кўрик давомида бир аёл сут бези саратонидан гумон қилиниб, йўлланма асосида текширувга юборилди. 

Маммолог Хадича Аллаберганова, тиббий кўрикка йиғилган аёлларга йилда 1 марта маммолог кўригидан, маммаграфия, УЗИ ва бошқа тиббий текширувлардан ўтиш муҳимлигини тавсия этди. 

Шунингдек, касалманд, ногиронлиги бор аёллар ҳам хонадонларида кўрикдан ўтказилди. 

– Беш йилдан буён қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиб, азият чекиб келаман, – дейди 1-гуруҳ ногирони, қозоқ миллатига мансуб Соҳибжамол Жаннабоева. – Маҳалла фаолларига раҳмат, ҳолимдан хабар олиб туришади. Бугун ҳам шифокорлар текширувдан ўтказишди. Эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди.  

Шунингдек, 71 ёшни қаршилаган, умрини таълим соҳасига бағишлаган, 6 йилдан буён фалаж касаллиги билан оғриб келаётган, 1-гуруҳ ногирони Зулайҳо опа Тангриберганованинг ҳам ҳолидан хабар олинди ва хонадон аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. 

– Маҳалламизда 737 та хонадон, 1036 та оила мавжуд бўлиб, 3862 нафар фуқаро истиқомат қилади, – дей­ди маҳалла хотин-қизлар фаоли Хонбиби Кудабоева. – 1907 нафар турли миллатларга мансуб бўлган хотин-қизлар аҳил-иноқ яшашади. Маҳалламиз кўп миллатли ҳисобланади. Ташкил этилган тиббий-кўрик аёлларимизга қаратилган эътибор, яратилган имконият бўлди. Аёлларимиз уй-рўзғор юмушлари билан бўлиб, олис масофага кўрикдан ўтиш учун бора олмаётган эди. Хурсандмиз, соғлигимизга қаратилган эътибор кўп миллатли маҳалламизга байрам туҳфаси бўлди. 

Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган бу каби соғломлаштириш ишлари, халқимиз орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш билан бир қаторда, мамлакатимизда инсон қад­рини улуғлаш тамойилини ҳаётга самарали татбиқ этишда аҳамиятлидир. 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган кун

Кўпмиллатли халқимиз – бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро тотувлик – барча ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Азал-азалдан ўзининг дўстлик ва бағрикенглик анъаналари билан машҳур бўлган қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминида ҳозирги вақтда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч ва тотув яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.  16 конфессияга мансуб диний ташкилотлар, 38 та дўстлик жамияти ва 153 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда.

Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида республикамизнинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтяпти. Жумладан, Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 30 июль – Халқлар  дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Рус миллий-маданий маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида «Миллатлараро тотувлик – тинчлик ва тараққиёт кафолати» лойиҳаси доирасида «Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган кун» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов, Рус миллий-маданий маркази раиси Г.Зоркина, партиямизнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Г.Айимбетова марказ ва партиямиз фаоллари иштирок этишди.

Тадбирнинг бош мақсади –миллатлараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига бағрикенглик ғояларини сингдириш ва уни кенг тарғиб қилишдан иборат.

 – Ўзбекистон  ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келади. Улар асрлар давомида миллий низолар бўлмаганлиги халқимизнинг азалий бағрикенглигини кўрсатади, – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов.

 Учрашув давомида рус миллий-маданий маркази фаолияти, эришилган ютуқлар, уларда учраётган муаммолар ва таклиф этилаётган чора-тадбирлар, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари ва хориждаги ватандошларимиз таклиф ва муаммолари билан ишлашда «Халқ дипломатияси»нинг аҳамияти каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Рус миллати вакили сифатида Ўзбекистонда туғилиб ўсганимдан хурсандман. Мен бағрикенг, кўнгли очиқ, тинч юртда таълим олдим, касб-ҳунар эгаси сифатида ҳаётда ўз ўрнимни топдим,дейди  Рус миллий-маданий маркази раиси Г.Зоркина. – Оила қурдим, фарзандларим шу ерда туғилиб, вояга етди. Биз ўзбек, қорақалпоқ, рус, татар, қозоқ ва бошқа халқ ва миллат вакиллари билан дўст ва аҳил яшаяпмиз. Шубҳа йўқки, шу билан бир қаторда  маданий ва маънавий яқин халқлар сифатида тинчфаровон келажакни, фарзандларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини бирдек орзу қиламиз.

Албатта, юртимизда ўтказилаётган бундай тадбирлар қорақалпоқ, ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Тадбир рус миллий маданий маркази мутахассислари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар ва концерт дастури билан якунланди.

Амангуль ЕСЕМУРАТОВА

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши  

Матбуот котиби

Tegishli xabarlar

«ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН – ЯНГИ СУД» тамойили инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигига хизмат қилади

admin

ХАР БИР БОЛА МИЛЛАТ УСТУНИДИР

admin

Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш қанчага тушади?

admin