ADOLAT 24

Ҳудудлардан хабарлар

Ҳар бир ҳудудда янгиланишлар рўй бермоқда

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар фаолиятида самарадорлик тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Инобат Бобоқулова халқ дарди билан яшаб, одамларнинг оғирини енгил қилишга интилмоқда. Депутат жорий йилнинг ўзидаёқ бир неча йиллардан буён туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва фуқаролик пастпортини ололмай юрган 6 нафар фуқарога туғилганлик ҳақида гувоҳнома, 4 нафар фуқарога фуқаролик пас­портларини олишга ёрдам берди. Самарқанд шаҳар “Дарғом” маҳалласида яшовчи Лариса Провоторова фуқаролик паспортига эга бўлмаганлиги учун унинг 2004 ва 2008 йилда туғилган фарзандларига туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилмаётганди. Ушбу ҳолат депутатимиз томонидан назоратга олиниб, Самарқанд шаҳар 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан тегишли ҳужжатларни йиғишга амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада Оксана Провоторова ҳамда Богдан Провоторовга туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Санобар Мирсаидова жорий йил ҳисобидан 3 маротаба онкологик касали бор, 4 маротаба ногиронлиги бор болалар ва 2 маротаба ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, Самарқанд туманидаги “Қавчинон” ҳамда “Шалғамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи, оиласида 1-гуруҳ ногирони бўлганлар ҳолидан хабар олди, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. 

Депутатлик гуруҳидаги яна бир депутатимиз Содиқ Ҳақбердиев жорий йил бошидан “Дедан” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Сузиш ҳавзаси” ҳамда “Болалар спорт мажмуаси”нинг қурилиш жараёнини назорат қилиб келади. Шунингдек, депутат “Бўстон” ва “Қозикент” МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар хонадонларида бўлиб, уларга даволанишлари учун амалий ёрдам кўрсатди. Депутат ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 850 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоларидан Тозагул Холиқова, Дилафрўз Улуғбоева, Дилшод Тиллаев, Нигора Раббимова, Сарвиноз Нажмиддинова, Илҳомжон Тўхтасинов, Гулбека Қўчқорова, Мадина Ваҳобова, Гавҳар Алимовалар ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. 

Гулнафиса Абдимуродова,

Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Дўстлик улугланган тадбир

Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 “Адолат” СДП Когон шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Шоҳжаҳон Исамутдинов ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Когон шаҳар бўлими ҳамкорликда ҳудудда фаолият олиб бораётган “Озарбайжон миллий маданий маркази”да маънавий-маърифий тадбир ўтказди.

Тадбирда шаҳарда истиқомат қилиб келаётган турли миллат вакиллари иштирок этишди.

Шоҳжаҳон Исамутдинов тадбирда сўзга чиқиб, шаҳарда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия борасида ўзига хос ютуқлари ҳақида гапирди. Шунингдек, аҳоли ўртасида диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда Озарбайжон миллати вакилларининг ўрни хусусида сўз юритди. Тадбирда озарбайжонча куй-қўшиқлар янг­ради, рақслар ижро этилди.

– Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, юрт мустақиллигини мус­таҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар, – деди Когон шаҳар “Озарбайжон миллий маданий маркази” раҳбари Марал Мамедова. – Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ҳамда лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш­лари учун зарур имкониятлар яратиб берилган. 

Тадбир якунида иштирокчиларга партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Моҳигул Раҳимқулова, 

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Экологик муаммолар депутат нигоҳида

Бугунги кунда Навоий шаҳри аҳолисини қийнаб келаётган энг жиддий муаммолардан бири маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслигидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикованинг Навоий шаҳрининг турли ҳудудларида сайловчилар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўтказган учрашувларида ҳам маиший чиқиндиларни олиб чиқиш муаммоси долзарблиги таъкидланди.

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, аҳоли чиқиндининг ўз вақтида олиб кетилмаслиги муаммоси, айниқса, ёзнинг жазирамасида янада оғирлашаётганидан шикоят қилмоқда. Бу нафақат аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда, балки шаҳардаги санитария-эпидемиологик вазиятга ҳам таҳдид солмоқда.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун шошилинч чора кўриш керак. Депутат Инна Коржикова соҳага масъуллар ҳамда маҳаллий ҳокимлик вакилларига муаммонинг ечими бўйича тавсиялар берди. Жумладан, ёзда ахлат йиғиш час­тотасини ошириш, чиқинди ташиш машиналарига ўз вақтида техник хизмат кўрсатишни таъминлаш, аҳолининг чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш қоидалари ҳақида хабардорлигини ошириш, чиқиндиларни олиб чиқишни бошқариш ва уларни қайта ишлашни назорат қилиш учун янги технологияларни жорий этишга эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди.

Фақатгина маҳаллий ҳокимият органлари, чиқинди корхоналари ва аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан муаммони ҳал этиш ва шаҳар аҳолиси учун тоза ва соғлом турмуш шароитини яратиш мумкин.

Инна Коржикованинг жойларда ўз сайловчилари билан ўтган мулоқотларида кўтарилган барча масалалар юзасидан тегишли соҳа вакиллари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, уларни ҳал этишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

“Адолат” кубоги мусобақаси ўтказилди

Партия фаоллари ташаббуси билан вилоятнинг Қува туманида ўтказилган спорт мусобақаси водийлик 200 нафардан зиёд спортсевар ёшларни ягона манзилда бирлаштирди. Ўзбекистон Oyama kiokushinkay-kan karate федерацияси, “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши, Қува туманидаги болалар спорт мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган 20 килограммдан 60 килограмм вазн тоифасидаги спортчи ёшлар иштирок этди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, спортнинг мазкур турини ёшлар орасида оммалаштиришда партия фаоли, спорт мураббийси Аюбжон Тўлқиновнинг меҳнатлари беқиёс. Бугунги кунда федерация аъзолари Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Спортчи ёшлар Россия, Қирғизистон ва Қозоғистонда ўтказилган мусобақаларда бир неча бор нуфузли ўринларни қўлга киритишди. Ғолиб ватандошларимиз қаерда бўлмасин, Ўзбекистон байроғи билан бир қаторда “Адолат” партияси байроғини ҳам баланд кўтариб келмоқдалар. 

– “Адолат” кубоги мусобақаси ҳақида спортчиларга хабар берганимизда иштирок этиш истагини билдирганлар сони ҳар сафаргидан кўра кўплиги бизни қувонтирди, – дейди Аюбжон Тўлқинов. – Мусобақада Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидан энг иқтидорли ёшлар иштирок этишди.

Қизғин беллашувлар якунида мусобақа ғолиблари аниқланди. 8-9 ёшли ўсмирлар ўртасидаги курашларда андижонлик Аҳрорбек Абдуллаев, 14-15 ёшли қизлар ўртасидаги баҳсларда фарғоналик Шодиёна Аҳмаджонова, 16-17 ёшли спортчилар ўртасида эса биринчиликни Бобуржон Ашуралиев эгаллади.

Мусобақа якунида “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, партиянинг Қува тумани кенгаши раиси Шоҳиста Мамажонова, партиянинг тумандаги “Ёшлар қаноти” раиси Ғайратжон Мансуровлар ғолиб иштирокчиларга ташкилотчилар ҳамда ҳомийларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширдилар.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати 

**

Оила ва хотин-қизлар партия нигоҳида

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева “Дўстлик”, “Яхши” МФЙ ёшлари иштирокида “Ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

М.Мусаева ўз сўзида жамиятда ёшларнинг ўрни, давлатимиз томонидан уларга бўлган эътибор тўғрисида гапирди. Ўз ўрнида бугун ёшларга нисбатан энг оғриқли масалалардан бирига айланган зўравонлик барҳам топмаётгани, айрим оилаларда уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлинаётгани ва вояга етмаган қизларга нисбатан зўравонликларга алоҳида тўхталиб, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун барчамиз биргаликда курашмоғимиз зарурлиги таъкидланди. 

Шу билан биргаликда давра суҳбатида партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифалари, янгиланаётган сайлов тизимлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Эл ишончини қозонган депутат

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов аҳоли дардини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиши, ўз ишига масъулият билан ёндашиши, қатъийлиги, билимдонлиги ва ғамхўрлиги билан тилга тушган партиядошларимиздан бири. 

Депутат фаолиятини ижро органлари ва сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда ташкил этган, бу эса жойларда муаммоларга ечим топишда ўз натижасини бермоқда.

Салоҳиддин Элмуродов ҳар доим сайловчиларни қабул қилади, уларга амалий ёрдам кўрсатади. Жумладан, Бахт шаҳридаги “Хазина” МФЙ, “Бешбулоқ” МФЙ, “Тинчлик” МФЙ, “Тадбиркор” МФЙлардаги янги қурилган кўчаларда яшовчи аҳолининг уйларини электрлаштириш, эскирган сим­ёғочларни янгисига алмаштириш, кам қувватли трансформаторни янгилаш, йўлларни таъмирлаш, автобус қатновини йўлга қўйиш, ҳунарманд ва тадбиркорларга қурилиш учун ер майдони ажратиш, субсидия, таълим кредити олиш масалалари юзасидан тегишли ташкилотларга ўнлаб депутатлик сўровлари киритди. Бахт шаҳри аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда, шаҳардаги 13-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ва янги жиҳозлар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатди.

Шунингдек, депутатимиз ташаббуси билан “Тадбиркор” маҳалласидаги 32 оила намунавий арзонлаштирилган уй-жой билан таъминланди, маҳалладаги 5 нафар ногирон фуқарога махсус аравачалар олиб берилди.

Ҳозирги кунда Салоҳиддин Элму­родов халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйи­ча доимий комиссия раиси сифатида иш олиб бормоқда, вилоятда ўз ечимини топиши лозим бўлган масалаларни доимий Комиссияга олиб чиқишда ва фуқаролар мурожаатлари тизимли ҳал қилинишида жонбозлик кўрсатмоқда.

Хусусан, Бахт шаҳрининг табиий газ билан таъминланиши мутлақо янгиланди. Аҳоли тўлиқ газ билан таъминлангач, шаҳардаги 5 минг хонадоннинг газдан қарздорлиги 5 фоизга тушди. Бир ойда тушмайдиган тушум бир кунда туша бошлади. Ижобий ўзгариш­ларнинг амалга ошишида депутат Салоҳиддин Элмуродовнинг хизматлари салмоқли.

 С.Элмуродов Сирдарё туман кенгаши раиси сифатида тумандаги 38 та МФЙдаги “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, масъуллар иштирокида фуқаролар билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда ва маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га кирганларга яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда. 

Сирдарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати 

Tegishli xabarlar

Давр ташаббускорликни талаб қилмоқда

admin

Ёшлар парламенти аъзолари сайланди

admin

Осиё хотин-қизлари форуми: тенглик, тараққиёт ва фаровонлик сари муҳим қадам

admin