ADOLAT 24

Волонтёрлик: ҳамкорлик истиқболлари

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этишдаги масъулиятини, бирдамлигини ва ўзаро ёрдам бериш кўникмаларини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Мамлакатимизда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантиришда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бўйича ёшларнинг билимини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда «Ёш адолатчилар» қаноти республика Кенгаши ҳамкорлигида «Ўзбекистон ва жаҳонда волонтёрлик ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида ўқув семинари ўтказилди. 

Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси, Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосарлари, партия Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Ёшлар парламенти» ҳамда ҳудудлардаги «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгаши аъзолари, партиянинг ҳудудий Кенгаши масъуллари, волонтёрлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Семинарни «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда волонтёрлик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳанинг ривожланиши учун яратилаётган шароитлар ва эришилаётган ижобий натижалар хусусида тўхталиб ўтди. 

Партия етакчиси волонтёрлик фаолиятининг юртимиздаги тарихига назар солиб, кимгадир чин кўнгилдан самимий ёрдам бериш зардуштийлик динининг муқаддас китоби – “Авесто”да ҳам айтиб ўтилганига тўхталди. Ҳақиқатан ҳам, “Авес­то”даги эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал каби ахлоқий тушунчалардан ўша пайт­ларда ҳам инсонларга чин юракдан, беминнат, беғараз ёрдам бериш энг олий фазилатлардан бири бўлганини пайқаш мумкин.

Шунингдек, партия етакчиси дунёда рўй берган коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда волонтёрларнинг самарали фаолияти мазкур таҳликали ҳолатдан тез ва кам талофат билан чиқиб кетишга хизмат қилгани учун уларга миннатдорлик билдирди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти республика Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар комиссияси раиси Муҳаммаджон Валиев сўзга чиқиб, «Мамлакатимизда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш учун қонунчилик базаси хусусида» маъруза қилди. 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда 2019 йил 2 декабрда «Волон­тёрлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган бўлса, 2023 йилда ушбу қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, соҳадаги ваколатли давлат органи этиб – Ёшлар ишлари агентлиги белгиланган. Қонуннинг мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти жисмоний ва (ёки) юридик шахс­ларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади. Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади. 

Шу билан бирга волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантириш, давлат органларининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда волонтёрларга кўмаклашиш, уларнинг хизматларини эътироф этиш ҳамда тақдирлаш механизмларини такомиллаштиришни мақсадида 2023 йил 18 августдаги “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Муҳаммаджон Валиев қонунчиликда волонтёрликнинг тартибга солиниши туфайли бугунги кунда дунёнинг бошқа ривожланган давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам соҳага аҳоли, айниқса, ёшлар қизиқиши ошаётганини қайд этди. 

Семинар давомида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Ёшлар бўлими бошлиғи Дониёр Нурмуҳаммедовнинг «Ўзбекистон ва жаҳонда волонтёрлик ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари» хусусидаги тақдимоти семинар қатнашчилари томонидан илиқ кутиб олинди. 

Тақдимотда юртимизда волонтёрлик фаолиятини амалга оширишдаги ўзига хос жиҳатлар, соҳадаги мақсад ва вазифалар билан бир қаторда дунё давлатларида волонтёрликнинг қонуний механизмларига алоҳида урғу берилди.

Амалдаги тартибга кўра, волонтёрлик фаолияти якка тартибда, волонтёрлар гуруҳи таркибида бўлиши ҳамда 18 ёшга тўлган жисмоний шахс­лар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган жисмоний шахсларга эса, бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, иштирок этишига рухсат берилади. 

Дониёр Нурмуҳаммедов волонтёрлик ҳаракати дунёда кенг тарқалаётган соҳалардан бири сифатида маълум бир эзгу мақсадда жамиятда турли хил муаммога дуч келган, ёрдамга муҳтож инсонларга бериладиган, уларнинг ҳаётини ҳар томонлама яхшиланишига қаратилган беминнат хизмат экани ҳақида сўзлаб берди.

“Волонтёрлик” сўзи французча “volontaire” сўзидан олинган бўлиб, “ихтиёрий”, “ўз хоҳишига кўра иш қилувчи” деган маъноларни англатади. 

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, илк бора XVIII-XIX асрларда кўнгилли тарзда ҳарбий хизматга борувчилар “волонтёрлар” деб юритилган. Бу сўзга замонавий таъриф XIX асрнинг 20-йилларида берилган. Биринчи волонтёрлар ташкилоти 1844 йилда Анг­лияда ташкил этилган ва “Ёш эркаклар христиан ассоциацияси” деб номланган. 

Тақдимотда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Акмал Алимов мамлакатимизда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантиришда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. 

Хусусан, кейинги йилларда юртимизда волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун турли лойиҳалар ташкил қилинмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 апрелдаги тегишли қарори билан Ёшлар ишлари агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳар йили ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойи­ҳаларини амалга ошириш учун волонтёрлик гуруҳлари ва волонтёрлик ташкилотларига ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда маблағ ажратилмоқда. 

Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгилангани БМТнинг волонтёрлик ташкилоти томонидан Марказий Осиё давлатларида биринчи маротаба амалга оширилаётгани эътироф қилинди.

Вертикал тизим асосида волонтёрларни бошқариш, уларнинг самарали фаолиятини мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ёшлар ўртасида волонтёрликни ривожлантиришнинг яхлит механизми сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ёшлар марказлари”да “Волонтёрлар мактаб­лари” фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда 100 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олган 210 та доимий фаолият юритадиган “волонтёрлик гуруҳлари” иштирокида 214 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган ҳамда ёлғиз қариялари мавжуд оилаларга кўмак кўрсатилди. Жумладан, 935 нафар волонтёрлар эҳтиёжманд аҳоли мурожаатларини қабул қилишга, 9,7 минг нафар ёшлар хайрия маҳсулотларини 500 мингдан ортиқ хонадонларга етказиб беришга кўмаклашди.

Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ёшлар ҳашари” кўчат экиш акцияси ташкил этилиб, акцияда 34 минг 380 нафар ёшлар томонидан 125 минг 580 туп (павлония, оқтерак, мажнунтол, гилос, арча, тут) кўчатлари экилди.

“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” умумхалқ хайрия ҳашарлари доирасида 102 минг волонтёр ёшлар иштирокида “#Обод_юрт ёшлар” челленжи остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкиллаштирилди. Ҳашар давомида 6 минг 193 та қабристон ва 1 минг 659 та зиё­ратгоҳ ободонлаштирилди, 96 минг 922 та кўча, ариқ ва оқова сув масканлари тозаланди, 8 минг 557 та болалар майдончаси таъмирланди. 

Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раиси Ширин Абидова сўзга чиқиб, мамлакатимизда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантиришда Волонтёрлар ассоциацияси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида маъруза қилди.

Таъкидлаш ўринлики, ассоциация раиси волонтёр бўлишнинг бир қанча ижобий томонлари ҳақида маълумот берар экан, мулоқот ва бирдамлик ҳисси, эътиқод ва қадриятларни анг­лаш, саёҳат, янги танишлар, инсон дунёқарашини кенгайтиришни мисол сифатида келтирди. Шу билан биргаликда, ривож­ланган давлатлардаги волонтёрлик фаолиятининг кенг тарқалган моделлари ҳақида ҳам тушунча берди. 

Масалан, Европада 52 фоиз ёш у ёки бу кўринишда волонтёрлик билан шуғулланади. Германияда волонтёрликнинг “Вüргерсчафтличес Энгагемент” фуқаролар фаоллиги модели кенг тарқалган бўлиб, бу модель фуқароларнинг барча соҳалардаги хатти-ҳаракатлари йиғиндиси, яъни жамоат ташкилотларида иштирок этиш, ташаббускор бўлиш, фойдали иш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни билдиради.

Маълумот ўрнида айтганда, ассоциациянинг асосий мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш, инсонпарварлик, бағ­рикенглик ҳамда ҳамжиҳатлиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. 

Ассоциация томонидан биргина ўтган йили мамлакатимизда 61 минг нафар шахс волонтёрлик ҳаракатига қамраб олинган ва доимий фаолият юритадиган 99 та волонтёрлик гуруҳи ташкил этилган. 

Ўқув семинари якунида партия ташаббус ва лойиҳаларини аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, волонтёрлик фаолиятини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекис­тон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон Волонтёрлар ассоциацияси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболдаги масалалари муҳокама қилинди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Усмон Носирнинг сўнгги сўзи

admin

САВДОГАР ниқобидаги ФИРИБГАР

admin

Таҳририятга мактуб: Халқ манфаати устун бўлиши керак…

admin