ADOLAT 24

Сайловчилар билан учрашувлар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар натижасида юртимиз ҳар жиҳатдан тараққий этиб бормоқда. Бу борада парламентимиз депутатларининг ҳам ўрни беқиёс. Айниқса, депутатларнинг ўзи сайланган сайлов округларидаги сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари ҳамда учрашувлари муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев 31-Вобкент сайлов округида ўз сайловчилари билан учрашди. 

Депутат “Шоҳнигор” маҳалласидаги 38-умумтаълим мактабида бўлиб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Мактаб директори Ҳамза Жумаев мактабда амалга оширилаётган ишлар билан таништирар экан, айрим муаммолар, хусусан, мактаб спорт залини инвентарлар билан таъминлаш ҳамда мактаб атрофида барпо этилган мевали ва манзарали боғни суғориш учун кичик артезиан қудуқ қазиш масаласини кўтарди.

Депутат, шунингдек, ушбу маҳалла ҳудудидаги 15-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди, Бу ерда мактаб ҳудудини обод қилиш, хусусан, сунъий қопламали мини стадион қуриш масаласи кўтарилди. 

“Ширин” МФЙ биносида бўлиб ўтган учрашувда маҳалла ҳудудидаги эски хонақони маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш ҳамда МФЙ биноси ёнида маҳалла кутубхонаси ташкил этиш масалалари кўтарилди.

“Бозоржойи” маҳалласидаги 11-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини ўрганилди. Мактаб бинолари 1968-1975 йилларда қурилган бўлиб, улар анча тарқоқ ҳолатда. Мактабда 563 нафар ўқувчи таълим олсада, спорт зали ва фаоллар зали йўқ. Депутат мактаб ҳудудидаги захира ер майдонида янги, замонавий мактаб биноси қурилиши масаласини мутасаддилар билан бирга ўрганиб чиқишга ваъда берди.

Депутат “Бозоржойи” МФЙ ҳудудидаги «Тошмачит» тарихий обидасини рес­таврация қилиш ишлари билан танишди. Бузилиш арафасига келиб қолган XVI асрга мансуб мазкур ноёб обидани қайта тиклаш ишларига республикамизнинг энг моҳир усталари жалб қилинган бўлиб, улар билан суҳбатда обиданинг асл кўринишида тикланиши маданий мерос объектини сақлаб қолиш билан бирга туризм ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшиши таъкидланди. Депутат реставрация ишларини сифатли олиб бориш бўйича ўз тавсияларини берди.

* * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров Нишон тумани аҳолиси билан учрашганда, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя этиш имкониятлари кенгаяётганидан мамнун эканликларини изҳор этишди. Депутат маҳаллаларда бўлиб, маҳалла еттилиги билан суҳбатлашди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётган қонунлар, ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар берди. 

 “Ойдин” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувда одамлар ўз хонадонларига ўрнатилган ичимлик сув қувурларига сув ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлиб, лекин белгиланган тартибда муҳрлаш ишлари қилинмаганлиги туфайли муаммолар юзага келаётганидан ташвишда эканликларини билдиришди ҳамда ушбу муаммони бартараф этишда депутатдан кўмак сўрашди. 

Депутат вазиятни ўрганиб, фуқаролар эътирози ўринли эканлигини аниқлади. Масалага ечим топишга “Нишон тумани сувоқова” ташкилоти раҳбари А.Эргашевни жалб этди ва аҳоли хонадонларида белгиланган тартибда муҳрлаш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, уй-жой, бандлик, ер, йўл муаммолари бўйича ҳам фуқаролар депутатга юзландилар. Абдуғани Умиров фуқаролардан тушган барча мурожаатларга масъулларни жалб этган ҳолда ўз жойида ечим топишга эришди. 

  * * *

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова Муборак тумани аҳолиси муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрмоқда. Айниқса, мурожаатчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, фаол қонунчилик тарғиботини олиб боришда ҳам депутат томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

“Одамлар депутат фаолиятидан рози бўлиши керак”, шиори асосида Махфурат опа бу галги учрашувини Муборак туманидаги “Сариқ” МФЙда аҳоли муаммоларини тинглаш ва ҳал қилишдан бошлади. Юзма-юз мулоқотда одамлар маҳалланинг ички йўлларига йўл белгилари ўрнатилмаганлиги туфайли йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муаммолар юзага келаётганлигидан шикоят қилишди. Қорабоғ қишлоғига қарашли Соҳил, Қорабоғ, Ободлик кўчаларининг 4 километр масофасини шағаллаштиришда кўмак беришни сўрашди. Шунинг­дек, “Сариқ” МФЙ ҳудудидан ўтувчи, Косон, Касби ва Миришкор туманларини бир-бирига боғловчи Қашқадарё дарёси устида ўрнатилган кўприк яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги туфайли уни зудлик билан таъмирлаш кераклигини билдиришди. 

Мулоқот давомида тиббиёт, уй-жой, бандлик, боғча масалалари билан боғлиқ савол ва мурожаатлар ҳам тушди. Депутат фуқароларнинг барча мурожаатларини ўрганиб, тегишлилиги бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Вақт талаб қиладиган муаммолар бўйича қилинган мурожаатлар депутат томонидан назоратга олинди. 

Бухоро, Қашқадарё вилоят кенгашлари матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Инсон қадри — бош тамойил. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада

admin

Таълим — барча соҳаларнинг асосий пойдевори

admin

Таҳририятдан:

admin