ADOLAT 24

Комил Синдоров: Заковатли фарзандлар юртни жаҳонга танитади

Ер юзида ҳаёт пайдо бўлиб, башарият умргузаронлик қила бош­лагандан бери барча даврлар, замонларда, ҳамма жамиятларда ниҳоятда муҳим ҳисобланган — ёшларга яхши таълим бериш, уларни етук шахс қилиб тарбиялаш, комил инсон даражасига етказиш энг асосий масалалардан бири бўлиб келмоқда. Бу борада ҳар бир халқнинг, миллатнинг, жамиятнинг асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидалари, урф-одатлари, анъаналари, таълим-тарбия усуллари вужуд­га келган. Шу билан бирга, юксак даражадаги таълим-тарбиянинг турфа йўллари, унинг моҳияти, мақсади ҳақида улуғ мутафаккирлар, алломаларнинг фикрлари, хулосалари ҳам мавжуд. Айни пайтда таълим ва тарбиянинг умумэътироф этилган улуғвор мезонларидан ташқари, ҳар бир тарбиячи, момо-боболар, ота-оналар томонидан бу соҳада яратилган ўзига хос йўллар, усуллар ҳам бор. Бошқача айтганда, юртимизда таълим ва тарбия соҳасида ниҳоятда бой мерос тўпланган.

Хўш, бугунги кунда ана шу соҳадаги аждодлардан қолган бой меросдан қай даражада фойдалана олаяпмиз? Эндиликда ота-оналар, мураббийлар ёшлар тарбиясида кўпроқ нималарга эътибор қаратишлари керак? Бу борада эришилаётган ютуқлар билан бирга юзага келаётган муаммолар нималардан иборат? 

Ангрен университети ректори, юридик фанлар доктори, профессор, “Адолат” СДП фаоли Комил Синдоров билан суҳбатимиз ана шундай масалалар хусусида бўлди.

– Юртимизда Синдоровлар оиласини шахматчилар, шахмат бўйича жаҳон чемпионлари оиласи сифатида яхши билишади. Бу бежиз эмас. Бир эмас, уч набирангиз шахмат бўйича ёшлар ўртасида респуб­лика, Осиё, жаҳон чемпионлари бўлишди. Бундай ютуқларни қўлга киритиш осон кечмагандир. Сир бўлмаса, набиралар тарбиясида қандай йўл тутгансиз?

– Тараққиёт туфайли ҳаётимизда телефон, компьютер интернет каби техник воситалар мустаҳкам ўрин эгаллади. Булар, бир томондан, фаоллигимизни оширди, вертуаль олам билан тезкор боғланишимизга катта имкониятлар яратди. Лекин, иккинчи томондан, бу техник воситалар турфа хил ўйинлар орқали болалар, ёшларни ўзига ром қилди. Сир эмас, бугун республикамиздаги аксарият оилалардаги кичик ёшдаги болалардан тортиб, ўрта ва катта ёшдагилар ҳам ана шундай ўйинларнинг “ашаддий мухлиси”га айланган. Афсуски, кўпчилик бу ўйинларнинг болалар, ёшлар онгига ёмон таъсир қилишини етарлича англамаяпти.

Неварам Жавоҳир ҳам икки ёшидан бош­лаб телефон, компьютер ўйинларига қизиқиб қолди. Дастлаб ёш боланинг турли хил мураккаб ўйинларни маҳорат билан ўйнаши бизни қувонтирди. Қизиқиш кундан-кунга кучайди. Кейинчалик у компьютерсиз туролмайдиган, жанжал кўтарадиган, хархаша қиладиган, тажанг ва асабий бўлиб қолди. Тақиқлар, чеклашлар кор қилмади. Компьютерга муккасидан берилиб кетаётгани, кечаси билан ўйин ўйнаб чиқишлари бизни ташвишга солди. Бола мисоли тоғдан оқиб тушаётган сувга ўхшайди. Сувни сойга тўғрилаб юборсангиз, манзилга бориб, яхши натижа беради. Акс ҳолда, тўсиқ қўйсангиз атрофга зиён етказади. Ана шунда уни шахмат оламига бошладим. Хотираси тиниқ, кучли бўлгани учун шахматни тез ўрганиб олди. Муҳими, уни “вертуаль ўйинлар”нинг чангалидан қутқарганимдан хурсанд эдим. Кейин устоз­лар сабоқлари бошланди. Устоз­лар ҳам дастлаб икки яшар болага шахматдан сабоқ беришга унашмади, кейин ундаги қизиқишни кўриб, рози бўлишди. Укаси Исломбек ҳам акасига эргашиб, шахмат ўйинига қизиқиб қолди.

2012 йилнинг бошида Жавоҳир ҳам, Исломбек ҳам 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат чемпиони бўлишди. Шу йили Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида 6 ёшли Жавоҳир тезкор йўналишда олтин, классик йўналишда кумуш медални, Исломбек эса тезкор йўналишда кумуш медални қўлга киритди. 2013 йилда Эронда ўтказилган қитъа шахмат чемпионатида Жавоҳир кумуш медалга, Исломбек учта йўналиш бўйича олтин медалларга сазовор бўлди.

2014 йилда Грецияда ўтган жаҳон чемпионатида иккала неварам ҳам олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони, деган юксак унвонга эришди. Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатидан бир олтин ва бир бронза медаль билан қайтдик. Таиланддаги, Кореядаги чемпионатларда ҳам олтин медаллар олишди. 2015 йилдан бошлаб акалари сафига учинчи неварам – Ҳумоюн ҳам қўшилди. У шу йили Шаржада, 2016 йили Эронда ўтказилган Осиё чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритди. Кейинги йилларда невараларимга Европанинг Пардубице, Лиепая, Рига, Вена турнирларида, Осиё чемпионатларида ғолиб­лик насиб этди. Жавоҳир 11 ёшида шахмат бўйича халқаро мастерлик меъёрини бажариб, дунёнинг энг ёш халқаро мастери даражасига эришди. 12 ёшида эса дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бирига айланди. Оиламиз чемпионлар оиласига айланди…

Невараларим, ёш чемпионларни клубма-клуб, турнирма-турнир, давлатма-давлат олиб юриш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун масъул одам керак бўлди. Оиламиздагиларнинг ҳаммаси давлат иши билан банд эди. Мен ўша пайтларда Жиззах вилоят хўжалик суди раиси бўлиб ишлардим. 2013 йилнинг бошларида суд раиси лавозимининг муддати тугади. Навбатдаги муддатга сайланиш имкониятим бор эди. Лекин мен набираларим – оиламиз чемпионлари учун бу лавозимдан воз кечдим. Уларга таянч бўлдим. 

У пайтларда турнирларга, чемпионлик мусобақаларига бориш учун ҳамиша ҳам маблағ ажратилавермасди. Бундай пайтларда мусобақаларда иштирокимиз шахсий маблағлар, ҳомийлар ёрдами асосида бўларди. Набираларим сабаб шахмат оламига чуқурроқ киришга мажбур бўлдим. Курсларда ўқиб, шахмат бўйи­­ча ҳакамлик мақомига эришдим. Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг ўринбосари бўлиб ишладим. Республика шахмат бўйича ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида директорлик қилдим. Юртимизда шахмат клублари, мактаблари, марказлари очилишига озми-кўпми ҳисса қўшдим.

– Набиралар ютуқларидан қувонгандирсиз, улар муваффақияти ҳаётингизда беиз кетмагандир?..

– Албатта! Энг аввало, набираларимнинг шахмат оламида эришган муваффақиятлари ўз вақтида Биринчи Президентимиз ва эндиликда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътироф этилди. 2014 йилда “Олимпия заҳиралари” музейида Жавоҳир ва Исломбеккка юртбошимиз номидан ноёб ҳисобланган компьютер ва телеаппаратура жамланмаси топширилди. 2017 йилда Респуб­лика Президенти томонидан Жавоҳирга қимматбаҳо “Макбук” компьютери совға қилинди.

Шу йили у “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” совринини қўлга киритди. Халқаро гроссмейс­тер унвонига эга бўлиши муносабати билан Республикамиз Президенти табрикнома йўллади. Табрикномада шундай сўзлар битилганди: “Мамлакатимизнинг сендек 12 яшар навқирон, азми шижоатли фарзанди ғоят кескин ва муросасиз руҳда ўтган саралаш баҳсларида муваффақият қозониб, жаҳоннинг амалдаги энг ёш гроссмейстери даражасига кўтарилгани, дунё шахмат тарихидаги бу натижа, шубҳасиз, барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига катта ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бундай улкан эътироф юртимиз ёшларининг барча соҳаларда, жумладан, ақл-заковат мусобақаси бўлган шахмат бўйича ҳам катта марраларни забт этишга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этмоқда”. Бундай улуғвор сўзлардан кимнинг қалби қувончга тўлмайди. Хусусан, бундай ютуққа набирангиз эришган бўлса! Айни пайт­да унга уч хонали хонадоннинг калити ҳам топширилди.

Барчага аёнки, ҳар қандай инсоннинг ўз меҳнати, фаолияти билан элга танилиши нақадар шарафли. Агар ўғил, қизинг – фарзандларинг туфайли номинг улуғланса, бунинг шукуҳи бўлак. Набиралар, чеваралар ортидан юртга танилиш эса ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган чинакам бахт. Ана шундай бахтга эришганимдан ниҳоятда масрурман.

Мен ҳаётда меҳнатим билан бир инсон қўлга киритиши мумкин бўлган барча ютуқларга эришдим, дея оламан. Мактабни олтин медаль билан тугатдим, Миллий университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан тамомладим. Юридик фанлари доктори, профессор бўлдим. Суд-прокуратура идораларида ишлаб, амалиётчи олим сифатида ҳуқуқ соҳасида, илмий жамоатчилик орасида танилдим. 10 дан ортиқ ҳуқуқий рисолаларим, 100 дан кўп мақолаларим эълон қилинди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида 20дан ошиқ шеърий ва 12 та детектив асарларим нашр этилди.

Шунга қарамай, мен эл орасида ҳуқуқшунос, олим, шоир ёки адиб сифатида эмас, балки шахмат бўйича жаҳон чемпионларининг бобоси сифатида танилдим. Шу мартабамни барча эришган мақомларимдан энг улуғи деб биламан ва бундан ниҳоятда фахрланаман. Биз шу пайтгача Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Самарқандийлар авлодимиз деб ғурурланардик. Энди улуғ ишларни қилишга қодир бўлган, юртимиз шаънини дунёга танитаётган чемпионларнинг, иқтидорли набираларнинг боболаримиз, деб фахрланадиган кунларга ҳам етдик.

– Набираларингиз эришаётган ютуқларнинг омили нимада, деб ўйлайсиз?

– Агар набираларим эришаётган муваффақиятлар асосида фақат тинимсиз меҳнат, ўқиш-ўрганиш, шахмат сирларини англашга бўлган зўр интилиш ётади десам, улар иқтидорини, истеъдодини, ноёб талантини эътибордан соқит қилган бўламан. Чунки боланинг ўзида талант, иқтидор, истеъдод бўлмаса, ҳар қандай тинимсиз машқлар, ўқиб-ўрганиш­лар, адоқсиз фаолият билан катта ютуқларга эришиб бўлмайди. Ёҳуд бола талантли, иқтидорли, ноёб истеъдод эгаси бўлсаю, иқтидорини юксалтириш учун ўқиб-ўрганмаса, ҳаракат қилмаса, ундай истеъдод эгаси ҳам жиддий муваффақиятларни қўлга киритолмайди. Шунинг учун аҳли донишлар ҳар бир инсоннинг яратувчилик, бунёдкорлик қудрати асосида ҳам истеъдод, ҳам меҳнат уйғунлашади, дейишади. Набираларимнинг шахматда эришган ва эришаётган ютуқлари асосида ҳам истеъдод, талант билан бирга тинимсиз меҳнат, ўқиб-ўрганиш мужассамлашган. Бошқача айт­ганда, чемпион бўлиш учун фақат истеъдоднинг ўзи етарли бўлмайди. Ҳар қандай истеъдод парваришга, сайқалга муҳтож. Эътибор, тарбия бўлмас экан, боланинг истеъдоди соя­да қолиб кетиши, рўёбга чиқмай қолиши мумкин. Ёки аксинча…

Набираларимдаги истеъдоднинг учқунларини бобомерос деб биламан. Тўғри, аждодларимиз орасида шахмат илмини мукаммал билганлар, шатранжда чемпионлик белбоғини таққанлар бўлмаган. Лекин боболарим бахшичилик илмида донг таратганлар. Жуманбулбул, Эргаш бобо, Синдор Қувондиқ бахши ўғли… Айниқса, Эргаш бобомиз ниҳоятда зукко бўлган. “Қўрғон” достончилик мактабига асос солган. 45дан ортиқ халқ достонларини мукаммал билган. Бир неча кунлаб достон куйлаб, халқнинг тилига тушган. Бахши бобомизнинг достонларини ёзиб олган фольклоршунос олим Ҳоди Зарипов эсдаликларида “Мен Эргаш Жуманбулбул ўғлидек мустаҳкам хотирали ва зукко инсонни бошқа кўрмаганман” деб ёзиб қолдирган. Набираларимда ана шу бобосидан ўтган мустаҳкам хотира ва зукколик бор. Мустаҳкам хотира ва зукколик шахмат илмидаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шунинг учун Жавоҳирга бағишланган шеърларимдан бирида шундай ёзганман:

Ахир сенинг етти пуштинг бахши ўтган,

Чечанликда овозаси элни тутган.

Тили билан ғолиб бўлган алар мудом,

Сўйлаганда сўзамоллар тилин ютган.

Султон кампир, Тилла кампир момоларинг,

Эргаш бахши, Жуманбулбул боболаринг, 

Дўмбирасин, жоним қўлга олармисан,

Жаҳон узра ёйиб мумтоз наволаринг.

Буюк ишлар сени кутар, билармисан?

Гарданингга элнинг юкин олармисан?

Юртим дея ёниб яшаб, лозим бўлса,

Шу Ватанга жонинг фидо қилармисан?!

– Халқ орасида “Истеъдодсиз бола бўлмайди, фақат ундаги истеъдодни юзага чиқара билиш зарур”, деган гап бор. Истеъдодни юзага чиқариш учун эса тарбия керак. Тарбия ҳар қандай оиланинг, жамиятнинг асоси ҳисобланади. Шундай экан, тарбия жараёнида кўпроқ нималарга эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайсиз?

– Мен тарбияшунослик илмининг етук мутахассиси эмасман. Лекин набираларим ҳаётини, фаолиятини кузата туриб, уларга мададкор бўлиб, ёшлар тарбияси борасида баъзи хулосаларга келдим.

Биринчи хулоса. Фарзанд тарбияси учун, энг аввало, ота-она масъул. Уларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Негаки, болалар туғилганидан бошлаб уларнинг қаноти остида, уларнинг ҳимоясида бўлади. Ҳаётнинг энг биринчи сабоқларини улардан олади. Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-онанинг хулқ-атвори бола учун намуна вазифасини ўтайди. Қолаверса, ҳеч бир ота-она болам ёмон бўлсин демайди. Ота-онанинг фарзандига бўлган муҳаббати чегара билмас илоҳий муҳаббатдир. Аммо ана шу “муҳаббат” баъзан боланинг эгоист, тантиқ, ишёқмас бўлиб ўсишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Болани ортиқча эркалаш, аяш, талтайтириш унинг тарбиясига салбий таъсир қилади. Бундан эҳтиёт бўлиш керак.

Шу билан бирга, бола тарбиясида бобо-момоларнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Тарихимизга назар солсак, маърифатли оилаларда фарзандлар тарбияси асосан бобо-момолар гарданида бўлганлигини кузатиш мумкин. Буюк олим, давлат арбоби Мирзо Улуғбекни шундай даражага етказган бобоси Амир Темур, момоси Бибихонимнинг тарбияси эмасми? 

Нега бу масалага алоҳида эътибор қаратаяп­ман? Гап шундаки, бобо-момоларнинг ҳаётий тажрибаси катта бўлади. Улар ўзлари босиб ўтган умр йўли орқали бола тарбия­сига ёндашадилар. Қолаверса, турмушнинг барча оғир-енгилини тотган инсонлар тарбия­нинг самарали усулларини бошқаларга қараганда яхшироқ билишади. Баъзан невараларимнинг муваффақиятидан хурсанд бўлганимда фарзанд­ларим “Дадажон, нега бизларни ҳам ёшлигимизда шахмат тўгарагига бермагансиз, бизлар ҳам жаҳон чемпиони бўлармидик?” деб ҳазиломуз савол беришади. Мен ҳам ҳазил билан жавоб қайтараман: “У пайтда менинг ўзим ҳам ёш бўлганман”. Рости ҳам шу. Ўша пайтларда ўғил-қизларимни спортнинг у ёки бу турига берганман. Аммо буни шундай қилиш кераклиги, бошқалар шунақа қилаётгани учун қилганман. Бунда на уларнинг қизиқишини, на иқтидорини, на имкониятини ҳисобга олмаганман. Уларни катта ютуқлар сари етаклаш йўлларини билмаганман, улар билан уйда жиддий шуғулланмаганман… Чунки, ўша пайтларда менда зарур ҳаётий тажриба бўлмаган.

Бола тарбияси билан бобо-момоларнинг шуғулланиши заруриятини асословчи факторлардан яна бири, улардаги имконият билан боғлиқ. Негаки, бугун ҳаёт дошқозонида қайнаётган, “бошини қашишга” вақт тополмаётган ота-оналарга қараганда уларнинг бўш вақтлари бироз кўпроқ. Шу ўринда бобо-момоларга ҳам бир-икки оғиз гапимиз бор: сиз, азизлар, улфатлар билан чойхонада, тўйма-тўй, базмма-базм юришлардан ортиб, болангизнинг боласи учун вақт ажратинг, ўзингизнинг бой ва намунали турмуш тажрибангизни набирангизга беришга имкон топинг, керакли маслаҳатларингизни улардан аяманг, бола тарбиясида ота-оналарга кўмак беринг! Ахир халқимизда “Данагидан мағзи ширин”, деган нақл бекорга айтилмаган. 

Узоқ ва мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтган, унинг иссиқ-совуғини, ширин-аччиғини тортиб кўрган, умр сўқмоқларида тобланган отахон ва онахонлар катта билим, бой тажрибага эга бўлади. Бугун уларни ёшлар тарбиясига жалб қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан эндиликда “набиралар таълим-тарбиясида бобо ва момолар масъул” ташаббусини кенг ёйиб, “бува-бувилар институти”ни жорий этиш лозим.       

Яхши тарбия болани қалбан пок, жисмонан бақувват бўлиб камол топишига сабаб бўлади. Тарбия билан таълим боланинг икки қаноти. Аъло хулқли бола билимли ҳам бўлмоғи зарур. 

Яна бир масала. Бугунги кунга келиб оталарнинг кўпи иш билан банд. Бола тарбияси оналар қўлида. Лекин, менимча, ҳар бир ота боласи тарбияси учун вақт топиши, бу иш билан жиддий шуғулланиши лозим. Аслида фарзанд тарбияси у бажараётган ишларнинг энг асосийси ва ниҳоятда зарури эканлигини унутмаслиги керак…   

Иккинчи хулоса. Ҳар қандай болада ўзига хос иқтидор бўлади. Бировда очиқ, бировда яширин. Ота-онанинг, бобо-момоларнинг вазифаси эса шу иқтидорни рўёбга чиқаришдан иборат. Бу иш қанча эрта бошланса, шунча самарали бўлади. Баъзида ота-оналарнинг гаплари қулоғимга чалинади: боламизни 7 ёшида футболга олиб бордик, бўлмади – тезда ташлаб кетди, кейин боксга… шахматга… бирортасини эплай олмади. Ўзида қобилият йўқ, шекилли…

Хўш, ўша бола 7 ёшида футбол тўгарагига борган дейлик. Биринчидан, ота-она унинг қизиқиши билан ҳисоблашмаган. Иккинчидан, ундаги қобилият инобатга олинмаган. Учинчидан, бу ишга кеч киришилган. Балки 3-4 ёшида бола футбол ўйнашни бошлаганда натижаси яхши бўлиши мумкин эди. Тўғри, бу ёшда болани ҳеч бир мураббий қабул қилмаслиги мумкин. Шу сабабли боланинг қобилияти сезилса, 3-4 ёшидан ота-онанинг ўзи болани спортга тайёрлаши, машқ қилдириб, унинг жисмоний фаоллигини ошириши лозим.  

Болада икки-уч ёшдан дунёни билишга, нималар биландир шуғулланишга иштиёқ пайдо бўлади. Агар ота-она у билан мунтазам шуғулланса, бола мактабга боргунга қадар анча-мунча ютуқларга эришиши мумкин. Аксинча ҳам бўлиши мумкин. Айрим ота-оналар “Ҳа, болам мактабга чиқса, устозлари ўргатади”, деб фикр юритишади. Бу болалари ҳаётига бефарқ инсонларнинг гапи.

Учинчи хулоса. Ота-оналар, бобо-момолар яна бир нарсани яхши билиши керак. Ҳар бир оилада дунёга келган бола эртанги куннинг шунчаки вакили эмас, келажакнинг яратувчиси, бунёдкори, комил инсони бўлиб вояга етмоғи керак. Бунинг учун тарбия ва таълим етук, мустаҳкам бўлиши зарур. Ана шунда оила ҳам, жамият ҳам, юрт ҳам, халқ ҳам улуғлик мақомига эришади. Улуғ юртга комил инсонлар керак! Акс ҳолда биз – бугунги авлодлар келгуси авлодлар олдида қарздор бўлиб қоламиз.

Эслатма: Шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоров ҳар бир сўзида “Дунё шахмат тожи Ўзбекистонга, албатта, қайтади”, дея ишонч билдиради. Бу ишонч бежиз эмас. Зеро, бу ишончнинг асосли эканлигини Туркияда ўтказилган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Бутунжаҳон олимпиадаси ҳам исботлади. Ўшанда Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Ситора Сапарова каби истеъдодли шахмат юлдузларидан таркиб топган Ўзбекистон ёшлар олимпия терма жамоаси шахмат тарихида илк бор олимпия чемпиони бўлдилар. Шундай экан энди навбатдаги юриш дунё шахмат тожини қўлга киритиш учун бўлиши шубҳасиз!

Камол Матёқубов суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Нобанк кредит ташкилотларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарур

admin

“Омикрон”: Осиё мамлакатлари касалликнинг янги “нишон”ига айланмоқда

admin

“Илм саховати”да бепул таълим берилади

admin