ADOLAT 24

МУҲАНДИС – замонавий ишлаб чиқариш жараёнининг локомотиви

Фан ва инновацион технологиялар бемисл ривож­ланаётган XXI асрга келиб ишлаб чиқариш, саноат каби кўплаб соҳаларда муҳандисларнинг ўрни ва аҳамияти чандон ошиб кетди. Бугун қайси юқори ривож­ланишдаги мамлакатни қараманг, албатта, рақобат тобора кучайиб бораётган дунё бозорини эгаллашда айнан инженер-техник ходимларнинг салоҳияти, интеллекти, доимий изланувчанлигига таянганига шоҳид бўласиз.

Биргина мисол билан кифояланайлик. Кун чиқар юрти завод-фабрикаларида меҳнат қиладиган муҳандис-технологлар йилига энг камида битта салмоқли, иқтисодий самараси улкан ихтиро ҳамда ўнлаб рационализаторлик таклифлари учун патентлар олиши оддий ҳолга айланган. Шу сабабдан ҳам Япониянинг муҳандис зоти борки, доимий изланишда, таъбир жоиз бўлса, мунтазам яратишда. Бундай ижодий муҳитга ҳавас қилмай бўладими! Албатта, ҳаваснинг ўзи билан иш битмайди. Шу боис, юртимизда ҳам мана шундай кунларни янада яқинлаштириш учун навбатдаги дадил қадам ташлангани барчамизни мамнун этди.

Давлатимиз раҳбари раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу соҳада муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилгани, энг асосийси, муҳим, изчил ўзгаришлар сари юз тутилгани билан ҳам ижтимоий ҳаётимизда ўзига хос воқеа бўлди.

Ҳа, барчамиз кўриб турибмиз, афсуски, соҳада муаммо ва камчиликлар етарли, ҳатто ортиқ даражада тўпланиб қолган. Бу эса олийгоҳ ва саноат корхоналари ўртасида интеграциянинг йўқолишига, 36 та олийгоҳнинг муҳандислик соҳаларига оид йўналишларини битираётган 67 минг талабадан 60 фоизи ўз соҳаси бўйича ишламаслигига сабаб бўляпти. Ваҳоланки, йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, 150 минг атрофида иш ўрни яратилаётган пайтда муҳандис кадрларни жаҳоннинг илғор тажрибалари асосида ўқитиш, улар олган билим ва кўникмасини амалиётда тизимли қўллашини тўғри ташкил этиш сув ва ҳаводек зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.

Зеро, муҳандислик тармоқлари иқтисодиётнинг асосий йўналиши сифатида мамлакат тараққиётини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Сўзимизни биргина жорий йилнинг ўзида давлат инвестиция дастурлари асосида 21 триллион сўмлик лойиҳалар, 37,5 миллиард долларлик хорижий ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши назарда тутилгани ҳам исботлайди.

Инновациялар ва муҳандис кадрларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилган йиғилишда соҳани ривожлантириш учун амалиётга тат­биқ этиладиган ташаббуслар ва таклифлар билдирилди.

Жумладан, энди олий таълим муассасаларининг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланиши, уларга IТ-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилиши, шунингдек, шуъба корхонаси ишчисининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлиши соҳа ривожида дадил қадам бўлади, албатта.

«Адолат» социал-демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишларни изчил давом эттирмоқда. Чунончи, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига эътибор қаратмоқдамиз. Шунинг­дек, партиямиз илмий ва инженер-техник ходимлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлашга ҳам жиддий эътибор беришни мақсад қилган.

Шубҳасиз, мазкур йиғилишда Президентимиз илгари сурган ташаббус­лар партиямиз ғоялари билан ҳамоҳанг эканлиги зиммамизга янада улкан масъулият юклайди. Видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар Янги Ўзбекистонда муҳандислик соҳаси обрўли ва қизиқиш юқори касб, тўғрироғи ҳунарга айланишига сабаб бўлиши ҳаммамиз учун аҳамиятлидир. Ишончимиз комилки, иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга сув билан ҳаводек зарур бўлган юқори малакали муҳандис-технолог­лар қатлами шаклланишига партиямиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Биз ишонамизки, бу чора-тадбирлар мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтиради, инновацион иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштиради, пировардида Янги Ўзбекистоннинг жадал ривож­ланишига хизмат қилади.

«Адолат» социал-демократик партияси бу йўналишдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга, ўз таклиф ва ташаббуслари билан жараённи қўллаб-қувватлашга тайёр. Зеро, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги – Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг гаровидир.

Робахон МАХМУДОВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Депутат сўровига жавоб қани?

admin

Аралаш сайлов тизими: у бизга нима беради?

admin

КУЧЛИ ВА САМАРАЛИ ТИББИЁТ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

admin