ADOLAT 24

Инсонлар қалбига йўл топишнинг адолатли мезони

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг ҳудудлардаги партия ташкилотлари ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадидаги навбатдаги сафари Тошкент вилоятига бўлди

“Опа-сингиллар” ногирон аёллар маркази: “Биз жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларимиз”

Робахон Махмудованинг дастлабки учрашуви “Опа-сингиллар” нодавлат-нотижорат ташкилоти аъзолари билан бўлиб ўтди.

Қибрай туманида “Опа-сингиллар” ногирон аёллар маркази мустақиллигимиз билан тенгдош. Унга болалигидан жисмоний жиҳатдан фаолияти чекланган, ногиронлар аравачасига михланган жасоратли аёл – Наталья Плотникова раҳбарлик қилади. Шу йиллар давомида юзлаб ногирон аёллар ва ногирон фарзанди бор оилалар тақдирини, муаммоларини ижобий томонга ўзгартиришда марказ яқин кўмакчи бўлган. 

Жамиятнинг ўз олдига қўйган мақсади туманда истиқомат қилувчи ногирон аёлларнинг бошқалар қарамоғида қолиб кетмасликлари учун тўрт девор орасидан олиб чиқиб, иш билан таъминлаш, бош­қалар каби меҳнат қилиб, даромад топишга ўргатишдан иборат. Бунинг учун эса бино керак эди. 

Улар ушбу масалада халқ депутатлари Қиб­рай туман Кенгаши депутати Бахтиёр Усмоновга мурожаат қилишди. Партия электоратининг ҳуқуқ ва талабларини ўрганиш ва ҳал этиш эса депутатнинг бевосита бурчидир. Б.Усмонов Қибрай шаҳарча кенгаши оқсоқоли вазифасини бажарган вақтда Фурқат маҳалласи учун бино қурдирган, лекин маҳалла Ғофур Ғулом маҳалласига қўшиб юборилганилиги учун бўшаб қолган бинони марказга расмийлаштириб берди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг Қиб­рай туман бўлими ва жисмоний имконияти чекланган хотин-қизларнинг “Опа-сингиллар” ташкилоти ўзининг муқим манзилига эга бўлди. Жамият мутасаддилари бунинг учун “Адолатли депутат” мақоми соҳиби Бахтиёр Усмоновдан миннатдор бўлишди.

 Партия етакчиси марказ фаолияти билан яқиндан танишаркан, ногирон аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.

Марказ аъзолари ўз фаолиятлари давомида амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида маълумот бердилар. Шунинг­дек, улар “Адолат” партиясининг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши орқали қандай ютуқларга эришганликлари ҳақида сўзлаб беришди.

Учрашув давомида Робахон Махмудова марказ аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва уларга янада кўпроқ имкониятлар яратиш йўлида партия томонидан кўриладиган чоралар ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, ногирон аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича янги ташаббуслар ҳақидаги режаларни тақдим этди.

Учрашув якунида “Опа-сингиллар” маркази аъзолари Робахон Махмудовага ўз миннатдорликларини билдириб, партия билан келгусидаги ҳамкорлик­ларини янада ривожлантириш истагини билдиришди.

Бу каби учрашувлар ногирон аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади ҳамда уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида янги имкониятлар яратади, албатта.

“ChirchiqSelmash” МЧЖ: бошланғич партия ташкилоти аъзолари сафи 50 нафарга кўпайди

 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Қибрай туманидаги “ChirchiqSelmash” МЧЖ қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти аъзолари билан учрашиб, давра суҳбати ўтказди. 

Мулоқотдан мақсад партиянинг қуйи бўғинлари фаолияти билан танишиш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тинглаш эди.

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати, партиянинг Қибрай туман кенгаши раиси Мирсодиқ Миржалилов ўз раҳбарлигидаги “ChirchiqSelmash” МЧЖнинг қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқишдаги иш тажрибалари, томчилатиб суғориш ва лазер техникаларини яратишда эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалари ҳақида маълумот берди.

 Робахон Махмудова партия бош­ланғич ташкилотлари фаолиятини кучайтириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади. У партия­нинг дастурий мақсад ва вазифалари, шунинг­дек, ҳозирги куннинг долзарб масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шу билан бирга, бошланғич ташкилотларнинг маҳаллий аҳоли билан ҳамкорлигини кучайтириш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда партиянинг ролини ошириш муҳимлигини қайд этди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар ва партиянинг келгусидаги режалари бўйича таклифларини билдирдилар. Партия етакчиси ҳар бир фикр ва таклифни диққат билан тинглаб, уларнинг амалга оширилиши учун зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

Учрашув якунида “ChirchiqSelmash” МЧЖ бошланғич партия ташкилотининг янги қабул қилинган эллик нафар аъзосига Робахон Махмудова партия гувоҳномаларини топширди. 

Жисмоний ҳаракат – хотин-қизлар саломатлиги гарови

Шу куни Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекис­тон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова билан учрашув бўлиб ўтди. 

Тадбирда Сиёсий Кенгаш масъуллари, Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, партия вилоят кенгаши ходимлари, партиянинг “Аёллар қаноти” кенгаши аъзолари, Тошкент вилояти кенгаши депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирнинг асосий мақсади партиянинг жорий фаолияти, келгуси режалари ҳамда хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришда спортнинг аҳамиятини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Учрашувни партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси кириш сўзи билан очиб, “Хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш кечириш­ларида спортнинг ўрни” мавзусида маъруза қилди.

Партия етакчиси ўз маърузасида жамиятда хотин-қизларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасида спортнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, спорт нафақат жисмоний соғликни яхшилаш, балки руҳий ҳолатни барқарорлаштиришда ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этди. 

Маъруза давомида жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштиришда партиянинг роли ва вазифалари ҳақида ҳам сўз юритилди, партиянинг бу борадаги ташаббуслари, амалга оширилаётган лойи­ҳалари ва дас­турлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунинг­дек, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Учрашувда иштирок этган профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар саволлар бериб, мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Улар соғлом турмуш тарзини таъминлашда спортнинг аҳамиятини янада ошириш, спорт иншоотларини кўпайтириш ва хотин-қизлар учун спорт тадбирларини ташкил этиш бўйича партия раҳбарига ўз таклифларини тақдим этдилар.

Тадбир якунида Робахон Махмудова барча иштирокчиларга ўз миннатдорлигини билдириб, партияга аъзо бўлиш истагини билдирган талаба ёшларга аъзолик гувоҳномаларини топширди. 

“Партиямиз олдида муҳим вазифалар турибди”

 Робахон Махмудова партиядошлар томонидан дастурий мақсад-вазифаларнинг амалга оширилиши, белгиланган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар билан танишиш учун Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши котибияти мажлислар залида партиянинг Тошкент вилояти кенгаши ходимлари, депутатлар, шаҳар ва туманлар кенгашлари раислари билан мулоқот қилди. 

Мулоқот давомида вилоят кенгашининг фаолиятида партиянинг Устави ва Сайлов­олди дастурида илгари сурилган вазифалар қай тарзда амалга оширилаётганлиги, партия ташкилотларида партия­вий интизомни мустаҳкамлаш, аъзолар сонини ўстириш, сайловчилар орасида нуфузини янада ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунинг­дек, бошланғич ташкилотлар ишини кес­кин кучайтириш, кадрларни танлаш, тарбия­лаш, заҳирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушуми режаси бажарилишини таъминлаш учун бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, тарғибот-ташвиқот ишларини бугунги кун талаби асосида жонлантириш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар кенгашларининг 2022 ва 2023 йиллардаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Вилоят миқёсида маҳаллий кенгаш депутатлари билан ишлаш, депутатлар томонидан сессияларга масала киритиш талаб даражасида эмаслиги каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

“Меҳр Карвони” “Нур” болаларига янада нур бағишлади

Партия раҳбарининг Тошкент вилоятидаги сафарининг навбатдаги манзили Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси қарамоғидаги “Нур” оромгоҳи бўлди.

Партиянинг “Меҳр карвони” лойиҳаси Бўстонлиқ туманининг тоғлар этагидаги экологик тоза ҳудудида жойлашган “Нур” оромгоҳига ҳам етиб борди.

7-14 ёшли болалар учун ёзги соғломлаштириш оромгоҳи тарбияланувчилари ва етакчилари учун яна бир мароқли тадбир ташкил этилди. Болаларнинг ёзги таътилларини янада мазмунли ўтказиш, уларнинг маънавий ва жисмоний ривожланишларига ҳисса қўшиш мақсадида ўтказилган тадбирда Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махмудова, партия вилоят кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси майори Тошканбой Умаров иштирок этишди. 

Тадбирда сўзга чиққан партия етакчиси бугун юртимизда баркамол авлоднинг ҳар томонлама етук ва соғлом бўлиб улғайиши учун олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритди. Партия ҳам юртимиз келажаги бўлган болажонларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг униб-ўсишларида барча имкониятларни яратиб беришни ўз олдидаги устувор мақсадлардан бири этиб белгилаганини таъкидлаб ўтди. 

Тадбир давомида оромгоҳда дам олаётган 126 нафар болажонлар учун хайрия тадбири ва концерт дастури ташкил этилди. Унда асосий эътибор болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, уларнинг ёшидан келиб чиқиб, қизиқишларини қондиришга қаратилди. Ташкилотчилар болаларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашиб, улар орасидан фаол ва иқтидорлиларини рағбатлантиришди.

Концерт дастуридан сўнг болажонларга бадиий китоблар совға қилингани болалар учун яна бир кутилмаган совға бўлди. Унда эстрада хонандалари томонидан куй ва қўшиқлар ижро этилгани болажонларга кўтаринки кайфият бағишлади. Болалар биргаликда рақс тушиб, вақтларини хушнудлик билан ўтказишди.

“Меҳр карвони” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбир болаларнинг ёзги таътилларини мазмунли ўтказишга, уларнинг ижтимоий ва маънавий ривожланишларига катта ҳисса қўшди. Айтиш жоизки, бундай тадбирлар болаларнинг фаол, ижодкор ва жисмоний соғлом бўлишларини таъминлашга ёрдам беради.

“Нур” оромгоҳи болажонлари учун ташкил этилган ушбу тадбир барчани ўзига жалб қилгани ва болаларнинг ёзги таътилларининг мароқли ўтишига сабаб бўлгани янада аҳамиятли бўлди. 

Тошкент вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

8 та депутатлик сўрови юборилди

admin

КОНСТИТУЦИЯНИНГ ЯГОНА МАНБАИ ВА МУАЛЛИФИ  ХАЛҚДИР

admin

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига

admin