ADOLAT 24

“Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?..”

Гулистон давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон Жиззах вилояти, Бахмал тумани Алдашмон қиш­лоғида туғилган. Тахминан уч-тўрт ёшларида ота-онаси қулоқ қилингани сабабли Сирдарё вилояти, Сирдарё туманига кўчиб келишган. 

Алдашмон булутларга яқин, тоғли, файзли, ниҳоятда гўзал қишлоқ. Айниқса, баҳор, ёз ойларида ниҳоятда фусункор бўлади. Об-ҳавоси тоза, баҳор бу ерда одатдагига нисбатан салкам бир ой кеч бошланади.

Бахмал тумани мамлакатимизнинг энг файзли, инсон ҳиссиётларини уйғотувчи жаннатмакон масканларидан бири.

Алдашмон, Қўнғирга саратонда кел,

Шикор этмоқ бўлсанг, қаҳратонда кел.

Яхши ният, яхши ўй, паймонда кел,

Меҳмондан бошланар гапнинг сираси,

Бахмал тоғларида булбул навоси.

Тўра Сулаймоннинг “Бахмал боғларида” шеърини ўқиган ҳар бир инсон бу гўшани кўришни истаб, севиб қолади, гўзаллигига мафтун бўлади. Тўра Сулаймон шеърлари оддий, содда, ҳар қандай инсон ўқиса тушунадиган тилда ёзилган. Шоир она-юртини, Алдашмонни, Сирдарёни яхши кўради. Нафақат яхши кўради, балки эъзозлайди, ҳурматлайди. Шунинг учун ижодкорнинг етмиш-саксон фоиз шеърлари она Ватан, она юрти гўзаллиги, урф-одатлари, инсонларининг феъл-атворлари, мардликлари, адолатпарварликлари ҳақидадир.

Тўра Сулаймон ижодининг ўзига хослиги шундаки, оддий сўзлар тизмасига катта, зарворли юк юклашни яхши билади. Содда, ўйноқи, мазмунли сатрларини барча ёшу қари бараварига тушуна олади. Шоир шеърхонларнинг бугунги кундаги салоҳиятини яхши билгани учун ҳам жуда содда, тушунарли қилиб ёзган.

Унда она юртига нисбатан бениҳоят катта меҳр-муҳаббат бор. Шоирнинг автобиографик характердаги “Давлат одами” асарини ўқиган китобхон инсонга она юрт қанчалик зарур, аҳамиятли, қимматли, эъзозли эканлиги сабабларини кенг­роқ, ёрқинроқ тушунгандай бўлади. 

Тўра Сулаймон беш юзга яқин шеърлар ёзган бўлса, уларнинг тўқсон фоизи она-юрт ҳақидадир. Шоирнинг, айниқса, “Муқаддас қўшиқ” шеърида ифодаланган ғоянинг улуғворлиги, сатрларининг соддалиги, тушунарлилиги жиҳатдан бош­қа шеърларидан ажралиб туради. 

Чиройда Тонг юлдузи билан ёнма-ён ўлка,

Ҳар бир тамал тошининг ўзи бир достон ўлка,

Кечмиши, кечирмиши дунёга аён ўлка,

Жон фидо қилса арзир жаннат маконим менинг.

Тўра Сулаймон ўзини Эргаш Жуманбулбулнинг шогирди сифатида кўради. “Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумида “Етолмадим”, “Тангрига тавалло”, “Йиғлар”, “Сохтадан сохта”, “Холинда”, “Айланай”, “Бўлди”, “Устувор”, “Имтиҳон”, “Бири Сирдарё бўлса, ул бири Зарафшондир” каби асарлар яратиб, ҳақиқатан ҳам, улуғ бахши-шоирга шогирд эканлигини исботлади. Юртимиз ютуқларидан қувониб, камчиликларидан куйиниб асарлар яратди. Тўра Сулаймоннинг “Тил – ўзагимизнинг, ўзлигимизнинг, ўзига беклигимизнинг бош белгиси” номли мақоласи радио тили, телевидение тили, нотиқлик санъати, оғзаки нутқ, нутқ маданияти борасидаги энг долзарб масалаларга бағишланган. Шоир бу мақоласида тилшунос олимдай фикр юритади. Тил илмининг билимдони эканлигини кўрсатади.

 “Мен ҳам, қў-й-ей, менга нима деб чиллахонага кириб кетиб, кўзга кўзойнакни ёпиштириб, тўрткўз бўлиб олиб, бўлар-бўлмас жўқиёна шиғирларни ёзиб, ё илмий иш билан шуғулланиб, кўкрагимни захга бериб ётсам бўлар эди. Бу кетишда тилимизнинг аҳволи нима кечади, деб мен ўйламасам, сиз қайғурмасангиз, алалоқибат нима бўлади?!” дея бонг уради шоир. 

Ижодкор жамиятда фаоллиги билан ажралиб туради. Бизнинг Тўра Сулаймон мана шундай илғор фикрлайдиган олим-шоир эди. Тўра Сулаймоннинг “Бир кафт зар, бир ҳовуч гавҳар” мақоласи унинг катта ахлоқшунос-файласуф олим, донишманд эканлигини кўрсатувчи асардир.

Андишасиз одамни одам деб айта кўрма,

Гап қотар бўлса магар, ортингга қайта кўрма.

ёки: 

Кексалик мўралаб эшиқ қоқмоқда,

Болалик қайтадан қайтарилмоқда…

Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Шоирнинг “Умр ўтмоқдадир дарё мисоли” шеъри ҳар қандай инсонни ўтган умрига, ёшлигига, орқасига қарашга мажбур қилади. Умр оқар дарё, уни мазмунли, мақсадли, фойдали ўтказишга даъват қилувчи бу шеърни катта бир ҳаёт ҳақидаги асар деса бўлади.

Тўра Сулаймон – оқибатли, меҳрибон дўст, катта ҳарфларда ёзиладиган ИНСОН эди.

 “Алҳазар” тўпламидаги “Сен сўрама, мен айтмай”, “Оқпадар”, “Алҳазар”, “Йўлиқдим”, “Ташладим”, “Олтин қафас”, “Гапдан гап” каби асарлари Тўра Сулаймон иқтидорини, истеъдодини кўрсатувчи, исботловчи, китобхонни бефарқликдан, лоқайдликдан уйғотувчи асарлар сирасига киради.

Шоирнинг “Илтижо”, “Ёвқочди”, “Сарвиноз”, “Жаҳоннома”, “Гулшан”, “Гул бир ён, чаман бир ён” каби йигирмадан ортиқ тўпламлари халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Ижодкорнинг ҳаёти Сирдарё вилоятида ўтди. У 2005 йил 9 сентябрда Гулис­тон шаҳрида вафот этди.

Гулистон шаҳрида Тўра Сулаймон номида ёзги амфитеатр қурилган ва фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, унинг номида кўча бор. Гулистон давлат университетида “Тўра Сулаймон ўқув хонаси”, ижодкор талабалар ўртасида “Тўра Сулаймон стипендияси” ташкил этилган. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Турғун Аҳмедов қишлоғидаги шоир яшаган ҳовли “Тўра Сулаймон уй-музейи”га айлантирилмоқда.

Унинг юзлаб шеърлари халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан қўшиқ қилиб куйланди. Шоирнинг мазмунли, фалсафий шеърлари, дос­тонлари, мақолалари ёшларимиз маънавиятини, маърифатини ўстиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2024 йил Сирдарё вилоятида Тўра Сулаймон йили деб номланди. Шоирнинг 90 йиллик тўйи муносабати билан учрашувлар, суҳбатлар, спорт мусобақалари, илмий конференциялар ўтказилмоқда.

Равшанбек МАҲМУДОВ,

Гулистон давлат университети профессори

Tegishli xabarlar

Инсон ҳуқуқларини таъминлашда қонун устуворлиги муҳим

МОЛИЯ СОҲАСИГА янгича ёндашувлар

Газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими йўлга қўйилади