ADOLAT 24

РЕПЕТИТОРГА эҳтиёж ҚАЧОН йўқолади?!

Ўтказилган сўровномаларга кўра, ҳар 10 нафар мактаб битирувчисидан 7 нафари репетиторга бормасдан, олийгоҳга кириб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Шунингдек, сўровномада қатнашган ота-оналарнинг 68,4 фоизи фарзандининг ОТМга кириши учун репетитор курсларига юборишини ёки шуни режалаштирганини маълум қилган. 

Қовун қовундан ранг олади… 

Тан олиш керакки, бугунги кунда ёшларнинг репетитордан таълим олиши, олийгоҳга ҳам репетитор менторлари томонидан белгилаб берилган тартиб асосида тайёрланиши жуда оммалашди. Аввалига вилоят ва пойтахт марказларидагина саноқли бўлган ўқув ва тил марказлари туман ва шаҳарлар тугул, чекка-чекка ҳудудларда ҳам фаолият юритиб, ёшларни ўзига оҳанрабодек чорламоқда.

Қовун қовундан ранг олгани каби, бундан аввал боласини репетиторга бериш ота-оналар учун ғайриоддий туйилган бўлса, ҳозир бу жараён кундалик зарур ҳодисага айланган. Бироқ репетитор курслари мактаб таълими сифатига салбий таъсир қилди. Яъни, бугун 8-11-синф ўқувчиларининг кўп қисми мактабдаги 5-6 соатлик дарсларга боришдан кўра, мактабдан қолиб, тушдан кейин репетиторга боришни, бажаришни белгилаб берган топшириқларни қилишни афзал билмоқда. 

Қолаверса, қўшимча ўқув курсларининг нархи ҳар беш кишидан учтасини ўйлантириб, ҳамён очишига сабаб бўлаётганини инобатга олсак, реал кузатувларимиз айримлар учун нажоткор сифатида кўринган репититор машғулотларининг ҳам бир қанча камчилик ва муаммолардан холи эмаслигини кўрсатди. 

Нархлар ўйлантиради… 

Кўпгина ота-оналар фарзандларини математика, физика, кимё, биология каби фанлар ёки хорижий тиллар бўйича репетиторга беришади. Чунки улар фарзандлари мактабда олган билим билан олий ўқув юртларига репетиторсиз кира олишига ишонмай қўйишган. Репетиторда тайёрланиш оила бюджетига ҳам катта зарар келтиради. Чунки репетиторда битта фандан бир ой тайёрланиш ўртача ҳисобда 300-400 минг сўм бўлса, бир йиллигини ҳисоблайверинг. 

– Уч эгизим бу йил мактабни тамомлайди, – дейди Гулбарчин Сафоева. – Шунинг учун 8-синфлигиданоқ уларни репетиторга берганмиз. Бирини математика-физика, бош­қасини кимё-биология, яна бирини она тили-инглиз тили бўйича ўқитяпмиз. Бундан ташқари, мажбурийга ҳам боришади. Асосий фанлари 350 мингдан, мажбурийларига 210 мингдан тўлаймиз. Бир ҳисоб­лаб кўрсам, ойлик тўлови, йўлкира ва бошқа (қўшимча адабиётлар, блок тестлари, х-вариант, тест китоб­чалари) харажатлар учун ойига 5-6 миллион кетар экан. Яхшиямки, хўжайинимдан ташқари мен ҳам, катта ўғлим ҳам ишлайди. Ойликларимизнинг 45-55 фоизини шулар учун ажратиб қўямиз. 

Ўрганишларимиз натижасида маълум бўлдики, пойтахтдаги репетитор курсларининг ўртача нархи 550-600 минг, вилоятлар марказларида 420-470 минг, туман ва шаҳарчаларда 350-390 минг сўмни ташкил этмоқда. Бир оиладан бир нафар бола репетиторга қатнаган тақдирда нархлари унча ҳам оғирлик қилмаслиги мумкин, бироқ 2-3 нафар фарзандини пуллик ўқув курсларига берган ота-оналар учун бу қиймат кам бўлмаслиги аниқ. 

– Ўзим Ободонлаштириш бошқармасида ишлайман, – дейди Султон Каримбоев. – Ойлигим 2,5 миллион сўм. Катта қизим Дилшодани инглиз тилига, ўртанчам Дилзиёни математикага берганмиз. Онаси қизларимизни 4-5-синфданоқ репетиторга берсак, ўқишга кириши осон бўлишини айтгани учун яхшилаб ўйлаб кўрмай, розилик бергандим. Мана, ҳозир уларга бир ойда 1,2 миллион сўм сарфлаяпман. Оғирлик қиляпти. Ойлигим етмаяпти, бир ёқда коммунал харажатлар, бир ёқда рўзғор. Аксига олиб, ўқув марказлари ҳам аҳволимизни тушуниб, тўловда чегирма қилиб беришга розилик бермаяпти…

Мавзу топширмасак, қолиб кетаверамиз… 

Репетиторга бораётган ёшларнинг маълум қилишича, бундай курсларда кўпинча таълим самарадорлигига эришиш учун абитуриентларга бир қанча тақиқ ва чекловлар жорий этилади. Мисол учун, абитуриент аввал ўтилган мавзуни мустаҳкамлаб, савол-жавоб ва тестдан ўта олмаса, қайта ўқишга ва қайта топширишга мажбур бўлади. Кейинги дарс­ларга қўйилмайди. Агар бир ой мобайнида мавзуларни топшира олмаса, ойлик тўловига қўшиб, яна бир баробар жарима тўлови ҳам тўлайди. Ажабо… Абитуриент билим ололмаса-ю, камига билимсизлиги учун жарима тўласа… Қизиқ томони, бундай кейсга ота-она­ларнинг 90 фоизи розилик билдирар экан. Чунки натижа муҳимроқ. 

– “Умуртқалилар” мавзусини яхши ўзлаштира олмадим, – дейди Шаҳноза Акрамжонова. – Бир ой мобайнида дарсни ўзлаштириб, вақт йўқотдим. Ҳозир мен борган биринчи гуруҳим 4 мавзу илгарилаб кетган. Энди иккинчи гуруҳга қўшилиб, билган мавзуларимга қайта қатнайман, токи, “бўғим­оёқлилар”гача. Лекин, барибир пул тўлашим керак”. “Сен аввалги ой учун тўлагансан, бу мавзуларга мажбурликдан кир­япсан”, деб биров айтмайди. 

Шуниси ўзига хоски, репетитор марказларининг кўпи абитуриент билан шартнома тузади. Шартномада абитуриент манфаатларидан кўра марказ манфаатларини устунроқ қўйиш яхши анъанага айланган. Мисол учун, уч маротаба дарс қолдирган абитуриент 1 ойлик курс тўловини тўлаб, битта кейинги гуруҳга ўтказилади. Асосан, бундай гуруҳлар 1 ойлик фарқ билан мавзу ўзлаштиради. Демак, дарс қолдирган абитуриент ўзлаштирган мавзулари учун ҳам яна тўлов қилади. Бунда марказ икки ҳисса фойда кўради. 

Репетитор баҳона, дийдор ғанимат…

Маълум бўлишича, аксар ҳолларда 18 ёш ҳайратлари, ўсмирлик даврига қўйилаётган қадам, севги ва муҳаббатнинг илк даъволари абитуриентликнинг машаққатли даврига ҳам соя солади. Репетиторга кетяпман, деб баъзи йигит-қизларимиз дарс­ларга кирмай, марказий ҳудудларда “учрашув”ларга қатнар экан. 

– Ўтган галги дарсга 24 нафар қиздан бештаси бесабаб келмади, – дейди репетитор Давлат Салимов. – Кейин суриштириб кўрсак, уларнинг барчаси уйидан репетиторга, деб чиқишган экан. Гуруҳдош­лари бирини бозорда, яна бирини туман марказидаги хиёбонда нотаниш йигит билан кўришибди. Бошқа бирови шаҳарга косметика олиш учун дугонасини бошлаб кетибди. Бундан ота-она бехабар… 

Давлат Салимовнинг маълум қилишича, ўша кундан бошлаб ҳар бир абитуриентнинг дарсга келиб кетиши, ўзлаштириши ва натижалари тўғрисидаги маълумотлар, ўқитувчи хулосалари ота-оналарга индивидуал тарзда, телеграм гуруҳи орқали етказиладиган бўлибди. 

– Ўзимизнинг гуруҳдаги бир маҳаллада яшайдиган таниш қизни дарсдан кейин кўп бора ўқув маркази биносининг орқа томонида бошқа гуруҳда ўқийдиган йигит билан кўрдим, – дейди Севинч Аминова. – Кейин устозига айтдим. Устози уришган шекилли, дарсларга келмай қўйди. Бу ҳақда унутгандим. Бироқ кунларнинг бирида намозшом пайти унинг онаси бизнинг уйга келиб, мендан қизи ўқишдан нима учун қайтмаганини сўради. Онаизорни сиқилмасин, деб устоз яхши ўзлаштирмаганлар учун қўшимча дарс қўйганини айтдим. Қизнинг ўзи айтишича, ўша куни шаҳарда машҳур севги куйчисининг концерти бўлибди. Қиз йигити билан ўша ёққа кетган экан… Ҳозирги кунда ўқишга кет­япман, деб уйдан чиқиб олиш айрим йигит-қизлар учун зўр баҳона бўляпти. 

Балки ҳамма ўқув марказлари, репититор курсларида ҳам бундай ҳодисалар кузатилмас. Аммо репетитор устозлар билан ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлик қилиши ёшларнинг келгусида яхши натижага эришиш­лари учун фойдали бўлиши, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиши турган гап. Зеро, навниҳолнинг эгри ўсиши нафақат ўзига, балки ён-атрофдагиларга, муҳитга ҳам боғлиқ. 

Энди мактабга ишонч ортади

Сўнгги йилларда юртимизда таълим сифатини таъминлаш учун тизимда кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Миллий дас­тур асосида янги мактаблар қурилмоқда, янги ўқув дастурлари, улар асосида замонавий дарсликлар яратилмоқда, муаллимларимизнинг малакаси ҳозирги талаблар асосида оширилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда мактаб­лар сони 6,5 фоизга ошиб, 10 минг 750 тани ташкил этди. 

Бу ишларнинг барчаси таълимдаги муаммоларни бартараф этиб, унинг сифатини янги даражага олиб чиқишга ва натижада, дунё янгиликларини тез қабул қиладиган, кези келганда дунёнинг энг билимдонлари билан тенгма-тенг баҳслаша оладиган янги авлодни тарбиялашга қаратилган. 

Жумладан, мактабларда юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқартирилди. Олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган юқори синф ўқувчиларига «кимё-биология», «математика-физика», «мате­матика- чет тили», «она тили ва адабиёти-чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштирилиб ўқитилаяпти. Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтган йилнинг сентябридан бошлаб ушбу таж­рибани салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйиш топширилган. Янги ўқув йилидан камида мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилиши белгиланган. Эндиликда дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгаряпти. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади. Шунингдек, ўтган йилдан мактаб дарсликларига бюджетдан катта маблағ ажратилиб, бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилмоқда.

Ёшлар мактаб билими билан талаба бўлсин! 

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, жорий йилнинг 1 февралида қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.

Таълимдаги бундай чуқур ислоҳотлар ва янгиликлар ота-оналарнинг болам репетиторда тайёрлансагина талаба бўлади, деган фикрини ўзгартиради, улар репетиторсиз ҳам талаба бўлиш имконияти яратилганини тушуниб етишади. Бу, албатта, яхши. Аммо буёғига ўқитувчиларимиз ҳам доимо ўз устида изланиш олиб бориши ва малакасини ошириши керак. Мақсад шуки, дарс ўтиш жараёни талаб даражасида бўлиши керак. Ўқувчи мактабда яхши билим олса, нима учун яна пул сарфлаб, вақт ажратиб, қўшимча тайёрлов курсларига, репетиторга бориши керак, деган саволни ҳар бир ўқитувчи ўзига-ўзи бериб, хулоса чиқариши мақсадга мувофиқ. 

Демак, устозлар ўқувчиларга дарсни номигагина ўтмасдан, талаб даражасида виждонан билим бериши шарт. Токи, ўғил-қизларимиз мактабни битиргач, репетиторга бормасдан ҳам олий ўқув юртига бемалол ўқишга киришсин.

Моҳигул РАҲИМҚУЛОВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ, 
журналист

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ “ҲИНДИСТОН – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” БИРИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Таълим — истиқбол калити

admin

Муносиблар тақдирланди

admin