ADOLAT 24

Гул сайли — гўзаллик БАЙРАМИ

Наманганда “Гуллар байрами” илк бор бундан 63 йил муқаддам, яъни ўтган асрнинг 1961 йил 19-20 август кунлари ўтказилган. Оддий ва камтаргина “Гул кўргазмаси” байрами бор-йўғи икки кун давом этган ва унда беш-олтита ташкилот-муассасанинг ҳаваскор гулчилари иштирок этишган. 

Гуллар байрамига бўлган эътибор йилдан-йилга такомиллашиб, иштирокчилар сони кўпая бош­лади. Ҳар йили баҳор кириб келиши билан наманганлик гулчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида меҳр тафти билан етиштирган анвойи гулларини кўз-кўз қилиш учун кўргазма ва гул бозорини ташкил эта бошладилар. Бу қора қишдан эсон-омон чиққан халқ учун кўнгилларга хуш кайфият улашувчи бетак­рор тадбир эди. 

Бугунги кунга келиб оддийгина бошланган “Гуллар кўргазмаси” Халқаро “Гуллар фестивали”га айланиб кетди. Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан гул савдосини ривожлантириш учун ёпиқ марказ ташкил этилди. Натижада йилнинг исталган пайтида гул сотиш ва сотиб олиш имкони яратилди. Гулчи тадбиркорлар пайдо бўлди. Ўнлаб оилалар гул етиштириш орқасидан даромад ола бошладилар. 

2018 йилдан бошлаб фестивал даражасига кўтарилган байрамда нафақат юртимизнинг турли гўшаларидан, ҳамдўстлик давлатларидан меҳмонлар ва олис давлатлардан гулга меҳр қўйган сайёҳлар ҳам Наманган шаҳрига ташриф буюра бошладилар. Гуллар шаҳри Наманган ва унинг аҳли дунё танийдиган, эътироф этадиган даражага етди. 

“Гуллар фестивали”да гуллар карвони билан бошланадиган анъана ҳам ўзгача мазмунда тараққий этди. Аввалига бир русумдаги автомобиллар карвони орқали гуллар намойиш қилинган бўлса, бугунги кунга келиб унда қадимги автомобиллардан тортиб, бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш, ободончилик, оғир ва енгил саноатга хизмат кўрсатадиган техникалар анвойи гуллар билан безатилиб, шаҳар кўчалари бўйлаб намойиш этила бошланди. Бундан юз минглаб одамлар завқ оладиган, ифтихор ҳиссини туядиган бўлди. 

63-бор ўтказилаётган Халқаро “Гуллар фестивали”га Наманган вилоятининг “ҳаво дарвозаси” олдидан старт берилди. Икки юздан ортиқ турли русумдаги автомобиллар анвойи гуллар ва рамзий безак­ларга бурканган ҳолда узундан-узун карвон ҳосил қилиб, карнай-сурнайлар садоси остида шаҳарнинг кенг ва равон йўллари бўйлаб намойиш парадини ўтказди.

Айни кунларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, “Янги Ўзбекистон боғи”, “Афсоналар водийси” тематик парки ва бошқа дам олиш масканлари анвойи гулларга бурканган ҳолда меҳмонларни кутиб олмоқда. Вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар, йирик корхона, ташкилотлар ўзлари учун ажратилган ер майдонларида табиий гуллардан ҳайратланарли тарзда композиция ва декорациялар яратишган.

 40 кеча-кундуз давом этадиган, миллатларнинг бирлашуви байрамига айланган мазкур фестивал дастурида миллий томошалар, таниқли санъаткорлар иштирокида шоу концертлар, модалар намойиши, тарих, бугун ва келажак ҳақида сўз юритиладиган илмий-адабий анжуманлар, кўрик-танловлар, но­ёб гуллар кўргазмалари ва бошқа кўнгилочар тадбирлар, тарихий мас­кан ва зиё­ратгоҳларга саёҳатлар уюштирилиши режалаштирилган. 

Фестивалда Япония, Ҳиндистон, Корея давлатларидан келган гулчилар ҳам меҳмон бўлиб туришибди. 

Эътиборли томони шундаки, бу йилги гуллар фестивалида етти миллион нафар маҳаллий ва икки юз минг нафардан зиёд хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.  

Наманган туризм бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 19-21 май кунлари Наманганга айнан фестивалда қатнашиш ва томоша қилиш учун 1 675 009 нафар сайёҳлар ташриф буюргани қайд этилди. Шундан 70 626 нафарини хориждан келганлар ташкил этган.

Муҳтарам юртдошлар, қўлимизни кўксимизга қўйган ҳолда сиз азизларга яна бир бор “Гуллар шаҳри Наманганга хуш келибсиз!” деймиз.

Ёрқиной ҲОЖИМАТОВА, 

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси 

ўринбосари

Tegishli xabarlar

Онлайн сабоқлар: ютуқ ва муаммолар

admin

Ҳаётимизга янги мазмун бахш этади

admin

МАЪНАВИЯТ ҲАЁТИМИЗДА ЯНГИ КУЧ, ЯНГИ ҲАРАКАТГА АЙЛАНИШИ КЕРАК

admin