ADOLAT 24

Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова партия тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудий кенгашлар фаолиятидаги муаммо ҳамда камчиликларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида республикамиз бўйлаб ҳудудлар кесимида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Партия етакчисининг навбатдаги хизмат сафари Бухоро вилоятига бўлди. 

Учрашувнинг биринчи куни партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ҳудудда партия дастурий вазифаларининг бажарилиши, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар ҳолати билан танишди. Фаоллар билан ўтказилган йиғилишда партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадр­лар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, партия аъзо­ларининг сиёсий билимларини ошириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

«Адолат» СДП Бухоро вилоят кенгаши ҳамда ҳудуддаги партия маҳаллий кенгашлари ўтган давр­даги фаолияти давомида партия лойиҳалари асосида қатор ижобий ишларни амалга оширди. Жумладан, «Адолат» сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни» лойиҳаси доирасида партия лекторлари томонидан жами 357 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, бу тадбирларда 9561 нафар иштирокчи қамраб олинган. «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида эса партиянинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан жами 427 та маҳаллада 7407 та хонадон ва 1021 та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Мазкур ўрганишлар жараёнида аҳоли томонидан келиб тушган 369 та мурожаат юзасидан мутасадди ташкилотларга 180 та депутатлик сўровлари юборилди. 189 та мурожаат мутасадди органларни жалб этиш орқали, 121 та мурожаат эса ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. Партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида 128 та фуқаро ишга жойлаштирилди.

Партия шаҳар ва туман кенгашлари фаолияти ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган партия лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш, уларни оммавий ахборот воситалари, хусусан, катта аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш юзасидан вазифалар белгиланди. 

Партия етакчиси ўрганиш иш­лари давомида мамлакатимизда сайлов қонунчилигига киритилган муҳим ўзгаришлар, янги аралаш сайлов тизими борасида тўхталиб, сайловларни юқори савияда ўтказишда партия аъзоларининг фаол иштирокини таъминлашга доир тавсиялар берди.

Робахон Махмудова Бухоро вилоятига қилган хизмат сафари давомида эришилган ютуқларни эътироф этиш билан биргаликда, мавжуд камчиликларни ҳам атрофлича таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш борасида тавсия ва кўрсатмалар берди. 

Шунингдек, партия раҳбари Бухоро шаҳридаги «Варахша» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотининг ишлари ҳамда халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Абдурауф Аҳмедовнинг депутатлик фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда мазкур ҳудудда ташкил этилган партия бошланғич ташкилотининг 50 нафар аъзоси бўлиб, ушбу БПТ вакиллари партия тадбирлари, лойиҳаларида фаоллик кўрсатиши билан кўпчиликнинг эътиборига тушган. Робахон Махмудова маҳалла доирасидаги ўрганишлар сўнггида партия аъзоларидан Ғулом Қандоҳаров ҳамда бир гуруҳ фаол «адолатчи»ларнинг партия ривожи йўлида олиб бораётган ишларини юқо­ри баҳолаб, уларни партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирлади. 

Робахон Махмудова Бухоро вилоятига хизмат сафари давомида Бухоро шаҳридаги 57-сон кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактаб­гача таълим муассасасида ҳам бўлиб, мазкур таълим масканида тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. 

Партия раҳбари муассаса тарбияланувчилари ва уларнинг ўқитувчи-тарбиячилари билан мулоқот қилар экан, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларимизни баркамол авлод сифатида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, имконияти чекланган ўғил-қизларимизни соғломлаштириш, иқтидори ва орзу-истакларини рўёбга чиқариш борасида яратилган имкониятлар ҳамда эришилаётган натижаларга алоҳида эътибор қаратди.

Партия раҳбари томонидан муассасада тарбияланаётган 59 нафар болажонларга совғалар улашилди. Шу билан бир қаторда, таълим муассасасида жойлашган кўзи ожизлар жамияти кутубхонасига янги таҳрирдаги Конституция­мизнинг партия ташаббуси билан яратилган аудио китоблари тўплами тақдим этилди.

Робахон Махмудованинг Бухоро вилоятига хизмат сафарининг иккинчи куни Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилган БПТ фаолияти билан танишишдан бошланди. Партия раҳбари бош­ланғич партия ташкилоти амалга ошираётган ишлар билан танишиб, келгусида БПТ фаолиятини кенгайтириш борасида тавсия­лар берди. 

Шундан сўнг Робахон Махмудова «Адолат» СДП Бухоро вилоят кенгаши ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган «Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраймиз» номли тадбирда иштирок этди. Тадбирда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, Бухоро давлат педагогика институтининг педагоглари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Очиқ мулоқот шаклидаги тадбирда партия етакчиси эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш ва намунали оилаларни шакллантиришда таълим муассасаларида хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, тадбирда институт ректори Баҳодир Маъмуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин бўлмиш маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган тизим яратилганини ҳамда ушбу ёндашув амалиётда ўзининг ижобий натижасини бераётганлигини эътироф этди.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари мамлакатимизни келгуси етти йилликда ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасида аниқ вазифалар белгиланганлиги борасида сўз юритдилар. Жумладан, аёл-қизларимизнинг иқтидори ва орзу-истакларини юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратилаётганлиги эътироф этилди. Бу борада янги таҳрирдаги Конституциямизнинг партия томонидан аудио китоби яратилиши ҳам нозик хилқат эгаларининг ўз ҳуқуқларини теран англашларига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида партия раҳбари институт кутубхонасига аудио­китоблар тўпламини тақдим этди. Шунингдек, партия ғояларига хайрихоҳлик билдирган 30 нафар талабага партиянинг аъзолик гувоҳномаларини топширди.

Партия етакчиси педагогика инс­титутида ташкил этилган тадбирдан сўнг мазкур институтнинг ҳарбий факультети фаолияти билан ҳам танишди. Талабаларнинг юқори малакали таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ва замонавий ўқув хоналарининг жиҳозлар билан таъминланиш ҳолатини ўрганди. Ҳарбий факультет талабаларига янги таҳрирдаги Конституция­мизнинг партия ташаббуси билан яратилган аудио китоблари тўпламини тақдим этди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Бухоро шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилоят минтақавий филиалида бўлиб, тиббиёт ходимлари билан ташкиллаштирилган давра суҳбатида иштирок этди.

Тадбир аввалида тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишилди, сўнгра соҳа вакилларини қийнаб келаётган муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама этилди. Робахон Махмудова учрашув давомида партиямиз электоратининг кўпчилик қисмини ташкил этадиган тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза этиш мавзусига алоҳида тўхталиб, бу борада мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. 

Самимий суҳбат, савол-жавоблар тарзида ўтган тадбир сўнггида Рес­публика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилоят минтақавий филиалида «Адолат» СДПнинг янги бошланғич ташкилоти ташкил этилиб, тиббиёт масканининг 20 нафар саломатлик посбонларига партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди. 

Моҳигул РАҲИМҚУЛОВА, 

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ТОВЛАМАЧИ БЛОГЕР

admin

АҲОЛИГА МАЪМУРИЙ ЖАРИМАЛАРНИ ТЎЛАШДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ҲАМДА СОҲАДА КОРРУПЦИОН ОМИЛЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР : мазмун-моҳияти, зарурати, устувор йўналишлари 

admin