ADOLAT 24

Олтмиш йил аввал қурилган мактаб бугунги кун талабига жавоб берадими?!

Халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам масъулияти ва мажбурияти бор. Уларни виждонан бажарган депутатларгина халқ эъзозига ва ҳурматига сазовор бўлишади. Бу эса сиёсий партия илгари сураётган ғоя­ларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди.

“Адолат” социал-демократик пар­тия­сидан халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига сайланган депутатлар ҳам бугунги куннинг талабларига мос равишда фуқароларга давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг жойларда амалга оширилишини таъминлашда фаоллик кўрсатишмоқда.

Хусусан, партиянинг вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Шопў­лат Шайдуллаев ташаббуси билан жорий йилнинг шу кунига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 9 та, вилоят кенгаши сессиясига 8 та масала киритилди. Бундан ташқари бугунги кунда вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан 4 та масала навбатдаги сессиялар муҳокамасида кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессия­нинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Қолаверса партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида депутатлар томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзо­си Рустам Ҳамраевдан “Маърифат” маҳалласида яшовчи фуқаро Айсара Хўжақулова вилоят Онкологик касаллик­ларни даволаш диспансерида айрим дори-дармонларнинг йўқлиги сабабли камёб дориларни топиб беришда амалий ёрдам сўради. Депутат томонидан вилоят Онкологик касаллик­лар диспансери раҳбариятига мурожаат қилиниб, бемор дори-дармонлар билан таъминланиши ва даволаниши учун муддат белгиланди. 

“Маърифат” МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Нуриддин Маматвалиев яшаш манзилида доимий рўйхатда турмаганлиги сабабли оилавий поли­к­линика томонидан назоратга олинмаганлигини, шу борада амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди.

Депутат шаҳардаги 4-оилавий поликлиника билан боғланганидан сўнг фуқаро доимий рўйхатга олиниб, пат­ронаж ҳамширалар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиб бориш белгиланди.

Шўрчи тумани “Бахшитепа” МФЙда яшовчи ногиронлиги бор фуқаро Матлуба Донаева ўткир буйрак етишмовчилиги билан оғриши ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти учун маблағ зарурлигини айтиб мурожаат қилди. Мазкур фуқарога “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам ажратилди.

Шунингдек, депутат Бойсун туманида бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида уларнинг муаммоларини ўрганди.

Депутат 7-сонли 180 ўринга мўлжалланган давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ўрганганида, боғча икки йил олдин фойдаланишга топширилган бўлса-да, иситиш тизимида муаммолар борлиги аниқланди. Боғча қурилиши “Бойсун қурилиш сантехника” МЧЖ томонидан амалга оширилган бўлиб, иситиш тизимида иссик сув айланиши носоз бўлганлиги учун ўтган икки йил қиш мавсумида бино талаб даражасида иситилмаган. Халқ вакили масалага ечим топиш мақсадида “Бойсун қурилиш сантехника” МЧЖга мурожаат қилди ва натижада боғчадаги иситиш тизимидаги муаммолар бартараф этилди.

Депутат мазкур маҳаллада жойлашган 47-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўрганиш олиб борди. Мазкур мактаб ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, ҳозирги вақтда ўқув биноси, эшик-ромлари ҳамда спорт зали таъмирталаб ҳолатда. Ўрганишларда мактаб ўқув биноси пойдеворида ёриқлар пайдо бўлганлиги ва чўкиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Мактабда икки сменада ўқув олиб борилса-да, қўшимча тўгараклар ва машғулотлар ўтказиш имконияти мавжуд эмас. Шунингдек, мактабда фаоллар зали, ошхона таъмирга муҳтож. Синфхоналар етишмаслиги сабабли қўшимча бинога эҳтиёж борлиги юзасидан туман Халқ таълими бўлимига депутатлик сўрови юборилди.

Шунингдек, депутат аҳоли билан бўлган юзма-юз мулоқотларда маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйлар аҳволи билан танишди. Мазкур янги қурилган тураржойларга тумандаги “Шоҳжаҳон бошқарув сервис” МЧЖ томонидан хизмат кўрсатилиши белгиланган бўлиб, ўрганишлар давомида мавжуд тураржой бинолари ташқи фасад қисмларида бўяш ишлари олиб борилмаганлиги, айрим хонадонларга ёмғир сувлари ўтиши қайд этилди. Депутат МЧЖ раҳбари билан боғланиб, мазкур муаммони ҳал қилиб беришни сўради. Бунга жавобан МЧЖ раҳбари тез орада муаммо бартараф этилишини билдирди. Бундан ташқари, тураржой биноси чиқиндихоналари тозаланмаганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги, шунинг­дек, ушбу ҳудудда ичимлик ва оқова сув муаммоси мавжудлиги маълум бўлди. Мазкур муаммони ҳам ҳал қилиш учун депутат туман ҳокимлиги мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровига ижобий жавоб берилиб, туман Ободонлаштириш бўлими томонидан чиқиндилар маҳалла ҳудудидан олиб чиқиб кетилди ва экотозалик қутилари ўрнатилди. Ичимлик суви муаммосини бартараф этиш мақсадида маҳалладаги сув қувурлари янгиланяпти.

Маҳалла ҳудудидаги “Ҳаёт абадий”, “Меҳридарё”, “Нуроний” ва “Шалола” ички кўчалари текширилганда, ушбу кўчалардаги 4 километр ички йўлларга асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмаганлиги маълум бўлди. Депутат аралашуви билан “Йўлқурилиш” корхонаси мутасаддилари ички кўчаларга тош ётқизилиб, асфальтлаш ишлари бош­лаб юборилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдурашид Ортиқов билан учрашувда Шўрчи тумани сайловчилари “Ялти” ва “Элбаён” МФЙдаги носоз ички кўчаларни асфальт қилиш зарурлиги юзасидан мурожаат қилишган эди. Депутат аралашгач, Шўрчи туман “Йўлқурилиш” ДУК маҳалланинг ички кўчаларидан беш километ­рига асфальт ётқизди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоси Шоҳида Холлиева ҳам халқ билан мулоқот қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Узун туманидаги “Деҳқон”, “Чақар”, “Мус­тақилликнинг 22 йиллиги“ МФЙларида бўлиб, сайловчилар билан учрашди.

Учрашув давомида депутат фуқароларга таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ёшларнинг соғлом, бақувват, баркамол бўлиб вояга етиши, ўқиб-ўрганишлари учун яратилган кенг имкониятлар, олий таълимдаги янгиликлар, қишлоқ инфратузилмасидаги ижобий ўзгариш­лар, аҳоли бандлигини таъминлаш учун берилаётган имтиёзли кредитлар ва улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисида тушунчалар берди.

Очиқ ва юзма-юз учрашувлар чоғида 38 нафар фуқародан 42 та мурожаат тушди. Мурожаатлардан 4 таси жойи­­да ҳал қилинди, 6 та мурожаат бўйича вилоят ташкилотлари раҳбарларига депутатлик сўрови юбориладиган бўлди. Қолган мурожаатлар маҳаллаларнинг ўзида ҳал қилинадиган бўлди.

Депутат тумандаги “Кичик Жончекка” қиш­лоғи нуронийлари, хотин-қизлари билан ҳам учрашув ўтказди. Юзма-юз суҳбат чоғида аёлларнинг муаммо ва таклифлари, мурожаатлари тингланди. Маҳалладаги 4 нафар хотин-қизларга даволаниши учун ҳомийлик асосида моддий ёрдам кўрсатилди. 12 нафар хотин-қиз эса туманда фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро келишилган ҳолда иш билан таъминланди. 4 нафар аёлнинг муаммолари юзасидан хуқуқий маслаҳат берилди.

Умуман олганда, партиянинг вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда, электорат манфаатини ҳимоя қилишда зиммаларидаги масъулиятни бажаришмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ОЗАР ДИЁРИДА 

admin

ТУҲМАТГА УНДАГАН ФИРИБГАРЛИК

admin

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига

admin