ADOLAT 24

Мукофот ва эътироф муборак!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида»ги 2024 йил 21 мартдаги фармонига кўра, маҳалла тизимида узоқ йиллардан фаолият юритиб келаётган юртдошларимиз тақдирланди. Улар орасида маҳалла тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган «Адолат» социал-демократик партиясининг фаол аъзолари ҳам борлиги бизни беҳад қувонтирди.

Мамлакатимизда ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, жамиятимизда маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллабай ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш борасидаги меҳнатлари учун Андижон вилоят, Избоскан туманидаги «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли, ташаббускор партия­дошимиз Адибахон Исматова «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

Шунингдек, кўп асрлик анъаналаримизни асраб-авайлаш, халқимиз орасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мус­таҳкамлаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда соҳадаги кўп йиллик самарали фаолияти учун партиямиздан халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши депутати Олжас Исаев Президентимизнинг юқоридаги фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти, Нуробод туманидаги «Аработа» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси сифатида ўзининг фидоийлиги, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишидаги ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришиб келаётган партиядошимиз Гавҳар Исаева «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилди.

Шунингдек, маҳалла тизимидаги кўп йиллик самарали фаолияти, маҳалланинг 

нуфузи ва ролини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва бу 

борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалда татбиқ этишдаги фаоллиги учун бир қатор партиядошларимиз «Адолат» СДП Ғозғон шаҳар кенгаши раиси Одилжон Шарипов ҳамда Избоскан тумани «Бирлашган» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Минаввархон Гулбоевалар «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишонига сазовор бўлдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши жамоаси партиядошларимизни эришган юксак мукофотлари билан самимий муборакбод этиб, келгуси ишларида омад ва зафар ёр бўлишини тилайди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Яшил маконлар кўпаймоқда

admin

Ким айбдор? Томоша кўрсатаётган болаларми ёки?!

admin

…АЛЛО, ДАДА, ҚАЕРДАСИЗ?

admin