ADOLAT 24

Барча ислоҳотлар инсон қадри учун

Мамлакатимизда аҳоли кўнглига йўл топиш, уларга қулай шарт-шароит яратиб бериш ҳамда унумли меҳнат қилишларини таъминлаш борасида янгича ёндашувларга қўл урилмоқда.

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегия­сини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Президент ва ихтисослаштирилган мактаб­ларнинг билимларни баҳолаш тизимини қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасасида жорий қилиб, фанлардаги амалий машғулотлар улушини 60 фоизгача ошириш, 7,5 минг нафар ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатларини қоплаб бериш назарда тутилган.

Шу билан бирга, 6,7 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юрак қон-томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали касаллик­лари хавфини аниқлаш бўйича профилактик кўрикларни ташкил этиш, 10 миллион нафар аҳолини югуриш, футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, миллий ва белбоғли кураш каби спорт турлари бўйича марафон ва мусобақаларни ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш белгиланди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилиш техник воситалари билан таъминлашнинг янги тизими жорий қилинади. Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади. Бу орқали, яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади, уларга қараётган 3 минг киши ўқитилади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб эса пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни белгилашда ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилади.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳаллалардаги аҳоли уларнинг катта қисмидан бехабарлигича қолмоқда. Мисол учун, айни кунда ногиронлиги бор фарзандини парваришлаш нафақасини олиши мумкин бўлган 33 минг ота-она ушбу имтиёздан фойдаланмасдан келмоқда. Эндиликда, ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тизимининг йўлга қўйилиши аҳолида ушбу йўналишдаги барча хизматлардан ўз вақтида фойдаланиш имконини беради.

Қувонарлиси, жорий йил 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштириш тизими жорий этилади. Бунда, энг аввало, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар “ижтимоий карта” тизимига ўтказилади. Ушбу карта орқали транспорт ва коммунал соҳалардаги имтиёзлардан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дас­турида ҳам “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган эзгу тамойилга таянган ҳолда жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятларни яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Давлат дастурида ҳам ушбу йўналишдаги вазифаларнинг белгиланиши, жорий йилда партия дастуридаги чора-тадбирларни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Натижада, аввало фуқароларимизнинг бугун мамлакатда “инсон қадри учун” деган тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳотлардан розилигини ошириш билан бир қаторда, партиямизнинг ўз электорати ва сайловчилар олдида обрўси ортишига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Шу билан бирга, Давлат дастури ва партия Сайловолди дастуридаги вазифалар ижроси биз, партия фаоллари ҳамда депутатлик гуруҳларидан алоҳида масъулиятни талаб қилади. Боиси, эндиликда эскича услуб ва ёндашувлар асосида ишлаб, фуқароларимиз розилигига эришиб бўлмайди. Умумий ёндашувлардан қочган ҳолда ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш зарур. 

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП 

Тошкент шаҳар кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

АДВОКАТУРА ФАОЛИЯТИГА ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Болаларга муносиб туҳфа

admin

Ҳамкорликнинг янги босқичи

admin