Президентимизнинг Оролбўйи регионига бўлган ташрифини Амударё туманидан бошлаши бутун Қорақалпоғистон аҳолисига катта хурсандчилик олиб келди. Сабаби, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда илгари сурган ташаббуси асосида Амударёга қурилган янги кўприкнинг очилиш маросими халқимиз учун ҳақиқий байрамга айланди.
Қорақалпоғистонликлар ва хоразмликлар, юртимизга келган бошқа меҳмонлар ҳам шу кунгача ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келардилар.
Баҳор келиши билан музлар эриб, дарёда сув кўпайса, бу понтон кўприкда муаммо кўпаярди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва шахсан назорати асосида бунёд бўлган янги кўпригимиз қийинчиликларни унутиб, халқимизнинг узоғини яқин қилишга хизмат қиладиган юксак аҳамиятга эга иншоот бўлди.
Энди ушбу кўприк орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилмоқда.
Азалдан бир дарёнинг икки соҳилида дўст, иноқ яшаётган халқларимиз учун янги кўприк, Президентимиз таъкидлаганидек, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўприги ҳисобланади.
Шу ўринда янги кўприкнинг аҳамияти тўғрисида қисқа тўхталиб ўтсак. Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилган.
Янги кўприк ишга тушиши билан йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди.
Натижада кўп минг сонли йўловчиларнинг 2 соат вақти тежалиб, асосийси – дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланди.
Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқариши маълум бўлмоқда. Энг асосийси, ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилиши белгиланган.
Шунингдек, яқин ҳудуддаги Қораўзак конларидан тошлар энди поездларда ташилиши ҳисобига Оролбўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланишига имкон яратмоқда.
Йўл қадрини йўловчи билар деганларидек, йўл, кўприк қуриш ободонликка юз буриш дегани.
Халқимиз «Йўл қурган элда азиз» деб бежиз айтмаган.
Ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик ишларига интилиш туйғуларининг юксалишида ҳам мана шундай йирик лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс.
Қувонарлиси, бугун қурувчиларимизда билим ва салоҳиятнинг, мамлакатимизда эса имкониятнинг кенгайиб бораётганидир.
Ишончимиз комил, янги кўпригимиз мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.