ADOLAT 24

“Фармацевт” ошпаз…

Инсон ҳаёти ва соғлиғига оид фаолият тури билан фақат мутахассислар шуғулланиши керак. Бироқ онда-сонда бўлсада фармацевтика соҳасига бу борада ҳеч қандай билим ва малакага эга бўлмаганлар аралашиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бунга яқинда судда кўрилган бир ишни мисол сифатида келтириш ўринли. 

Гап шундаки, бири ошпаз, иккинчиси МЧЖда катта назоратчи, учинчиси эса омбор мудири бўлиб ишловчилар ўзаро тил бириктириб, дори воситаларини ноқонуний реализация қилиш режасини тузишган. Мақсад даромад топиш бўлган. Учовлон ўтган йил 27 сентябрь куни Юнусобод туманидаги 1-сон болалар юқумли касалликлар шифохонаси олдида белгиланган тартибда сақланмаган, аслида инсон иммунитетини оширишга ҳамда бошқа ҳамроҳ касалликларни даволашда ишлатиладиган, Россия Федерация­сида ишлаб чиқарилган ва республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан расмийлаштирилмаган уч дона дори қутисини 2.100.000 сўмга сотишган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган. Г.Т.нинг кўрсатмаси асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Чилонзор туманидаги уйида яна уч дона шундай дори ашёвий далил сифатида олинган. Улар республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган ”Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализция қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабини қасддан бузишган. Ваҳоланки, республика ҳудудида дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш ва сертификатсиз чакана реализация қилиш тақиқланган.

Қонун ва қарор талабини бузиб, ноқонуний фаолият тури билан шуғулланган Г.Т ва унинг икки шериги суд олдида жавоб берди.

Судланувчилар суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фойда олиш учун қинғир ишга қўл уришганлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдиришди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бирига бир йил синов муддати белгиланди.

Пул топаман, дея “фармацевт”га айланган ошпаз, омбор мудири ва назоратчи бугун афсусда.   

Азимжон ҲАКИМОВ, 

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Иқтидорли ёшлар — юрт келажаги

admin

ҚЎЙҚИРИЛГАН  ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ (иккинчи мақола)

admin