ADOLAT 24

Илм шуъласидан дунё фаровон

“Илмдан бир шуъла дилга тушган он, Шунда билурсанким, илм бепоён!”, деб ёзади Фирдавсий. Дунё чархпалак мисол айланар, замонлар ва даврлар ўзгарар, бироқ илм ҳамиша инсонни кўкка кўтаргувчи, мартабасини улуғлаб, жамиятда керакли ва муносиб ўрин эгаллашда асосий восита бўлиб қолаверади. Ўтмиш зарварақлари бизнинг аждодларимиз, кўҳна тамаддунимиз асрлар оша башариятнинг эътирофи ва эътибори марказида бўлганига шоҳидлик беради. Бугун юртимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар том маънода ўзбек илм-фанини янги босқичга олиб чиқди. Бугун олимликнинг қад­ри ва қиммати ҳар қачонгидан-да юксалиб, янги аҳамият касб этмоқда. “Мард ўғлон” мукофоти, Президент стипендияси ҳамда Эрасмус халқаро стипендияси соҳиби Фахриддин АБДУКАРИМОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди. 

 – Таклифимизни рад қилмасдан, суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур. Келинг, аввало, ўзингиз ҳақингизда гаплашсак. 

– 1992 йил Хоразм вилояти Шовот тумани Катқалъа қишлоғида зиё­ли оилада туғилганман. 1998 йил 36-сон умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига бордим. 2006 йил 49-сон аниқ фанларга ихтисослашган мактаб интернатга ўқишга қабул қилиндим. 2009 йил 11-синфни тугатиб, Урганч Давлат университети физика-математика факультети «Механика» таълим йўналишига давлат гранти асосида ўқишга кирдим ва 2013 йили олий ўқув юртини имтиёзли тамомлаб, шу йилнинг ўзида Урганч Давлат университети «Математика» мутахассислиги магис­тратурасига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. 2015 йилда магистратура босқичини тугатдим. Ҳозирги кунда Хоразм Маъмун академияси таянч докторантурасида таҳсил олмоқдаман ва Урганч Давлат унивeрситeти физика-математика факультетида ўқитувчиман.

– Билишимизча илмий-тадқиқот иши билан шуғуллан­япсиз. Диссертация ишингизнинг бугунги кундаги аҳамияти қандай? 

– Ҳозирги кунда дифференциал тенг­ламалар ва математик физика ихтисослиги бўйича «Мосланган манбали бутун ва каср тартибли хусусий ҳосилали ночизиқли эволюцион тенг­ламаларни интеграллаш» мавзусидаги фалсафа фанлари доктори (Phd) диссертацияси устида илмий тадқиқот ишларини олиб боряпман. Ночизиқли эволюцион тенгламалар фаннинг аниқ соҳаларида муҳим тадбиқларга эга бўлиб, бу йўналишдаги асосий натижалар кўплаб олимлар ишларида келтирилган. Бу ишлардаги тенгламалар модел тенгламалар бўлиб, улар идеал шароитларда келтириб чиқарилган. Яъни, табиий жараёнларда юзага келадиган қўшимча таъсирлар инобатга олинмаган ҳолларда ўрганилган. Бизнинг ишимизнинг асосий мақсади ташқи таъсирларни инобатга олган ҳолда юзага келадиган жараёнларни математик моделлаштириш ва ҳосил бўлган ночизиқли эволюцион тенгламаларнинг солитон ечимларини топишдан иборат. 

Диссертацияда мосланган манбали ночизиқли эволюцион тенгламаларнинг янги аниқ ҳаракатланувчи тўлқин ечимларини функционал ўзгарувчанлик усули ёрдамида аниқладик. Таклиф этилаётган усулнинг бошқа усуллардан асосий афзаллиги шундаки, бу усул ёрдамида ночизиқли эволюцион тенгламаларнинг кўпроқ янги солитон ечимларини олиш мумкин. Илмий ишим натижалари кўплаб амалий масалаларни математик моделлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Илмий изланиш натижалари «Scopus» ва «Web of Science» маълумотлар базаларига индексланувчи жаҳоннинг кўплаб нуфузли илмий журналларида чоп қилинган.

2012-2017 йилларда «Юрак биомеханикаси ва унинг татбиқлари» номли фундаментал грант лойиҳада ва 2017-2019 йилларда «Спектрал усулни мат­рицавий ночизиқли эволюцион тенгламаларни ечишга татбиқлари. Юрак-қон томир тизими биомеханикаси» номли фундаментал грант лойиҳаларда иштирок этдим. 2018 йил «Эрасмус+» халқаро кредит мобиллиги лойиҳаси доирасида Португалиянинг Порту университетида Phd дастури бўйича малака ошириб қайтдим. Илмий фаолиятимда эришган ютуқларим муносиб баҳоланиб, 2014-2015 ўқув йили учун «Табиий фанлар» йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси совриндори бўлдим. 2022 йилда «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирландим. 

– Ижтимоий тармоқларда ҳам фаол экансиз. Айнан илм-фан йўналишида фаолият юритаётган “Publicationuz” каналини очишдан асосий мақсад нима эди? 

– «Publication_uz» канали орқали муаллифларимизга маълумотлар тақдим қилиб келмоқдаман. Каналнинг асосий мақсади – Scopus маълумотлар базасидаги мақола чоп қилиш бепул бўлган журналларга мақолалар тайёрлаш ва чоп қилиш технологияларини ўрганиш, шунингдек, сохта веб-сайтга эга журналларни аниқлаш ва улардан муаллифларимизни ҳимоялаш. Муаллифларимизга янада қулайликлар яратиш ва мақола чоп қилиш соҳасидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, шунингдек, муаллифларимиз ва Scopus маълумотлар базасидаги илмий журналлар орасидаги интеграция жараёнларини янада яхшилаш мақсадида узликсиз равишда ҳар ой онлайн дарслар ва вебинарлар ташкил қилиб, шахсий тажрибаларим билан ўртоқлашиб келаман. 

Зеро, илмий мақолаларни Scopus ёки Web of Science маълумотлар базаларидаги журналларда чоп қилиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Илмий журналлар танлаш ва мақолаларни чоп қилиш ўйлаганимиздек тез ва осон амалга ошадиган жараён эмас. Лекин кўпчилик ҳолларда айрим муаллифларимиз умумий принципларга амал қилмайди ва журналларни текширмасдан мақолаларини сохта ёки клон веб-сайтга эга журналларда чоп қилишмоқда. Индексация сиёсати ва стандартларига кўра, чоп қилинган мақолалар журнал веб-сайтларида эълон қилингандан сўнг бироз вақт ўтгандан кейингина Scopus ёки Web of Science маълумотлар базаларига индексация қилинади. Табиийки, сохта ёки клон веб-сайтга эга журналларда чоп қилинган мақолалар бундан мустасно. 

Муаллифлар соҳадаги базавий билимларга эга эмаслиги сабабли ўзларининг сохта журналлар қурбони бўлганини 1-2 ой, баъзан бир неча йилдан кейингина англаб етишади. Муаллифларимиз нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки илмий жиҳатдан ҳам жуда катта зарар кўради. 

Муаллифлар учун муҳим тав­сия­лар: иложи борича мақола чоп қилиш бепул бўлган Scopus ёки Web of Science маълумотлар базасидаги журналлар билан ҳамкорлик қилинг. Тўғри, вақтдан ютқазишингиз мумкиндир, лекин сиз ҳам илмий, ҳам иқтисодий жиҳатдан кафолатли натижага эришасиз. Шунингдек, иложи борича бир вақтнинг ўзида ҳам Scopus маълумотлар базасига, ҳам Web of Science маълумотлар базасига индексация қиладиган журналларни танлашга ҳаракат қилинг.

– Олимлик – улуғ мақом. “Олим бўлсанг – олам сеники” дейди халқимиз. Чинакам олим бўлиш осон эмасдир. 

– Олимлик жуда юқори мақом ҳисоб­ланади. Илмий соҳада бу даражага эришиш учун инсондан сабр, ўз устида тинимсиз ишлаш ва жуда катта энергия талаб қилинади. Ҳақиқий илм мевали дарахтга ўхшайди. Дарахт серҳосил мева бериши учун вақт ва эътибор керак бўлади. Илм дарахти ҳам бир кун шундай мева берадики, унинг меваси бутун инсоният учун етарли бўлиши мумкин. 

Дунё илм-фани ҳар сонияда ўзгариб, янги илмий янгиликлар кашф қилинмоқда. Халқаро илмий рақобатга бардош бериш учун бугунги кунда олимларимиз кўплаб талаблар ва стандартларга жавоб беришлари керак. Энг аввало, ўз соҳасини жуда чуқур билиши, бир нечта хорижий тилларда эркин мулоқот қила олиши ва ахборот технологияларидан хабардор бўлиши элементар талаблар ҳисобланади. Ҳақиқий олимлик мақомига эришиш учун ҳар биримиз илмни ўзимиз учун ҳаёт-мамот масаласи деб қарашимиз, бутун кучимиз ва эътиборимизни унга йўналтиришимиз керак, деб ҳисоблайман.

– Илм-фан соҳасининг ёш вакили сифатида бугун Янги Ўзбекис­тонда бу тизимга берилаётган эътибор ҳақида нималар дея оласиз? 

– Кейинги йилларда барча соҳалар сингари мамлакатимизда илмий соҳага ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу соҳани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Илмий даражага эга олимларимиз учун алоҳида қўшимча рағбатлантириш тизимлари ишлаб чиқилди. Иқтидорли ёшларимизни хорижнинг нуфузли университетлари ва илмий тадқиқот марказларида малака ошириб қайтиш­лари учун барча харажатлар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилмоқда. Бунинг натижасида илмий соҳада ҳам кўплаб ютуқларга эришдик. Scopus ва Web of Science маълумотлар базаларига индексация қиладиган жаҳоннинг энг нуфузли илмий журналларида илмий мақолалар нашр қилиш кўрсаткичлари кескин кўтарилди. Кейинги 4 йил ичида ўзимнинг 10 та илмий мақолам айнан шундай илмий журналларда чоп қилинди. Халқаро олимлар билан биргаликда илмий семинарлар ташкил қилиб, замонавий фаннинг долзарб муаммоларини биргаликда ўрганмоқдамиз.

 Давлатимиз бизнинг ҳар бир таклифимизга, ҳар бир мурожаатимизга ҳамиша лаббай деб жавоб бериб келмоқда. Ишонч билан айта оламанки, Янги Ўзбекистон ёшлари ҳам ўзларининг амалий натижалари билан лаббай деб жавоб қайтара олишади. Мен тенгдошларимга ишонаман.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. 

Шуниси эътиборлики, ёш олимимизнинг мақсадлари ва олдиндаги режалари оламжаҳон. Шунингдек, у соҳага энди кириб келаётган минг­лаб ўғил-қизларга илм-фан сир-асрорларини ечиш, инсонлар ҳаёти ва турмуш даражасини енгиллаштириш борасида изланишларига кўмак­лашмоқда. Бу фаолият, шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг жадал тараққиётига ҳиссса қўшаётгани билан аҳамиятлидир. 

Илҳомжон Абдусаломов суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

МАРРАЛАРИМИЗ ЖУДА ЮҚОРИ, ХАЛҚИМИЗ БИЗДАН АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР КУТЯПТИ

admin

“Ласетти”га чиқмасмиш…

admin

ХАЛҚАРО ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin