Инсонпарварлик — улуғ сифат. Меҳрибонлик, ўзгаларга яхшилик қилиш юрак ишидир. Бежиз “Яхшиликдан эк дарахт, мева берар ҳамма вақт”, дейишмаган. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев ҳам ана шундай ақидаларга амал қилиб яшайди.
Қ.Нарзуллаев воҳамизда тажрибали қурувчи сифатида танилган. Унинг эл-юрт равнақи, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини замонавий усулда қайта қуриш, меъморчилик ишини тубдан яхшилаш борасида амалга ошириб келаётган хайрли ишлари барчани мамнун этаяпти.
Қўйли Нарзуллаев фидоий, халқпарвар, саховатпеша тадбиркор бўлиш билан бирга, депутат сифатида ҳам аҳоли ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. Унинг бевосита сайъ-ҳаракатлари билан Помуқ шаҳарчаси кундан-кунга обод бўлиб бораётир. Қўйли аканинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли “Барҳаёт” маҳалласида аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратилди. Аҳоли мурожаатлари асосида ички йўллар тартибга келтирилди. Депутат кўмагида Помуқ жоме масжиди таъмирланди. Кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилди. Аҳоли хонадонларига тоза ичимлик суви узлуксиз етиб бориши учун “Сувоқова” корхонаси сув насослари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бундан ташқари, Қўйли аканинг ташаббуси билан 22-умумий ўрта таълим мактаби ва ўнлаб давлат хизматчиларининг уйлари жорий таъмирланган ҳолда замонавий қиёфага келтирилди. Қўйли Нарзуллаев Помуқ шаҳарчасида яшовчи рус миллатига мансуб, ёлғиз нуроний Равил Толачовга шахсий уй-жой қуриб бериб, бир ўксик қалбнинг кўнглини кўтарди.
– Саховат кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан вилоят кенгашига сайланган депутат Қўйли Нарзуллаевнинг менга кўрсатган мурувватидан чексиз миннатдорман, – дейди Помуқ шаҳарчасида истиқомат қилаётган, боқувчиси йўқ, ўзгалар парваришига муҳтож нуроний Равил Толачов. – Ҳиммати баланд депутатимизнинг меҳрибонлиги, саховатпешалигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. У кишининг ўзлари бевосита бош-қош бўлиб, менга икки хонали шинамгина уй қуриб берди. Бир инсоннинг ғамхўрлиги бўлса шунча бўлади-да. Ҳозир ушбу уйда кам-кўстсиз яшаб келаяпман. Инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганимдан фахрланаман.