ADOLAT 24

“АҚЛЛИ ТИББИЁТ” тизими қандай ишлаяпти?

Ўтган 2023 йилнинг декабрь ҳамда жорий йилнинг январь ойларида “Адолат” СДП Сирдарё вилояти кенгаши томонидан партия ходимлари ва жамоатчи вакиллардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, вилоятимизда “Ақлли тиббиёт” тизимининг жорий этилиш ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганишларда ҳудуддаги тиббиёт муассасалари кесимида “Ақлли тиббиёт” тизимининг амалиётга киритилганлик даражаси, жумладан, “Электрон рўйхат”, “Электрон рецепт”, “Электрон анкета” тизимларининг жорий қилинганлик ҳолатига эътибор қаратилди.

Айтиш мумкинки, “Ақлли тиббиёт” тизимида вилоят бўйича кўп­лаб ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг барчасига “medhub” тизими, электрон нав­бат, электрон амбулатор карта жорий этилди. 2023 йил бошидан шу кунга қадар электрон рецепт бўйича амбулатор поликлинкалар томонидан “Д” назоратдаги беморларга жами 1 326 867,0 минг сўмлик 19 990 дона электрон рецепт ёзилган бўлиб, барча харажатлар давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилган.

2023 йил бошидан шу кунга қадар вилоят бирламчи тиббиёт муассасаларида АКТни ривожлантириш рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича молиялаштириш харажатлари 309 миллиард 152 миллион 867 минг сўмни ташкил этди.

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни рақамлаштириш мақсадида IT MED томонида mis2.ssv.uz платформаси яратилган бўлиб, унда ҳудудларда электрон йўлланма олиш тартиби амалга оширилмоқда. Мисол учун, Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан 2018 йилдан буён электрон тизим орқали самарали ишлаб келмоқда. Тумандаги даволанишга муҳтож фуқароларга электрон дастур орқали электрон йўлланмалар тўлиқ тақдим этилмоқда.

Бунинг ижобий томони шундаки, эндиликда имтиёзи бор фуқаролар ўз яшаш ҳудудидаги оилавий поликлиникага мурожаат қилади ва даволаниши зарур деб топилса, “электрон йўлланма” шакллантирилиб, лаборатория таҳлиллари ва бемор имтиёзлари бўйича маълумотлар кўп тармоқли марказий поликлиникага тизим орқали юборилади. Беморларга шакллантирилган йўлланма ва жараёнга оид бошқа маълумотлар электрон платформага киритилган уяли алоқа рақами орқали “SMS” хабарнома шаклида етказилади. Бемор мазкур хабарномани олганидан сўнг оилавий шифокорининг рухсати билан шифохонага ётқизилади.

“Ақлли тиббиёт” тизими барча жараёнларнинг автоматлашуви, шаффоф ва адолатли бўлишига, IT-технологияларининг ҳудудларда кенг жорий этилишига, аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан фойдаланишига янги имкониятлар яратмоқда. Қолаверса, мазкур технологиялар воситасида тиббиёт соҳасига янги мутахассис кадрларнинг кириб келиши янгича ёндашувлар билан ишлаш тизимининг шаклланишига замин яратмоқда. Табиийки, замонавий қурилмалар ва жиҳозларда ишлаш бевосита касалликларни эрта аниқлашга ва тўғри ташхис қўйишга имкон яратади.

“Ақлли тиббиёт” тизимининг амалиётга жорий этилиш ҳолати Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳам атрофлича ўрганилди.

Ҳозирда Гулистон шаҳрига қарашли 1 та марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиника, 3 та ҳудудий бўлимлар бўлиб, уларда “Электрон поликлиника” тизими (id.medhub.uz) ишга туширилган ва амалиётда ўзининг ижобий самарадорлигини кўрсатмоқда. Шаҳар аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Реимбурсация” тизими (касалликлар хуружининг олдини олиш ва дори таъминотини яхшилаш орқали аҳолининг ижтимоий ва моддий ҳимоясини таъминлаш) орқали 11 турдаги дорилар билан бепул таъминланиб келинмоқда.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимларда даволанаётган беморлар учун электрон дастур орқали 066 тиббий шакли тизимли юритилиб келинмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, шаҳардаги 107 537 нафар аҳоли хатловдан ўтказилиб, “Электрон поликлиника” тизимига бириктиришга эришилди.

Қолаверса, мазкур замонавий тизим бўйича Янгиер шаҳри тиббиёт бирлашмасига қарашли 1 та марказий поликлиника ва 1 та оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” тизими ишга туширилиб, ҳозирда ундан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Аммо ютуқларни эътироф этиш билан бир қаторда, ҳали тизим тўлиқ ишлаб кетиши ва бунга аҳолининг кўникиши билан боғлиқ бўлган қатор камчиликлар ҳам бор. Жумладан, электр энергиясидаги тез-тез узилишлар, янги технологиялардан унумли фойдаланиш салоҳиятига эга шифокор кадр­ларнинг етишмаслиги, аҳолининг тиббий маданияти даражаси, соҳадаги ўзгариш­ларга нисбатан эътиборсизлиги каби қатор омиллар эзгу мақсадларни амалга оширишда бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганлиги бу йўналишда кўплаб ишлар қилиниши кераклигини кўрсатиб бермоқда. 

Шу боисдан “Адолат” СДП фаоллари ва партиянинг Сирдарё вилояти кенгаши вакиллари мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ҳамда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини сифат ва самарадорлик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқувчи мазкур эзгу ишларни амалга оширишда янада фаол бўлишни мақсад қилган. Демак, биз ушбу йўналишдаги ўрганишларимизни ва соҳани янада такомиллаштиришга оид таклиф ва ташаббус­ларимизни давом эттирамиз.

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Муҳтож оилаларга ижтимоий ёрдам берилди

admin

Туркия Президенти: Имом Бухорий номидаги мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман

admin

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги дадил қадамлари

admin